Бухорода ўн минг доллар эвазига фуқароларни ишга жойлаштиришни ваъда қилган жиноий гуруҳ пора билан қўлга олинди

Бухорода ўн минг доллар эвазига 4 нафар қариндош фуқароларни номдор компанияга ишга жойлаштиришни ваъда қилган бир гуруҳ шахслар пора устида ушланди. Бу ҳақда «Хабар»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов маълум қилди.
Таъкидланишича, ҳолат вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.
Ҳолатга кўра, Вобкент туманидаги «Кулончи» маҳалласида яшовчи 38 ёшли Ғ.С. 56 ёшли жиноий шериги М.Х. билан ҳеч қаерда ишламай, даромад топиш режасини тузишган. Пухта ўйланган «режа»лари асосида ўзларига таниш бўлган Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида яшовчи, С.М.нинг 4 нафар қариндошини «Enter engineering» компаниясининг «Uz JTL» тармоғида мансабдор танишлари орқали ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилишган. С.М.дан ҳар бир қариндоши учун 2500 долларидан, жами 10000 доллар миқдоридаги пулларни пора тариқасида беришга далолат қилган. Орадан вақт ўтишига қарамай, қариндошларини ишга жойлашиши масаласи муаммоларга сабаб бўлаётган С.М. аввалдан ўзига таниш бўлган икки шахснинг ҳатти-ҳаракатларидан шубҳаланган. Ва бу ҳақида вилоят ИИБга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Зудлик билан Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир уюштирилган. Ғ.С. ҳамда М.Х. келишилган пуллардан 90 000 000 сўмини Бухоро шаҳрининг Ғиждувон кўчасидан ўтувчи йўл ёқасида пора тариқасида олаётган вақтда қўлга олинган. Ҳолат тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ғ.С. ва М.Х.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми «б» банди ва 28-модда (Жиноят иштирокчиларининг турлари), 211-моддаси (Пора бериш) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter