Лазейкашунослардан халққа қарши навбатдаги қадам
Савдо-саноат палатаси номли қоғозда нодавлат, лекин амалда давлат функцияларини бажарувчи ҳамда маълум тоифа тадбиркорларни ўз хоҳиш-истакларига қарши МАЖБУРИЙ аъзо қилувчи ташкилот «Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги қонунга ўзгариш киритиш тўғрисидаги лойиҳани муҳокамага қўйибди.
Хусусан, унинг 17-моддасидаги «хусусий тадбиркорлар учун аъзолик ихтиёрий» деган бандни чиқариб ташлашни таклиф қилишмоқда, яъни хусусий тадбиркорларни ҳам ўзларига мажбуран аъзо қилиш истагида.
Буни қуйидагича изоҳлашибди:
«ЎзР Савдо-саноат палатаси тўғриси-да»ги қонун (янги таҳрири) қабул қилинганидан кейин Палата аъзолигига йирик корхоналарни жалб қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келди. 827 тадан ортиқ мурожаатлар келиб тушди, уларда йирик корхоналар ҳам хусусий тадбиркорлик субъектлари эканлигини рўкач қилиб, мажбурий аъзолик шартномасини тузишдан бош тортганликлари билдирилган.
Бу муаммонинг амалиётда келиб чиқишига «хусусий тадбиркорлик» тушунчасига қонунчиликда аниқ тушунча берилмаганлиги ҳамда амалдаги қонунчиликдаги тадбиркорлик субъектларининг турлари таснифида тадбиркорлик бундай тури кўрсатилмаганлиги сабаб бўлган.
Хусусан, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасига кўра, кичик тадбиркорлик субъектлари қуйидагилардир:
1) якка тартибдаги тадбиркорлар;
2) микрофирмалар;
3) кичик корхоналар.
Таклиф этилаётган таҳрирда фақатгина қонунда белгиланган мезонларга жавоб берадиган кичик бизнес субъектлари Палатага ихтиёрий равишда аъзо бўлишади, қолганлар учун эса мажбурий аъзолик жорий этилади».
Бу нима дегани? Уларнинг важ-карсонини халқ тилига таржима қилиб тушунтираман:
«Биз бу қонунни ишлаб чиқиб, қабул қилаётганимизда бошқа қонунларни яхши ўрганмаган эканмиз, шу сабабли қонунимизда кўплаб камчилик ва тушунмовчиликлар қолиб кетибди. Халқ, яъни хусусий тадбиркорлар эса мана шу хатоларимиздан ўз манфаати учун унумли фойдаланмоқда. Бошқача айтганда, бизнинг чала ишлаб чиққан қонунимиз халққа фойдали бўлиб қоляпти. Шу сабабли биз ушбу лазейкани тезда ёпишимиз ва халқни янада оғирроқ аҳволга соладиган қилиб ўзгартиришимиз керак. Токи хусусий тадбиркорлар ортиқча баҳона қила олмасин ва ўзлари пешона тери билан ишлаб топган пулларини бизга мажбуран қуртдай қилиб санаб топширсин.
Гапнинг пўст калласини айтганда, ушбу қонун лойиҳаси билан тадбиркорнинг шахсий пулларини мажбурий аъзолик учун тортиб олишдаги муаммоларимизни ҳал қилмоқчимиз».
Мана шунақа гаплар.
Псевдонодавлат ташкилотларга мажбурий аъзолик Конституцияга зидлиги ҳақида керакли жойда, керакли инсонга саволимни бериб бўлганман, кўргандирсиз. Бу ҳақда каналимда бир неча марта ёзганман ҳам. Бу солиқнинг бир тури. Яъни тадбиркор ва фермерларга қайсидир ташкилотга МАЖБУРЛАБ аъзо қилиш ортидан, уларнинг пулларини тортиб олиш ҳам аслида уларга солиқ солишдир. Аммо ҳали бери бу қоида ўзгармаса керак, мана, ҳаттоки янада оғирлаштиришмоқчи.
Савдо-саноат палатасидагиларнинг виждони бўлса, биттагина саволимга жавоб беришсин, илтимос:
Дунёда 200 дан ортиқ давлатлар бор, уларнинг деярли барчасида тадбиркорлар уюшмалари бор. Мана шу 200 дан ортиқ давлатларнинг нечтасида тадбиркорлар мажбурлаб Савдо-саноат палатасига аъзо қилинади? Сонини айта оласизларми? Учтами, бештами, ўнтами, элликтами, юзтами, нечта давлатда шунақа тажриба бор? Яъни Ўзбекистон бутун дунёда кенг тарқалган амалиётни қўлладими ёки 2-3 та давлат қилиб кўрган йўлдан юрдими?
Нима учун доим биз халқдан олишга келганда камчилик давлатлар қилган ислоҳотларни ўзлаштирамизу, халққа беришга келганда бутун дунё қилаётган ислоҳотларни қўлламаймиз?
Савдо-саноат палатасидан саволимга жавоб кутиб қоламан.
P.S.: айтганча, қонун лойиҳаси муҳокамаси 28 январга қадар давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter