Бухорода зўрланган қиз иши бўйича 4 киши қамоққа олинган. Воқеага дахлдор бошқалар ҳам терговга тортиляпти
Жорий йил 2 май куни Бухоро вилояти Қоракўл туманида содир бўлган вояга етмаган қизнинг зўрланиши билан боғлиқ жиноят иши ортидан 4 киши ҳибсга олинган, воқеага дахлдор яна бир неча кишилар терговга жалб қилинган.
Xabar.uz’га бу ҳақда маълумот берган Бухоро вилояти ИИБдаги расмий тергов сири бўлгани сабабли гумондор ва ишга алоқадор бошқа шахслар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмади.
«Айни пайтда қизни чўлга олиб чиқиб, унга зўравонлик қилганликда гумонланган 3 шахс ҳамда ҳайдовчи ушланиб, қамоқда сақланмоқда. Яна бир нечта шахслар ишга гумонланувчи сифатида жалб этилган. Жиноят иши доирасида судга оид тиббий, биологик, психологик, компьютер-техникавий ҳамда ДНК экспертизалари тайинланган. Барча жараёнлар қонун доирасида, ҳаққоний олиб борилади. Тергов якуни бўйича қонунда белгиланган тартибда айбдорларга нисбатан жазо қўлланади», – дейди вилоят ИИБ матбуот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов.
Мухбиримиз ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суҳроб Бобокалонов билан боғланиб, воқеа содир бўлган Қоракўл туманидаги «Buxoro express» меҳмонхонаси (вояга етмаган қиз унга нисбатан илк зўравонлик мазкур меҳмонхонада содир бўлганлигини айтган) ҳамда ундаги кузатув камералари билан қизиқди.
Бобокалоновнинг маълум қилишича, ҳолат бўйича суриштирилганда, меҳмонхона ходимлари «эсимда йўқ, видео ўчиб кетган» каби иддаоларни қилишган.
«Албатта, биз ҳам суриштирувда давом этамиз ва ҳолат юзасидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда жиддий ҳаракатлар олиб борамиз», – дейди Суҳроб Бобокалонов.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter