Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Япония адлия вазирликлари ҳамкорлик меморандумини имзолади

Ўзбекистон ва Япония адлия вазирликлари ҳамкорлик меморандумини имзолади

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

13 март куни Токио шаҳрида Ўзбекистон адлия вазирининг биринчи ўринбосари М. Истамов ва Япония адлия вазирининг парламент ўринбосари Х. Кадояма Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Япония Адлия вазирлиги ўртасида ҳуқуқ ва адлия соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Мазкур ҳужжат халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ва меъёрларига мувофиқ икки мамлакат идоралари ўртасидаги ўзаро алоқаларни кенгайтиришга қаратилган.

Меморандум доирасида ҳамкорликдаги тадбирлар, тадқиқотлар ўтказиш, ўзаро алоқа йўналишлари ўрганилишини таъминлаш ва тажриба алмашиш кўзда тутилган.

Шу куни делегация аъзоларининг Парламент Вакиллар палатаси (қуйи палата) депутати, Япония собиқ адлия вазири Й. Камикава билан учрашуви бўлиб ўтди.

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

12 март куни М. Истамов Парламент Маслаҳатчилар палатаси (юқори палата) аъзоси, Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси К. Накаяма билан учрашди.

Эслатиб ўтамиз, 11 март куни мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон делегациясининг ҳамюртларимиз билан учрашуви ташкил этилди. Учрашувдан кўзланган мақсад – республикада амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот бериш, улар билан мунтазам ва очиқ мулоқот ўрнатишдан иборат эди. Ўзбекистон уларга кўмак кўрсатиш ва қўллаб-қувватлашга тайёр экани билдирилди.

Ўзбекистон делегациясининг Японияга ташрифи давом этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг