Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент Тошкент вилоятига оид йирик лойиҳалар билан танишди

Президент Тошкент вилоятига оид йирик лойиҳалар билан танишди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тошкент вилоятининг тупроғи унумдор, суви мўл. Бундан самарали фойдаланилса, ҳосилдор боғ ва токзорлар барпо этиш, интенсив сабзавотчиликни йўлга қўйиш, одамларнинг бандлигини таъминлаш мумкин.

Ўзбекистон Президентининг жорий йил 10 сентябрдаги «Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида шу борада қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, Тошкент вилоятида 2023 йилда 9 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, 25 сотихдан аҳолига берилади. Бу 60 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлаш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан, мутахассислар иштирокида Тошкент вилоятида фойдаланилмаётган имкониятлар ўрганилди ва қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Йиғилишда ана шу таклифлар ҳақида ахборот берилди. Унга кўра, вилоятда 62 минг гектар ерни фойдаланишга киритиш ҳисоб-китоб қилинган. Уларда яйлов ўсимликлари уруғчилигини йўлга қўйиш, сув кам талаб қиладиган мойли, дуккакли ва озуқа экинлари етиштириш, чорва боқиш мўлжалланган.

Шунингдек, Тошкент вилоятининг ҳар бир тумани мева-сабзавотчилик, картошкачилик, узумчилик каби муайян тармоққа ихтисослаштирилади. Масалан, Оҳангарон, Тошкент, Зангиота, Паркент, Янгийўл, Қибрай туманларида қарийб 5 минг гектарда интенсив усулда сабзавот етиштириш, Бўстонлиқ, Янгийўл, Оҳангарон, Паркент, Бўка, Бекобод, Чиноз, Оққўрғон туманларида 1 минг 300 гектар ерни боғ қилиш, Паркент, Қибрай ва Пискент туманларида 2 минг гектардан зиёд токзор барпо этиш мумкинлиги айтилди. Ўрта Чирчиқ, Тошкент ва Бўстонлиқ туманларида «in-vitro» лабораториялари ташкил этиб, уруғлик картошка етиштириш мўлжалланган. Умуман, мазкур чора-тадбирлар натижасида 24 мингдан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Президентимиз бу чора-тадбирларни маъқуллаб, уларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг