Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олийҳиммат рицар, мукофот, жудолик ва аламлар исканжаси

Олийҳиммат рицар, мукофот, жудолик ва аламлар исканжаси

Рабиндранат Тагор – машҳур ҳинд ёзувчиси, шоир, бастакор, мусаввир, жамоат арбоби. Унинг ижодий фаолияти Бенгалия адабиёти ва мусиқасини ўзаро уйғунлаштирган. Тагор европалик бўлмаганлар орасида биринчи бўлиб адабиёт бўйича Нобель мукофоти билан тақдирланган. Унинг асарлари асосида фильмлар ҳам суратга олинган. Жумладан, ўзбек киноусталари томонидан «Ҳалокат» романи асосида тўла метражли бадиий фильм ишланган.

Ўн тўртинчи

1861 йил 6 майда шимолий Калькуттада яшовчи Дебегдранатх Тагор ва Шарад Деви оиласида ўн тўртинчи фарзанд дунёга келди. Унга Рабиндранат деб исм қўйдилар. Болакай оилада кенжа фарзанд бўлиб қолди.

Тагорлар оиласи таниқли эди. Улар йирик заминдор бўлиб, уйларига етук ёзувчилар, мусиқа усталари ва жамоат арбоблари келиб туришарди. Оила бошлиғи брахман – олий табақа, коҳинларга мансуб киши сифатида Ҳиндистоннинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиб турарди.

Рабиндранатнинг катти акаси Движендранатх математик, шоир ҳамда мусиқачи эди. Бошқа акалари Дижендранатх ва Жотириндранатх таниқли фаласуф, шоир ва драматург бўлишган. Тагорларнинг қариндоши Обониндранатх эса замонавий бенгал рассомчилиги мактаби асосчиларидан бирига айланди.

Беш ёшида Рабиндранатни Шарқий семинарияга бердилар, кейин эса оддий мактабга ўтказдилар. Шу боис Тагор мактаб машғулотларидан кўра ўзларининг масканида сайр қилиб юришни ёқтирарди.

Тагор 8 ёшидан шеърлар ёза бошлаган. 1873 йил 14 февралида эса 11 ёшли Тагор Калькуттани тарк этиб, отаси билан бир неча ойлик саёҳатга чиқди. Улар ўзларига тегишли гўша – Шантиникетенда бўлдилар, Амритсарда тўхтадилар. Тарих, арифметика, инглиз ва санскрит тиллари бўйича уйда яхши таълим олган Рабиндранат Калидаси ижоди билан яқиндан танишди. Онаси вафот этганида у ҳали ўсмир эди.

Ажабо, ўн тўртинчи фарзанд айни 14 ёшда волидасидан жудо бўлди.

Ҳуқуқ... керак эмас

Рабиндранат Тагорнинг илк новелла ва драмалари 16 ёшида ёзилган. У шеърий намуналарини Қуёшли Арслон тахаллуси билан чоп эттирарди.

1878 йили Тагор Брайтон (Шарқий Суссекс, Англия)даги жамоат мактабида ўқий бошлади. У Брайтон ва Хоувдан унча узоқ бўлмаган Тагорлар оиласига тегишли уйда турди. Кейинроқ ёнига жиянлари – акаси Сатьендранатхнинг фарзандлари Сурен ва Индира қўшилди. Улар онаси билан бирга келишганди.

«Эсдаликлар»да Тагор шундай деб ёзган: «Биз болалигимизда бенгал тилида ўқиб ўрганганимиз учун ҳам яхши тарбия олгандик... Инглиз тили зарурлигини қанчалик уқтиришмасин, акам бенгалчани етказиш учун қатъий турарди».

Гуманизм, инсонпарварлик ва ватанга муҳаббат руҳида тарбияланган Тагор Ҳиндистон мустақиллигини ёқлаб чиқди.«Вишва Бхарати» университети ва қишлоқ хўжалиги реконструкция институти Тагор томонидан ташкил этилган. Унинг шеърлари бугунги кунда Ҳиндистон ва Бангладешнинг мадҳияси ҳисобланади.

Тагор ижоди лирик шеърлар, эссе, сиёсий ҳамда ижтимоий-сиёсий мавзудаги романларни қамраб олган. Машҳур асарлари – «Гитанжали» («Қурбонлик қўшиқлари»), «Тоғ», «Уй ва дунё» – адабиётдаги лиризм, сўзлашув услуби, натурализм ва ўй-хаёллар намунасидир.

Рабиндранат Лондондаги университет коллежининг ҳуқуқ соҳасида ҳам ўқиди, бироқ адабиётга қизиқиши устунлик қилиб, бу илмгоҳни тарк этди. Бенгалияга ҳеч қандай таълим олмай қайтди. Аммо Англия билан танишув Бенгалия мусиқаси, шеъри ва драмаларини дунёга келтириши, янги тимсоллар яратишига туртки берди. Тагор умри мобайнида Британия томонидан бўладиган танқидларни ҳам, оилавий мустаҳкам анъаналарни ҳам инобатга олмади.

Уйланиш, оилавий тақинчоқлар

1883 йилнинг 9 декабрида Рабиндранат Мриналини Девига уйланди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам брахман-пираллар хонадонига мансуб эди.

Оилада беш нафар фарзанд туғилди: қизлар – Мадхурилата, Ренука, Мира ва ўғиллар – Ратиндранатх ва Саминдранатх. 1890 йили Тагорга Шилайхдаги улкан мулк топширилди. Хотини ва фарзандлари 1898 йили унинг ёнига қўшилдилар.

1890 йили Тагор энг машҳур асарларидан бири – «Маҳбубам тимсоли» достонлар тўпламини чоп эттирди. У заминдор сифатида серҳашам ясси кемада оилавий мулки ҳисобланган масканлар бўйлаб кезар, тўлов йиғар, ўзининг шарафига байрамлар уюштирган қишлоқдошлари билан суҳбат қурарди. Ана шу дамлар Тагорнинг туркум асарлар ёзишига туртки берди. Уч томли «Гальпагуччха»даги саксон тўрт ҳикоянинг ярмидан кўпи шу йилларда яратилди. Мазкур ҳикояларда Бенгалиянинг асосан қишлоқ ҳаёти бадиий истеҳзолар асносида жиддий равишда қаламга олинган. XIX аср охири унинг «Олтин қайиқ» (1894) ва «Лаҳза» (1900) қўшиқлар тўплами ва назми билан тарихда қолди.

1901 йили Тагор Шилайдага қайтди ва Шантиникетанга кўчиб ўтди. У ерда ашрамга асос солди. Ашрам махсус тажриба мактаби, мармар полли ибодат хонаси, боғлар, дарахтзор ва кутубхонани ўз ичига олганди.

1902 йили хотини вафот этган Тагор айрилиқни чуқур ҳис қилди. Бир йил муқаддам у рафиқаси билан Калькуттадаги масканлардан бирида қашшоқ болалар учун махсус мактаб очган эди. Бу илмгоҳ каттагина харажат талаб қилган. Тагорнинг асарлари учун олган қалам ҳақи етмагани боис, Мриналини хоним ўзининг тақинчоқларини сотиб, пулини мактаб очилишига топширган эди.

Афсуски, адибнинг жудолиги фақат шу билан тугамаган. 1903 йили Тагорнинг қизларидан бири сил касали билан ҳаётдан кўз юмди. 1905 йили эса Тагор отасидан айрилди. 1907 йили шоирнинг кичкина ўғли вабо туфайли вафот этди.

Бу йиллар давомида Тагор ўзига тегишли меросдан, қўшимча равишда Трипур махарожасидан, шунингдек, оилавий тақинчоқлар сотувидан ҳар ойда маълум миқдорда тўлов ва даромад олиб турган.

Муссолини билан учрашув

Ижтимоий ҳаёт ёзувчи диққат-эътиборидан четда қолмади. Таниқли ҳинд инқилобчиси Тилак мустамлакачи ҳукумат томонидан ҳисбга олингач, Тагор унинг ҳимояси учун оёққа қалқди ва маҳбусга ёрдам бериш мақсадида маблағ йиғишни ташкиллаштирди. Бенгалияни ажратиб юбориш ҳақидаги Керзон акти кучли норозликка сабаб бўлди, бу асосий раҳбарларидан бири Тагор ҳисобланган «Свадеши» ҳаракатида ўз аксини топди. Айни шу дамларда унинг ватанпарварлик руҳидаги «Олтин Бенгалия» ва «Бенгалия замини» қўшиқлари ёзилди.

Акт кучга кирадиган куни эса Тагор томонидан Ракхи-бондхон – Бенгалия бирлиги рамзини ифодаловчи боғичлар алмаштирилиши бўлиб, унда ҳиндлар ва мусулмонлар иштирок этди. Бироқ «Свадеши» инқилобий курашга бел боғлаганида Тагор бу ҳаракатдан четга чиқди. У ижтимоий ўзгаришлар халқни маърифатли қилиш, кўнгилли ташкилотларни бунёд этиш ва мамлакат ишлаб чиқаришини кенгайтириш йўли билан рўй бериши керак, деб ҳисобларди.

1910 йили Тагорнинг машҳур тўпламларидан бири «Гитанжали» («Қурбонлик қўшиқлари») нашр этилди. Шундан сўнг узоқ саёҳатга чиқди. 1912 йили Европа, АҚШ, Лондон, Россия, Япония ва Хитойда бўлди. 1916 йил 3 майдан 1917 йил апрелигача Америка ва Японияда маърузалар ўқиб, миллатчиликни танқид қилди. Унинг «Ҳиндистондаги миллатчилик» эссеси танқид билан бирга пацифистлар, жумладан, Ромен Роллан томонидан мақтовларга ҳам сазовор бўлди (пацифизм – ҳар қандай урушлар, жумладан, миллий-озодлик урушларига ҳам қарши чиқадиган, тинчликни пассив равишда тарғиб қиладиган кишилар ҳаракати).

Ҳиндистонга қайтган 63 ёшли Тагор Перу ҳукумати юборган таклифни қабул қилди. Кейин эса Мексикага ташриф буюрди. Ҳар икки давлат ҳукуматлари адиб келиши шарафига унинг Шантиникетандаги мактаби учун 100.000 доллар миқдорида кредит беришди.

1924 йил 6 ноябрда Буэнос-Айрес (Аргентина)га ташриф буюрган Тагор бир ҳафтадан сўнг оғриб қолди ва Виктория Окампо таклифига кўра, Миральрил вилласига жойлашди. Ҳиндистонга бир йилдан сўнг январда қайтди. Тагор 1926 йилнинг 30 майида Италиянинг Неаполь шаҳрида бўлди. 1 апрель куни Римда Бенито Муссолини билан суҳбатлашди. Уларнинг илиқ муносабатлари ўша йилнинг 20 июль куни Тагорнинг аёвсиз танқиди билан якун топди.

Умуман айтганда, 1878 ва 1932 йиллар оралиғида Тагор бешта қитъадаги ўттизга яқин мамлакатга ташриф буюрган. Бу эса бошқа давлатларнинг Тагор ижоди билан танишишига имконият яратди.

Мукофотлар шодаси

Тагор Лондонга борганида инглиз тилига ўзи мустақил таржима қилган шеърларини дўсти, британиялик рассом Уильям Ротенштейнга кўрсатган эди. Бу асарлар мусаввирда катта таассурот қолдирди. Ротенштейн, Эзра Паунд, Уильям Йейтс ва бошқалар кўмагида «Ҳинд жамияти» 1913 йили Тагор мутаржимлигидаги 103 та шеърни эълон қилди.

Ўша йилнинг 14 ноябрида Тагор адабиёт соҳасида Нобель мукофоти билан тақдирланди. У Осиёда биринчи бўлиб мазкур нуфузли мукофот совриндори бўлди. Швеция академияси томонидан «Гитанжали»нинг бир қисми ҳамда бошқа асарлар таржимасидаги идеализм руҳи, жозибали ифодалар юксак баҳоланди. Акдемия вакили Харальд Йерне сўзларига кўра, Нобель қўмитаси аъзоларида, айниқса «Қурбонлик қўшиқлари» катта таассурот қолдирган. Йерне, шунингдек, Тагорнинг назмий ва насрий бошқа асарларини тилга олган.

Нобель мукофоти пуллари Тагор томонидан Шантиникетан мактабига хайрия қилинди. Шу тарзда мазкур илмгоҳ ёшларга бепул таълим берувчи университетга айланди.

1915 йили Тагорга рицар унвони тақдим этилди. Бу нуфузли тақдирланиш эди. Бироқ 1919 йили Амритсарда тинч аҳоли ўққа тутилгач, шоир бу унвондан воз кечди.

Орадан икки йил ўтгач, Тагор дўсти, инглиз агрономи ва иқтисодчиси Леонард Элмхерст билан Шантиникетандан олис бўлмаган Сурулда қишлоқ хўжалигини реконструкция қилиш институтини таъсис этди. Маърифат йўли билан «қишлоқни ночорлик ва жаҳолатдан халос этиш учун» Тагорнинг бутун дунё бўйлаб ҳомийлар қидиришига тўғри келди.

Микель Морамарко айтишича, 1924 йили Шотландия олий кенгаши Тагорни нуфузли фахрий ёрлиқ билан мукофотлаган. Унга кўра, Тагор Англияда бўлганида масонлик ташкилотининг аъзоси сифатида кўплаб имтиёзлардан фойдаланиши мумкин эди.

Аччиқ кўз ёшлар

1930-йилларнинг бошида у каста тизими ва «тегиниш мумкин бўлмаган» кишилар муаммосига жамоатчилик эътиборини қаратди. Тагорнинг саъй-ҳаракатлари зое кетмади. У оммавий маърузалар ўқиш ҳамда ижодий фаолияти мобайнида бундай одамларнинг Гуруваюрдаги Кришна ибодатхоналарига келишлари учун рухсат олишга эришди.

Тагор узоқ саёҳатлари натижасида инсонни ботинан билиш кераклигига амин бўлди. 1932 йили Ироқ саҳросида бадавийлар лагерида бўлганида унга ҳукмдор шундай мурожаат қилди: «Бизнинг Пайғамбаримиз айтганларки, сўзлари ва хатти-ҳаракатларидан битта ҳам инсон азият чекмайдиган одам ҳақиқий мусулмондир».

Кейинроқ Тагор ўзининг кундалигида қуйидаги жумлани қайд этди: «Мен унинг сўзларида ботиний инсонпарварликни англай бошладим».

Тагор эътиқоди мустаҳкам динларни ўрганди ва 1934 йил 15 январда Бихардаги зилзила туфайли минглаб одамларнинг ўлишини касталар камситилгани учун юқоридан берилган жазо деган Гандидан ўпкалади.

У Калькуттада қашшоқлик кенг тарқалгани, Бенгалия ижтимоий-иқтисодий инқирозга юз бургани боис аччиқ кўз ёши тўкди, бу жараёнлар хусусида ўзининг қофиясиз достонида минг мисра ёзди. Мазкур асар асосида Сатьяжит Рей фильм ҳам суратга олган.

Тагор томонидан ўн беш томдан иборат яна кўплаб асарлар яратилди. Улар орасида «Яна» (1932), «Сўнгги октава» (1935) ва «Япроқлар» (1936) насрдаги назмий асарлардир. Тагор тажриба тариқасида «Читрангада» (1914), «Шьяма» (1939) ва «Чандалика» (1938) номли насрий қўшиқлар, шунингдек, рақс-пьесалар ҳам ёзди. Унинг «Дуи Бон» (1933), «Маланча» (1934) ва «Тўрт қисм» романлари янада машҳур бўлди.

Сўнгги нафас

Умрининг ниҳояларида ёзувчини илм-фан қизиқтирди. У «Бизнинг коинот» эсселар тўпламини чоп эттирди. Биология, физика ва астрономиядаги изланишлари кенг натурализмни ўзида жо этган, илм-фан қонунларига ҳурматини ифодалаган шеърларида акс этди. Тагор илмий жараёнда қатнашиб, олимлар ҳақида ҳикоялар ҳам ёзди.

Охирги тўрт йил мобайнида Тагор сурункали оғриқлар ва узоқ давом этган икки касалликни бошдан кечирди. Бу 1937 йили адиб ҳушидан кетиб, ҳаёт ва ўлим оралиғида анча вақт кома ҳолатида ётганида юз берди. Соғайиб кетганидан сўнг, 1940 йилнинг охирида мазкур  жараён яна такрорланди.

Ҳинд математиги, профессор П.Ч.Махалонбис эслашича, Тагор нацистлар Германияси ва Россия ўртасидаги урушдан қаттиқ ташвишга тушган, фронтдаги ахборот билан қизиққан, умри шомида эса фашистлар устидан ғалаба қозонилишига қатъий ишонишини таъкидлаган. Шоирнинг ўша пайтда ёзган моҳирона шеърларида ўлимдан ташвишлангани ҳам акс этган.

1941 йили саксон ёшни тўлдирган куни Тагор Шантиникетанда «Тамаддун инқирози» номли маърузасини ўқиди. 25 июль куни уни оғир аҳволда Калькуттага олиб келишди.

Рабиндранат Тагор узоқ муддатли касалликдан сўнг 1941 йилнинг 7 август куни Жорасанко масканида ҳаётдан кўз юмди. Уни сўнгги марта тирик кўрган киши шоир тилидан достонини ёзиб олаётган Амия Кумар Сен ҳисобланади. Кейинроқ Кумар Сеннинг ушбу қораламаси Калькуттадаги музейга топширилди.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг