Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзмиллийбанк» АЖ: Наманган – бизнес учун катта майдон

Наманган республикамиз ҳудудлари орасида иқтисодий структураси ривожланаётган вилоят сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Аҳоли гавжум, табиатан мўътадил иқлимга эга вилоятда сўнгги йилларда иқтисодий тармоқлар: тадбиркорлик ва кичик бизнес, ишлаб чиқариш ҳамда саноатнинг турли жабҳалари тараққий этмоқда.

«Ўзмиллийбанк»АЖ Матбуот хизмати ташаббуси билан Наманган вилояти бўйлаб ташкил этилган Пресс-турда мазкур молия муассасаси ҳамкорлигида кенгайиб бораётган ҳамда янги иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъектлари фаолияти ўрганилди.

Таъкидлаш жоиз, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш — иқтисодий жабҳадаги ислоҳотлар ва ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар кўлами билан бевосита боғлиқ. Вилоятда хорижий инвестицияларни жалб этиш баробарида, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш жадал ўзлаштирилиб, кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улушини тобора кўпайтириш, экспорт имкониятларини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Бунда йирик ишлаб чиқарувчилар ва кичик бизнес субъектларининг истиқболли лойиҳалари давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, ижроси учун зарур шарт-шароит яратиб берилиши улкан самара бермоқда.

Хусусан, «IDEAL TEKSTIL ORZU» МЧЖ га қарашли корхонаси ҳудуддаги йирик текстил фабрикаларидан бири ҳисобланади. Корхонада маҳсулотлар асосан экспортга йўналтирилган бўлиб, МДҲ ҳамда Италия, Германия давлатларига буюртма асосида маҳсулот жўнатади.

Мавсумга хос текстил маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган цехда айни пайтда 300 га яқин иш ўрни мавжуд.

-Корхонамиз фаолиятини 2018 йилда бошлаган. Ўзмиллийбанк билан ҳамкорлик эса 2024 йилнинг бошида старт олди, -дейди иш юритувчи Абдулазиз Ҳасанов.- Биз банкдан 781 минг АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит олдик. Натижада хорижга 200 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулотларни экспорт қилдик. Ички бозорга эса 2 млрд. сўмдан ортиқ маҳсулотларни чиқардик.

Текстил фабрикасида асосан буюртма асосида маҳсулот тайёрланади. Болалар, катталар учун мўлжалланган мавсумга мос кийимлардан ташқари, турли ташкилотларнинг махсус иш формалари ҳам айнан шу текстил корхонаси ходимларининг меҳнати маҳсулидир.

- Бу цехга ишга кирганимга ҳали кўп бўлмади, - дейди Ойгул Баҳромова. - Аммо шу қисқа вақт давомида жамоамиз иккинчи оиламга айланиб улгурди. Бу ерда иш режими, ходимлар учун шароит, маршрут хизмати жуда яхши йўлга қўйилган. Шу боис ишимиз унумли ва буюртмаларни ўз вақтида бажарамиз.

Корхонанинг тикув бўлими, асосан, хотин-қизлардан иборат. Маҳсулотларни андозага тайёрлаш, бичиш ва дазмоллаш қисмида эса ёш мутахассислар фаолият кўрсатади.

- Бугун текстил маҳсулотларини ишлаб чиқаришда нафақат хориж, шунингдек, маҳаллий бозорда ҳам рақобат кучли. Бунда энг катта ютуқ сифат ҳисобланади. Шу боис жараёнда ишлаб чиқаришни янада такомиллаштириш ҳамда бозорда ўз ўрнимизни мустаҳкамлаш мақсадида ускуна ва техникаларимизни янгилаб, такомиллпааштириб борамиз. Хусусан, бу борада Хитой ҳамда Германия технологияларидан фойдаланамиз, - дейди биз билан суҳбатда Абдулазиз Ҳасанов.

Пресс-турнинг кейинги локацияси жамоат транспортида йўловчи ташиш хизматини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектида давом этди. Тадбиркор Ўзмиллийбанкдан «Брутто шартномаси» асосида 30 та автобус учун 31,5 млрд сўмлик кредит олган. Умумий лойиҳа қиймати эса 45, 1 млрд сўмни ташкил этади.

Ҳозирда мазкур муассасасада йўловчи ташишга мўлжалланган 150 та автобус мавжуд бўлиб, 6 йўналишда хизмат кўрсатади.

- Янги автобусларимиз ишга тушгунга қадар 4 йўналишда фаолият юритардик, энди автобусларимизнинг йўналиши 6 тага етди, - дейди МЧЖ иш бошқарувчиси Маъруфжон Сирожиддинов. - Ишчиларимиз сони эса 70 тага кўпайди. Чунки ҳар бир автобус учун кунига 2 та ҳайдовчи смена асосида йўналишга чиқади. Ҳайдовчиларимиз учун янги автобуснинг афзаллиги салоннинг кенглиги, ўриндиқларнинг кўплиги ҳамда транспорт бошқарувининг замонавий эканлигидир.

Йўналишга чиққан автобуслар йўловчилар учун ҳам жуда қулай. Ҳар қандай мавсум учун совутиш ва иситиш мосламаларининг мавжудлиги, ўриндиқ ва тутқичларнинг етарлилиги ҳамда имконияти чекланганлар учун ҳам махсус пандуслар борлиги жамоат транспорти хизматида янгича имидж яратмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари «Ўзмиллийбанк»АЖнинг молиявий кўмагидан фойдаланиб келаётган мижозлари билан танишувнинг биринчи кунидаги манзиллар шулардан иборат бўлди. Пресс-турнинг иккинчи куни дастуридан вилоятдаги заргарлик йўналишидаги лойиҳалар, мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ҳамда БХМда йўлга қўйилган янги хизматлар ўрин олган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг