Жаҳон банки Ўзбекистонга $100 млн ажратади
Ўзбекистоннинг икки жанубий вилоятидаги шаҳарлар «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳаси доирасида ўзларининг муниципал хизматлари ва инфратузилмаларини яхшилашлари мумкин.
Лойиҳанинг ушбу компонентини амалга ошириш учун 100 миллион АҚШ доллар миқдорида қўшимча маблағ ажратиш Жаҳон банки Директорлар Кенгаши томонидан тасдиқланди. Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси уни Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоизда ва 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли кредит шаклида тақдим этади.
Қўшимча молиялаштириш Жаҳон банкининг молиявий кўмаги билан 2019 йилдан буён Бухоро (Когон шаҳри), Наманган (Чортоқ шаҳри), Тошкент (Янгийўл ва Пскент шаҳарлари) вилоятларида амалга оширилаётган лойиҳанинг географик кўламини кенгайтиради.
Лойиҳанинг янги компоненти бўйича тадбирлар Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг алоҳида ўрта шаҳарларини қамраб олади. Мамлакатнинг ушбу қисмидан лойиҳада иштирок этадиган шаҳарларнинг якуний рўйхати вилоят ва шаҳар ижро ҳокимиятлари билан маслаҳатлашувлар тугаганидан сўнг кейинги 6 ой ичида тасдиқланиши режалаштирилган. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари ва имкониятлари ҳисобга олинади.
Ушбу икки вилоятларда лойиҳада иштирок этадиган ўрта шаҳарлар махсус инвестицион ривожланиш дастурларини амалга оширишни молиялаштириш учун маблағ олишади. Уларнинг таркибига шаҳар инфратузилмаси ва тегишли муниципал хизматларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар киради.
Масалан, ушбу дастурлар доирасида қуйидагилар молиялаштирилиши мумкин: сув таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш ва кенгайтириш; электр инфратузилмаси ва кўчаларни ёритиш, автомобиль йўллари, пиёдалар ва жамоат транспорти зоналарини модернизация қилиш; жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш; жамоат жойларини, боғларни, кўчаларни ва уларнинг тегишли инфратузилмасини реконструкция қилиш; тегишли аҳоли пунктлари ҳудудида маданий мерос объектларини сақлаб қолиш бўйича реставрация ишларини олиб бориш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter