Анъанавий «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди

Китобхонлик – бу фақат маълумот, билим олиш эмас, балки ҳис этиш, англаш ва мулоҳаза юритиш маданиятидир. Ана шу билим ва маърифат байрамини муносиб нишонлаш мақсадида жорий йилнинг 21–27 апрель кунлари Ахборот ва коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан «Ўзбекистон – китобхонлар юрти» шиори остида анъанавий V Республика «Китобхонлик ҳафталиги» ўтказилмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида АОКА директори Асаджон Ходжаев мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Хусусан, нашриёт ва матбаа корхоналарининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш, фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом этмоқда. Яъни 60 дан ортиқ вилоят, туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказларида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган, 18 та янги ахборот-кутубхона маркази қурилган.
«Asaxiy.uz» интернет дўкони асосчиси ва раҳбари, тадбиркор Фируз Аллаев китоб соҳасидаги ривожланиш ҳақида қуйидагича фикр билдирди:
«Ҳар қандай соҳанинг ривожи учун, аввало, унга тўсиқ бўлмаслик, иккинчидан эса уни қўллаб-қувватлаш керак. Масалан, 2018 йилдан буён нашриётлар фаолияти учун лицензия талаб этилмайди. Бу – олдинлари муаммоли масала эди. Бизнинг нашриётимиз томонидан ўтган йили 5 миллион 500 мингдан ортиқ китоб сотилган ва биз юртимизда лидер нашриётлардан эканлигимизни фахр билан айта оламан. 7-8 йил олдин чўлнинг ўртасига ёки тоғнинг тепасида интернет орқали китоб буюртма қилиб, 48 соат ичида олиш мумкин деб тасаввур қилиш қийин эди. Ҳозир эса бу амалиёт одатий ҳолга айланди.
Китобхонликнинг ўсиши учун икки муҳим омил бор: биринчиси – сўз эркинлиги. Яъни жамиятда эркин фикрлаш муҳити бўлса, одамлар сериал кўриб вақт ўтказмай, ҳаёт ҳақида ўйлай бошлайди, савол беради, подкаст тинглайди, ҳужжатли фильмлар кўради ва китоб ўқишга интилади. Иккинчиси – иқтисодий фаровонлик. Агар билимли инсонлар яхши даромад қилиб, ўз касбини юксалтирса, аҳолида ҳам таълимга бўлган қизиқиш ортиб боради. Ота-оналар болаларини қўшимча тўгарак ва дарсларга, хусусий мактабларга етаклаб бораяпти, бу – мамлакатда таълимга бўлган умумий талаб ошганини кўрсатади».
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева китобхонлик ва кутубхона фаолияти давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади:
«Биз фаолиятимиз давомида бунга амалда гувоҳ бўлмоқдамиз. Кутубхона – бу фақат китоб эмас, балки инсонлар билан боғлиқ маскан. Кутубхона, китобхон ва аҳоли учлиги, шунингдек, ноширлар билан яқин ҳамкорликда иш олиб борамиз. Айни пайтда мамлакатимизда ҳар йили 11,6 минг номдаги китоб нашр этиляпти, нашриётлар сони эса 3,5 баробарга ортиб, бугунги кунда 600 га яқинлашган.
«Китобхонлик ҳафталиги» доирасида мингдан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилади. Турли вазирлик ва идоралар, олимлар, ёзувчилар, маънавият арбоблари китобхонлар билан учрашади. Бу тадбирлар, юртбошимиз таъкидлаганидек, миллатнинг китобга бўлган муҳаббати ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга катта ҳисса қўшади.»
Ҳафталик доирасида Тошкентдаги «Dream Park» истироҳат боғида, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар марказлари ва туманларидаги маданият ва истироҳат боғлари, ахборот-кутубхона марказларида «Ноширдан – китобхонга» тамойили асосида китоб ярмаркалари ўтказилади.
Б.Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter