Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Илҳақ она

Илҳақ она

«Илҳақ» фильмидан эпизод.

«Илҳақ» фильмида қаҳрамон Зулфия ая ролини гавдалантирган Дилором Каримова билан суҳбат.

Уруш – минглаб одамларнинг ёстиғини қуритган офат. Минглаб инсонларни жигарпорасидан, отасидан, ёридан айирган заҳри қотилдир. Уруш талофатлари кириб бормаган, унинг жабру жафосидан зарар кўрмаган хонадон бўлмаса керак. Дунё тарихидаги бу мудҳиш воқеа асрлар давомида кўпчиликка сабоқ бўлиш билан бирга, у қолдирган битмас жароҳатла яраси ҳамон бағримизни тилади. Ана шундай изтироблардан бири урушда беш нафар ўғлидан айрилган Зулфия Зокировадир.

«O‘zbekkino» МА буюртмасига биноан суратга олинган Жаҳонгир Аҳмедов режиссёрлигидаги «Илҳақ» бадиий фильмида бош рол ижрочиси – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, актриса Дилором Каримова билан яратилган образ ҳамда фильм жараёнлари ҳақида суҳбатлашдик.

 – «Илҳақ» бадиий фильмига таклиф қилиниб, унинг сценарийсини ўқиш жараёнида нималарни ҳис қилгансиз?

– «Илҳақ» бадиий фильмига кастингдан ўтиб, сценарийни ўқиётганимда ундаги тимсолларга аҳамият бердим. Ҳаётнинг ўзи тимсолларга тўла. Санъаткор эса уни кўра билиши, англай олиши керак. Бу санъаткорнинг иқтидорини билдиради. Масалан, урушнинг бошланиши тандирда қолиб куйиб қоп-қора бўлган нонлар тимсолида берилган. Бунда урушнинг фалокат, бахтсизлик, фожиалигига ишора қилинмоқда. Ёки тишланган нонлар, олмаларнинг сувда оқиши, унинг тепасида илҳақ, мўлтираб турган она.

Зулфия аянинг эридан қолган белбоғини боғлаши. Бирорта ўғли урушдан қайтмагач, ўша белбоғни катта келини боғлайди. Яна бонг урилиши саҳнаси. Темирдан ишланган катта бонг қишлоққа ҳар гал қора хат келганда гумбирлаб овоз чиқаради. Мана шу оҳанг бутун фильм давомида янграб туради. Асарнинг сўнгги ҳам уруш тугаган, 70-йиллар бўлишига қарамай яна бонг овози билан тугайди.

Сценарийни ўқиш давомида ўша рамз, тимсоллар менга жуда қаттиқ таъсир қилган. Фильмдаги ҳар бир детал бекорга ишланмаганлигига гувоҳ бўласиз. Тимсоллар ўзига хос фикр юритади, томошабинни жиддий ўйлантиради. Масалан, шу охирги бонг уруши ҳанузгача оналарнинг яраланган қалбида бахтсизлик уруш хавфи борлиги ҳақида огоҳлантиради. Мана шундай тимсолларга бой сценарий менга жуда қаттиқ таъсир қилган.

 

– Зулфия Зокирова ҳақида олдин эшитганмисиз? Бу аёл ҳақида қандай тасаввур пайдо бўлди? Бир ўзбек аёли сифатида ундаги жасорат ҳақида нималар деган бўлар эдингиз?

– Зулфия Зокирова ҳақида эшитмагандим. У ҳақида биринчи бўлиб, режиссёрдан эшитдим. Бу аёл билан режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов қишлоқдош бўлган экан. Аёл ҳақида кўп қариндошларидан эшитиб, олдиндан маълумот тўплаб, ўн йил илгари асар ёзиб қўйган экан. Доим буни фильм қилиш фикрида юрар экан.

Юртбошимиз Зулфия Зокирова матонати ҳақида гапиргандан кейин, унинг шарафига ғалаба хиёбонида монумент ўрнатилиш ташаббусидан кейин қораламаларни сценарийга айлантириб, ижодий гуруҳ билан фильм қилишга киришилди. Сценарий бадиий кенгашдан ўтиб, менинг ролим тасдиқлангач, режиссёр Зулфия ая ҳақида батафсил сўзлаб берганди.

Бунда ўзбек аёлининг жасорати мужассам. Аслида бундай аёллар жуда кўп бўлган. Замон ўзгариб, аёлларга нисбатан ҳар хил фикрлар пайдо бўлди. Лекин мен ёшлигимда, аммаларим, бувиларимда ана шундай жасоратни кўрганман. У аёллар бошқача бўлишган. Улар жасорат қиляпман деб яшамаган.

Ҳозирги кунимизга таққосласак, уларнинг бор ҳаёти жасоратдан иборат бўлган экан. Улар ниҳоятда вафодор бўлишган. Ўз оиласига, турмуш ўртоғига, фарзандларига ва албатта, туғилган ватанига, юртига садоқат билан хизмат қилган. Зулфия ая келинларига «Мен сизлардан розиман. Яхши инсон бўлса, бошқа билан турмуш қуришларинг мумкин», деганида келинлари бунга рози бўлишмаган. Улар миллат қадриятларини ардоқлаган аёллар бўлган. Улар жасорат қиляпмиз деб ўйлашмаган. Бу уларнинг яшаш тарзига айланган. Худди шундай Зулфия ая ҳам ўша аёлларнинг бири ҳисобланади.

Аллоҳ бандаларига сабрига қараб синовлар юборар экан. Бу аёлда шу қадар сабр-бардош, шу қадар ирода кучли бўлганки, у бешта фарзанди ўлимини шу қадар матонат, чидам билан қарши олганки, ана шу сабр-бардоши билан фарқ қилади бошқа аёллардан.

– «Илҳақ» фильмидаги она образингиз олдинги ролларингиздан нимаси билан фарқ қилади?

– Фаолиятим давомида бир неча бор она ролларини ўйнаганман. Умуман айтганда, она образи, оналик моҳияти билан бир-бирига жуда ўхшаш. Она ё жиззаки бўлади, ёки жаҳлдор, ёки фарзандларини тушунмайди ёки ўта меҳрибон бўлади. Лекин барибир у ўзини фарзанди учун жон беришга тайёр хилқат. Она шундай вужуд. Фарзандлари учун ҳамма нарсага тайёр, ҳатто, ўлимга ҳам.

«Илҳақ» фильмидаги она образи ҳаётий воқеалиги билан фарқ қилади. Яъни, Зулфия ая ҳаёти воқеавий ҳақиқат. Унинг суратини кўрдим. У ҳақидаги гапларни эшитдим. Унинг ўғиллари суратини кўрдим. У ҳаётийлиги, матонати билан аввалги ролларимдаги она образларидан тубдан фарқ қилади.

– «Илҳақ» фильмида уруш даврида Зулфия ая бошига бирин-кетин фожиалар кела бошлайди. Бу туганмас изтиробларни экранда кетма-кетликда акс эттириш, изтироблар бир-бирига ўхшаб қолмаслиги учун нималарга аҳамият бердингиз?

– Одатда, бирор ролда ўйнашдан олдин унинг характерини чизиб чиқаман. Лекин бу ролда мен шунчаки яшадим. Гўёки, бу воқеалар мени бошимда содир бўлаётгандек, ўша машъум уруш муҳитига тушиб қолгандек таассуротда яшадим. Ҳар битта воқеа инсонга ўз таъсирини ўтқазади. Биринчи шиддат, хурсандчилик билан ёки қувноқлик билан гапириладиган гап бахтсизликдан кейин унинг оҳангида кўз қарашларида унинг юришида ўзгаради. Шунинг учун мана шу сценарийга қараб, унинг ҳаётида бўлаётган ўзгаришларга муносабат билдириб бордим. Ҳар бир изтироб жараёнида унинг бутун ҳолати, овоз оҳанги, кўз қарашлари, юришлари, ҳамма-ҳаммаси ўзгариб боради.

– Фильмда сизни энг таъсирлантирган ва энг қийин кечган эпизод қайси бўлди?

– Фильмда қийин кечган эпизод йўқ-ку, лекин мени жуда таъсирлантирган эпизод бор. Режиссёр билан биринчи шу фильм ҳақида, она образи ҳақида гаплашганимизда менга биринчи суҳбатларида айтган гаплари жуда қаттиқ таъсир қилган эди. Кейин фарзандларидан ҳам эшитдим шу хусусиятларини.

Она ўзининг дардини, азобини беркитиб, ҳеч кимга кўрсатмас экан. Болаларим азоб тортмасин, болаларим ортиқча қийналмасин деб, келинларим атрофдаги одамлар қийналмасин деб, она дардини йиғиб-йиғиб, ҳамма ухлаганда ёки ҳали уйғонмасдан секин чиқиб кетар экан-да, Чирчиқ дарёси бўйига бориб, додлаб-додлаб йиғлаб юрагида йиғилган бутун аламлари азобларни ўша сувга тўкиб-тўкиб келади экан.

Режиссёр фильмни суратга олишдан олдин ушбу воқеани шундай сўзлаб берган эдики, менга жуда қаттиқ таъсир қилганди ва шу эпизодни олиш жараёнида менга ҳеч қанақа тушунтириш, режиссёрнинг кўрсатмасига ҳам ҳожат қолмади. Бу эпизод узоқдан олинган кадр бўлган. Узоқдан юриб келади уйидан чиқиб. Умумий планда олинган кадрда юз-кўзларим кўринмайди. Лекин кўринаманми-кўринмайманми, бу эпизодни шу даражада чуқур ҳис қилиб, шу даражада таъсирланиб ижро этганманки, ўша дарё ёқасига юриб, «Эй, худо», дея Аллоҳга илтижо қилиб, вафот этган ўғилларни исмини айтиб, фарёд қилган жойимда қаттиқ таъсирланганимдан ичимдан қайнаб келаётган она фарёди овозимни бўғиб қўйди.

Ролга астойдил берилиб кетганимдан режиссёр келиб, «Дилором опа нима қиляпсиз? Бўлди, бу эпизод олинди. Буёқда ҳали қанча сёмкалар бор. Унақа қийналмасдан оддийроқ ижро қилсангиз ҳам бўларди», – деди. Шу ерда мен «Бу ролни азобланмасдан, йиғламасдан ижро қилиб бўладими, Жаҳонгир?», – дедим. Кейин унинг таъсиридан анча пайтгача чиқа олмадим. Мана шу саҳна мени энг таъсирлантирган эпизодлардан бири бўлган.  

– «Илҳақ» фильми ғояси сабр-матонат, жасорат ҳақида. Бугунги кунда халқимиз бошига турли бало-офатлар, синовлар тушмоқда. Бундай пайтда халқимизга қандай дил изҳорларингизни билдирган бўлар эдингиз?

–  Бугунги кунда бутун дунёда, юртимизда рўй бераётган ҳодисалар ҳақида телевидениеда, ижтимоий тармоқларда кузатиб бормоқдамиз. Баъзан шунақа мусибат одамларни қандайлигини, инсоний хусусиятларни кўрсатиб беради. Кимни қандайлиги аён бўлади.

Уруш пайтидагига қараганда ҳозир минг марта шароитларимиз яхши. Ўша пайтда уларга жуда қийин бўлган. Ҳамма одамлар ғалаба учун ўз ҳиссасини қўшган. Санъаткорлар фронтларга бориб концертлар беришган. Фронтортидагилар топган тутганини эшелонларга ортиб юборишган. Уруш қаҳрамонлари эса уруш майдонларида жон олиб, жон берган.

Баъзан тўқчилик пайтда одамгарчиликлар йўқолармикан, дея ўйлайман. Бир-бирини дардини англаш йўқолади. Мана шундай синовли кунларда ўзбек миллати, ўзбек халқ кимлигини кўрсатган. Улар бу офатларни енгиш учун биргаликда курашмоқда. Ўзбек миллати ҳар қандай кўргуликка бардошли, ҳар қандай синовни мардонавор енгиб ўта олади. Мен бунга ишонаман. Мен мана шу матонатли, олийжаноб халқнинг фарзанди бўлганимдан ғурурланаман. Шундай меҳридарё-саховатпеша халқим борлигидан фахрланман.

Лобар Хайруллаева суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг