Катта панда учун катта ютуқ — бу сизга айиқ эмас...
ХХР экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги вакили Цуй Шухуннинг айтишича, катта панда бундан буён заиф тур сифатида таснифланади. Энди у йўқолиб бораётган тур эмас.
Пандаларнинг ёввойи табиатдаги популяцияси ошиб 1,8 мингтагача етган, бу уларнинг яшаши учун шароитлар яхшиланганини ва Хитой уларни сақлаб қолиш учун етарлича ишлар бажарганини англатади, хабар бермоқда ТАСС.
Хитойлик экологлар охирги марта катта пандаларни 2013 йилда рўйхатга олишганида ёввойи табиат бағрида 1 864 та панда яшаётгани ойдинлашганди. Солиштириш учун: 2003 йили Хитойда бамбук айиқлари (катта пандалар) сони 1596 та эди. Катта пандалар Хитойнинг Сичуань, Шэньси ва Ганьсу вилоятларидаги ўрмонларда яшашади.
Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи 2016 йилда катта пандаларнинг Қизил китобдаги мақомини ўзгартириб, йўқолиб бораётган турдан заиф турга ўтказганди. Ўшанда бунга жавобан Хитой ҳукумати гигант пандаларни йўқолиб бораётган тур мақомидан маҳрум этишга ҳали эрта экани ҳақида баёнот берганди.
Ўзбекистонда ҳам айиқлар бор, ҳозирча... Катта пандадан фарқи, улар ҳануз йўқолиб кетиш хавфи остида. Айрим маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида ёввойи табиат бағрида 250-260 та, баъзи маълумотларга кўра эса, 150 тача Тяньшан айиғи бор. Бу кетишда бу жонивор Қизил китобдан Қора китобга «кўчиши» ҳеч гап эмас. 2019 йилда Чироқчида бир эмас иккита, Наманганда битта қўнғир айиқ ўлдирилди, Бахмал ва Ангренда қопқонга тушган ва тутиб олинган айиқлар табиатга қайтарилганидан кўп ўтмай, Бўстонлиқда «Қизил китоб»га киритилган айиқ Экология қўмитаси рухсати билан россиялик овчи томонидан отиб ўлдирилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter