Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳитлернинг Иккинчи жаҳон урушидаги номи чиқмаган иттифоқчилари

Ҳитлернинг Иккинчи жаҳон урушидаги номи чиқмаган иттифоқчилари

Таиланд делегация Япония бош вазири Хидэки Тодзио билан. Токио, 1942 йил.

Фото: «Commons.wikimedia.org»

Кўпчилик Иккинчи жаҳон урушини бир тарафдан Совет иттифоқи, АҚШ, Буюкбритания ва иккинчи тарафдан Германия, Италия, Япония ўртасидаги муҳораба деб ўйлайди. Тарихга қизиқувчиларгина яна бир нечта давлат у ёки бу тарафда туриб урушганини эслай олади.

Аслида эса инсоният тарихидаги энг кенг кўламли муҳорабада ўша пайтда мавжуд бўлган 73 та давлатнинг 62 таси қатнашган, уларда ер шари аҳолисининг 80 фоизидан кўпроғи истиқомат қилар эди.

Гитлер Германияси иттифоқдошлари харитада кўк рангда кўрсатилган.
Фото: «Commons.wikimedia.org»

Қуйида ҳитлерчилар тарафида туриб урушган айрим давлатлар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Тайланд

Тайландга борган сайёҳларнинг кўпчилиги Иккинчи жаҳон урушида тайлар антиҳитлер коалициясига қарши давлатлар сафида жанг қилганини билмаса керак.

1940 йилдаёқ Тайланд армияси Франция Ҳиндихитойига ҳужум қилиб, чегарага туташ бир қанча ҳудудларни босиб олган эди. Бу вақтда Европада вермахт томонидан янчиб ташланган французлар ўз мустамлакаларини етарлича ҳимоя қилишга қодир эмас эди.

Мамлакат бош вазири Луанг Плек Пибунсонграм Буюкбритания билан ҳам, Япония билан ҳам музокара олиб борди. 1941 йилнинг декабрида япон қўшини денгиз орқали Тайланд заминига келиб тушди ва қисқа муддатли тўқнашувлардан сўнг Пибунсонграм Япония билан вақтинчалик сулҳ тузди. Ушбу битим натижасида Япония Малайяга ҳужум қилиш учун Тайланд ҳудудидан фойдаланиш имконига эга бўлди. Тайланд ҳукумати 1942 йил 25 январ куни АҚШ ва Буюкбританияга уруш эълон қилди. 1942 йилнинг май ойида тай қўшини япон армияси билан биргаликда Бирманинг шимоли-шарқий ҳудудларини босиб олди, 1943 йил 20 августда эса Япония тўртта шимолий малай ва иккита тан князлигини Тайландга берди.

Мамлакатда япон-тай иттифоқининг мухолифлари кўп эди, 1944 йилнинг июл ойида парламент Пибунсонграмга ишончсизлик билдирди ва у бош вазир лавозимидан кетишга мажбур бўлди.

Тайланднинг янги ҳукумати жанговар ҳаракатларда иштирокини тўхтатиб, антиҳитлер коалицияси билан музокарага киришди. 1946 йил 1 январда тинчлик шартномаси тузилди: унга кўра Тайланд 1941 — 1943-йилларда босиб олган ҳудудларидан воз кечди ва Буюкбританияга контрибуция тўлади.

Словакия

1938 йилги «Мюнхен келишуви» нафақат Судет вилоятининг Учинчи рейхга берилишига, балки 1939 йил 14 март куни мустақил словак давлати тузилишига ҳам олиб келди. Ушбу ҳаракатнинг бошида Адолф Ҳитлер режимини ўз иттифоқчиси деб билган Глинка словак халқ партияси турди. Германиянинг талабига биноан Словакияга мустақиллик берилган эди.

1939 йилнинг сентябрида Словакия армияси Германия билан биргаликда Полшага ҳужум қилди. СССР билан уруш бошлангач Словакия экспедицион корпуси Шарқий фронтга жўнатилди.

Бироқ словак аскар ва офицерлари Ҳитлернинг содиқ иттифоқчилари бўлган деб бўлмайди. Уларнинг бир қисми Қизил армия ёки партизанлар тарафига ўтиб кетди.

1944 йили мамлакатда ҳитлерчиларга қарши миллий қўзғолон кўтарилди. Бироқ вермахт қўзғолонни бостирди, унинг иштирокчиларининг аксарияти ҳалок бўлди, бир қисми фронт чизиғини кесиб ўтиб ҳалокатдан қутулиб қолди.

Қўзғолончилар автоколоннаси. 1944 йилнинг ёзи.
Фото: «Commons.wikimedia.org»

1945 йилнинг баҳорида совет қўшинлари Словакия ҳудудини озод қилди. 1945 йил 8 май куни Словакия  бош вазири Штефан Тисо Кремсмюнстер аббатлигида Словакия республикасининг Иккинчи жаҳон урушида таслим бўлганлиги ҳақидаги ҳужжатни имзолади.

Нацистлар билан ҳамкорлик қилгани учун Тисо 30 йилга кесилиб, турмада вафот этди. Словакия Чехословакия таркибига қайтди ва 1993 йил 1 январдан яна мустақил давлатга айланди.

Ливия

Иккинчи жаҳон урушининг жангу-жадаллари Европа, Осиё, Океанияда бўлиб ўтди, Африка ҳам бундан четда қолгани йўқ.

1911 йилдаёқ Италия қўшини ҳозирги Ливиянинг шимолий ҳудудини босиб олган эди. 1927 йили Киренаика ва Триполитания колониялари тузилди, 1934 йили эса улар (шунингдек Феццан ҳудуди) Ливияга қўшилди.

Маҳаллий аҳоли мустамлакачиларга қарши курашганига қарамай Италия Ливия устидан ҳукмронликни сақлаб қолибгина қолмай, бу ерга италянларни кўчириб келтириш сиёсатини ҳам юргизди. Натижада 1940-йилларнинг бошига келиб улар мамлакат аҳолисининг 12 фоизини ташкил қилар эди.

Иттифоқчилар томонидан вайрон қилинган Ливиядаги итальян аэродроми. 1942 йилнинг декабри.
Фото: «РИА Новости»

1940 йилда Шимолий Африкада жанговар ҳаракатлар бошланди. Италия Ливияда ҳар бири енгил қуролланган 7000 кишидан иборат иккита дивизия тузди. Бу қўшин урушнинг биринчи йилиёқ янчиб ташланди, аммо дивизияларнинг айрим бўлинмалари Африка кампанияси тугугунга қадар Ливиянинг жанубий сарҳадларини қўриқлашда давом этди.

Шимолий Африка ва Ливия ҳудудидаги жанговар ҳаракатлар 1943 йилгача давом этди ва Италия қўшинларининг буткул мағлубияти билан тугади. Ливияни Буюкбритания ва Франция назорат қила бошлади, 1951 йилга келибгина БМТ қарори билан унга мустақиллик берилди.

Андрей Сидорчик
Манба: aif.ru
Ҳасан Карвонли таржимаси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг