Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШдаги ватандош: «Орол бўйи, миграция ва Америкада биринчи рақамли мактаб»

АҚШдаги ватандош: «Орол бўйи, миграция ва Америкада биринчи рақамли мактаб»

«Хориждаги ватандошлар»нинг навбатдаги қаҳрамони АҚШдаги Syracuse University’да илмий тадқиқот олиб бораётган ҳамюртимиз Саидакбар Асқаров бўлди.

Ватандошимиз Сурхондарё вилоятида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини бакалавр, Буюк Британиядаги Манчестер университетининг магистратура, Япониянинг Миллий сиёсий тадқиқотлар илмий институтида иккинчи магистратурани тамомлаган.

Кўп миллатли муҳит ёдимга келади

Сурхондарё вилояти Музработ туманида туғилганман. Мактабни ушбу туман марказидаги 33-ўрта таълим мактабида бошлаганман ва кейинчалик 11-ихтисослаштирилган мактабни (лицей) тамомлаганман. Лицейимизда менинг йўналишим инглиз тилига ихтисослаштирилган эди.

Болаликни эсласам кўп миллатли муҳит ёдимга келади. Яъни, бизнинг мактабимиз ва атрофимда жуда кўп миллат вакиллари, жумладан этник тожиклар, руслар, ҳаттоки немис миллатига мансуб дўстларим бўлган. Шундан бўлса керак, ёшлигимдан чет тилларига қизиқиш юқори эди.

Баъзилар ҳозиргача қишлоқ ҳаётида улғайганим учун болалигим жуда кўп меҳнатда ўтган бўлса керак, деб сўрашади. Тўғрисини айтсам, атрофимдаги болаларга солиштирса, жисмоний меҳнат масаласида унча уқувим бўлмаган. Шу сабабданми ота-онам менга далада ишлашдан кўра таълим олишимга кўпроқ имконият қилиб беришган.

Таржимон бўлишни ният қилганман

Юқорида айтганимдек, лицейни инглиз тили йўналишида тамомлаганман. Шундан сўнг инглиз тили бўйича таржимон бўлишни ният қилдим. Мактабни битирган йилим Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ҳужжат топширдим ва қабул қилиндим. Лекин, ушбу олийгоҳда ўша пайтлар таълим олиш ҳавас қиларли даражада эмас эди.

Шунда танишларимдан Ўзбекистондаги бошқа қайси олийгоҳда таълим олиш яхши эканлигини суриштирдим. Кўпчилик Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тавсия қилишди. Очиғини айтсам ушбу олийгоҳни йўналишига эмас, балки таълим сифати учун танлаганман. Кутганимдек ушбу олийгоҳда таълим олиш Жаҳон тиллари университетидан анча фарқ қиларди. Ўқитувчилар, шу жумладан талабалар савияси анча юқори эди. Энг асосийси университетда коррупция ҳолатлари, хусусан пул бериб сессия ёпишлар деярли йўқ эди. Ҳар ҳолда менда шунақа бўлган. Шунингдек олийгоҳ бошқалардан яна бир жиҳати билан фарқ қиларди. Ўша пайтлар чет элда ўқишимни давом эттираман, дея оладиган талабаларни бошқа олийгоҳларда камдан-кам учратар эдингиз. Бу ерда эса умуман бошқача муҳит, яъни талабалар илк йиллардан чет тили сертификатига тайёргарлик кўришар ва талабаликнинг охирги йиллари хорижий университетларга ҳужжат топширишни бошлашар эди. Ушбу жараёнларга илгари битириб кетган чет элдаги талабалар ёрдам беришарди.

Камчиликларига келадиган бўлсак университетимиз ҳам бошқа олий таълим муассасалари каби Олий таълим вазирлиги ишлаб чиққан стандартлар асосида дарсларни ташкил қиларди. Бу эса кўпчилик талабаларга маъқул бўлмаган. Жумладан, мутахассисликка тааллуқли бўлмаган фанларнинг жуда кўплиги ва мажбурийлиги. Шунингдек, «мутахассислик» фанларининг ўзи ҳам қанчалик мутахассисликка алоқадор эди, бу ҳам муҳокамали масала бўлган.

«Chevening scholarship» дастури молиялаштирган

Университетда ўқиб юрган йилларим кўплаб ташкилотларда, жумладан Олий хўжалик суди, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, UNDP лойиҳаларида мутахассислигим бўйича амалиёт ўтаганман. Мазкур амалиётлардан мақсад ўзимга ёқадиган соҳани топиш ва танлаш эди. Ушбу ташкилотлардаги тажрибам менда ҳали етарли билим йўқ эканлигини кўрсатди. Шундан сўнг бир қанча хорижий университетларга ҳужжат топширишни бошладим. Бакалавр босқичини якунлаганимдан сўнг, бир қанча хорижий таълим муассасаларидан таклиф келиб тушди. Шулардан энг яхшиси деб билганим Манчестер университетини танладим. Таълим муассасасида таҳсил олишим Буюк Британияинг «Chevening scholarship» дастури томонидан молиялаштирилган. Манчестер университети ўша пайтлар дунёнинг энг машҳур 20 та олийгоҳлари рўйхатига кирар эди. Мени энг кўп қизиқтирган ҳолат, ўшанда биз учун янгилик бўлган, фанларнинг хилма-хиллиги ва уларни ўзингиз қизиқишингиз ҳамда келажакдаги меҳнат фаолиятингизга мос қилиб танлашингиз мумкинлиги бўлган. Ундан ташқари, таълим берувчи профессорларнинг жуда кўпчилиги халқаро даражадаги олимлар, ҳаттоки Нобел мукофоти совриндорлари эди. Тасаввур қилинг, Нобел мукофоти олган профессор сиз билан ҳар ҳафта бирор-бир масалани муҳокама қилса?! Бу жуда ҳам ажойиб ҳиссиёт ва улкан руҳлантириш беради.

Японияда иккинчи магистратурада таҳсил олдим

Англиядан Ўзбекистонга қайтганимдан сўнг, Ташқи ишлар вазирлигида ишлаш учун ҳужжат топширдим. Улар менга ҳозирда бўш иш ўринлари йўқлигини маълум қилишди. Энг қизиғи, бакалаврни битирганимда менга Ташқи ишлар вазирлигида ишлашга таклиф бўлган эди.

Тўғрисини айтиш керак, 8-10 йил олдин негадир чет элда таълим олиб қайтган кадрларга муносабат яхши эмасди. Шундан кейин Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологиялар қўмитасига (ҳозирги Инновацион ривожланиш агентлиги) таклиф қилишди. Ушбу ташкилотга ишга киришимга асосий сабаб ташкилот раҳбари Одилхўжа ака Парпиев бўлган. Сабаби, ушбу инсон ўша пайтдаги раҳбар кадрлардан фарқли, ўзгача фикрловчи ёш кадрларни қўллаб-қувватлар ва доимий мотивация бериб турарди. Улардан жуда миннатдорман.

Ташкилотда бир пайтнинг ўзида Илмий-техника марказида ҳуқуқшунос консультант ҳамда инновацияларни жорий этиш бўлимида мутахассис сифатида меҳнат қилдим. Меҳнат фаолиятим давомида давлат бошқаруви айниқса, давлат бюджети маблағларини тўғри йўналтириш масалалари бўйича билимим етарли эмаслигини тушуниб етдим. Ундан ташқари, давлат ташкилотида беш йилга яқин фаолият юритган эдим, бу эса шахсий ҳаётимда нимадир ўзгариш қилиш кераклигини билдирарди. Шундай қилиб, Япония ҳукуматининг ёш лидерлар учун эълон қилган грант дастури асосида Япониянинг Миллий сиёсий тадқиқотлар илмий институтида Давлат бошқаруви (марказий ҳокимият бошқаруви йўналишида) таълим олиб қайтдим.

Америкада биринчи рақамли мактаб

2021 йилга қадар турли давлат ташкилотларида иш фаолиятимни давом эттирдим. Ҳозир АҚШнинг Syracuse University’да (PhD) илмий иш қиляпман. Ўзи бошидан икки маротаба магистрлик даражаларини олишим ва Фан ва технологиялар қўмитасида турли илмий лойиҳалар билан ишлашим ҳам барчаси мени ушбу йўлга, яъни илмий соҳага олиб кетаётган эди.

Нима учун айнан ушбу олийгоҳни танлаганимнинг сабаблари бир қанча. Шулардан бири мен ҳозир таълим олаётган мактаб, яъни Максвел фуқаролик мактабининг айнан Давлат бошқаруви ва ижтимоий фанлар бўйича Америкада биринчи рақамли мактаб эканлиги. Бу эса сизга ўз-ўзидан илмий иш қилишингиз учун керакли бўлган ресурслар ва имкониятларнинг кўплигини билдиради. Илм қилмоқчи бўлган талаба учун энг асосийси соҳангиз бўйича кучли профессорларнинг мавжудлиги. Бу ерда жуда кўп ўз соҳасининг етакчи профессорлари бор, айниқса, менга ўхшаган тармоқлараро илм қилмоқчи бўлган талабаларга турли соҳа профессорлари билан бир пайтда ишлаш имкони бор. Мисол учун, мен бугунги кунда иқлим ўзгаришининг аҳоли миграциясига таъсирини ўрганяпман. Бунда мен ҳозирда социология, география, антропология ҳамда сисёсий фанлар бўйича мутахассис профессорлар билан иш олиб боряпман. Бу дегани менинг илмий ишим кенг қамровли эмас, балки тор йўналишни ҳар томонлама таҳлил қилишга қаратилган. Ўзбекистонда кўп ҳолларда аксини кўришингиз мумкин, яъни жуда кенг қамровли мавзуни бир фан ёки йўналиш доирасида ўрганишга ҳаракат қилинади.

Илмий ишим доирасида Оролбўйи аҳолисининг иқлим ўзгаришига муносабати ва уларнинг миграция жараёнларига ушбу ўзгаришларнинг таъсирини ўрганяпман. Келаси йил ёзда Оролбўйи аҳолиси, ҳамда маҳаллий ва марказий ҳокимият вакиллари, журналистлар, нодавлат ташкилот вакиллари билан интервью ҳамда саволномалар ўтказишни, шунингдек маҳаллий матбуотнинг ушбу жараёнларга муносабатини дискурсив анализ қилишни режалаштирганман.    

Илмий ишимда иқлим ўзгаришининг аҳоли кўчиши ёки бир жойда муқим қолишда таъсир қиладиган омилларнинг боғлиқлигини статистик ва сифат таҳлиллар орқали кўрсатиб беришга ҳаракат қиламан. Ушбу илмий ишим келажакда иқлим ўзгариши жараёнларида аҳолининг кўчиш билан боғлиқ қарорларини олдиндан таҳлил қилиш ва бу жараёнларга тегишли масъул ташкилотлар аниқ илмий асослар асосида режалар ишлаб чиқиш имконини беради.

Бировларнинг олқишлари учун бўлиб қолди...

«Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайди» деган ибора бежиз айтилмаган деб, ўйлайман. Хориждаги ҳаёт ўзингизни ҳар тарафлама синовдан ўтказиб олиш имконини беради. Шунингдек, турли маданиятлар, ижтимоий ҳаёт тарзи ва иқтисодий имкониятлар ўз-ўзидан сизни таққослашга ундайди. Тўғрисини айтсам, охирги йиллар солиштиришга унчалик иштиёқим ҳам йўқ. Сабаби, афсус билан айтиш керакки ҳозирда аҳолимиз яшаш тарзига эътибор берсангиз на ўзбеклигимизни сақлаб қолдик тўлиғича, на ғарблашдик. Ўзга маданиятларни қабул қилиш ёмон демоқчимасман, аксинча яхши тарафларини олиш ўрнига кўп салбий жиҳатлар жумладан кийинишда, юриш-туришда, ижтимоий ҳаётимизда кўр-кўрона тақлид қилишни бошладик. Айниқса, маданият соҳаси вакиллари жумладан актёрлар, қўшиқчилар, ҳозирда авжига чиққан «вайнерчилар»нинг ғарбона чиқишлари таъбингизни хира қилади.

Алоҳида таъкидлашим керак, Ўзбекистондаги баъзи кишиларнинг дабдабали тўйларию, кошона уйлари ва машиналари аксарият ҳолларда бировларнинг олқишлари учун бўлиб қолди. Чет элда юриб бир нарсани аниқ тушиниб етдим, бу ҳам бўлса ғарбдан олишимиз мумкин бўлган нарсалардан энг муҳими бу – ўз имконияти чегарасида ҳаёт кечириш ва оддийлик.

 Келажакдаги иш фаолиятингиз билан боғлиқ бўлиши зарур

Хорижда ўқимоқчи бўлган ёшларга асосий тавсиям, бирор-бир олийгоҳда таълим олмоқчи бўлсангиз авваламбор таълим ва яшаш харажатларингизни ўзингиз қоплашга ҳаракат қилманг. Яъни, ўз ҳисобингиздан хорижда таълим олишга уринманг. Ҳозирда жуда кўп ёшлар чет элга келиб харажатларини қоплаш мақсадида ишлашга мажбур бўлишмоқда. Бу эса уларнинг нафақат ўқишига таъсир қилади, балки аксарият ҳолларда улар умуман таълим ола олишмайди. Кўплаб халқаро ва миллий таълим грант дастурлари бор. Шулардан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, ўзингиз қизиққан соҳани танланг ва албатта ушбу соҳангиз келажакдаги иш фаолиятингиз билан боғлиқ бўлиши зарур.

Иқтисодий муаммолардан каттароқ деб биламан

Нафақат АҚШ, Англия ёки Япония балки барча ривожланган давлатлар тарихига қарасангиз, барчасининг ривожланиш жараёнларида бир хил ҳолатни кўрасиз. Худди шундай, барча ривожланаётган ёки учинчи дунё мамлакатларига қарасангиз ҳам ривожланиш билан боғлиқ бир хил ҳолатни кўрасиз. У ҳам бўлса коррупция масаласи. Мен ҳозир сизга юзлаб АҚШ ёки Японянинг ҳайратланарли тажрибаларини айтиб беришим мумкин, аммо уларни Ўзбекистонда ёки бошқа коррупцион ҳолатлар ижтимоий ҳаётининг бир бўлагига айланган давлатларда қўллаш фойда бермаслигини ҳам таъкидлашимиз керак. Мисол учун, кўпчилик АҚШни давлат бошқаруви тизимининг ўзига хос ютуқларидан бири бу – маҳаллий бошқарув ҳокимиятларининг кучга эга эканлигини қайд этишади. Ўзбекистонда бунинг акси, яъни марказий ҳокимиятнинг жуда кучли эканлигини кўрасиз. Ўзбекистонда ҳам шундай бошқарув тизимини шакллантириш орқали АҚШга ўхшаш иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичларга эриша оламизми?! Ҳозирги ҳолатда, йўқ албатта. Сиз ҳар қанақанги ислоҳотларни амалга оширманг, агарда коррупцион тизимни йўқ қилмас экансиз (ҳеч бўлмаса қуйи ва ўрта бўғинда), бирор-бир натижага эриша олмайсиз.

Бу билан мен ривожланган давлатларда муаммо йўқ демоқчи эмасман, уларда ҳам бир қанча, жумладан, АҚШда қурол сақлаш ва унинг ортидан аҳолининг хавфсизлиги муаммолари, юқори жиноятчилик, наркотик олди-сотдиси ва кенг миқиёсида истеъмол қилиши, аҳолининг айниқса ёшларнинг жинсий номутаносиблиги муаммолари бор. Шунингдек, Японияда ёшларнинг оила қуришга ва фарзанд кўришга иштиёқининг пастлиги, ёшларнинг кўп қисмининг турли психологик босимлар туфайли суицидга мойиллиги ва ҳакозолар мавжуд. Ушбу муаммолар, иқтисодий муаммолардан каттароқ деб биламан, сабаби ушбу муаммоларни бирор-бир комплекс чоралар орқали тўғирлашнинг иложи йўқлигидир. Юқорида айтиб ўтганимдек, Ўзбекистон ҳам шундай ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлиши лозим.

АҚШдан ташқари дунё билан деярли қизиқишмайди

Менинг билишимча, кўпчилик юртдошларимизнинг айнан АҚШга ўзгача иштиёқ билан қарашларининг асосий сабаби ушбу давлатнинг моддий имкониятларининг кенглиги билан боғлиқ бўлса керак. Ҳозир кўплаб ватандошларимиз бу ерга келишмоқда ва ҳаётларини ушбу давлат билан боғлашган. Афсус билан айтиб ўтиш керак, кўплаб юртдошларимиз ноқонуний йўллар билан, жумладан, Мексика орқали бўлса ҳам ўтиб келишга интилишмоқда. Шунингдек, кўплаб ёшларимиз таълим олишга ҳам келишмоқда, бу яхши албатта. АҚШ ҳақида юқорида салбий ҳолатларнинг баъзиларини санаб ўтдим. Шунингдек, яна бир ҳолатни айтиб ўтмоқчиман, аксар ўрта ва ундан паст бўғин америкаликлар АҚШдан ташқари дунё билан деярли қизиқишмайди. Шунингдек, аҳолининг аксар қисми, ички саёҳатни афзал кўришади. Чет давлатлар сиёсий ва ижтимоий ҳаёти билан деярли ишлари йўқ. 

Юқоридагиларга қарамасдан, инсонлари жуда ҳам хушмуомала, таниган-танимаган бир-бирига жилмаяди ва салом беради. Шунингдек, инсонлар доим сизга ёрдам беришга тайёр. Бирор-бир ташкилотга иш билан борсангиз сизнинг ишингиз деярли ҳар доим ҳал бўлади, қизиғи сизнинг бирор-бир ҳужжатингиз эсдан чиққан ёки ёнингизда бўлмай қолса ҳам имкон қадар сизга ёрдам беришади.

Ҳар бир ўзбекистонлик билиши керак

Биринчи тавсия этадиган китобим, Нобел мукофоти совриндори Муҳаммад Юнуснинг «Building Social Business» асари. Энг қизиғи яқинда ушбу муаллиф Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрди. Ушбу асарни тавсия этишимдан мақсад, фикримча, ушбу асарда реал мисоллар орқали, одам нафақат ўз ҳаётини балки бутун бир жамиятларни кичкина имкониятлардан фойдаланиб ҳам ўзгартириши мумкинлиги кўрсатиб берилган. Жуда ҳам ҳаётий ва қизиқ асар. 

Иккинчи китоб, Аъзам Ҳошимийнинг «Алвидо, Ватан!» асари. Ушбу асар Туркистон халқининг қандай қилиб коммунистлар томонидан «топталиш» тарихини жуда гўзал ёритиб беради. Реал воқеликка асосланган ушбу асар ҳар бир ўзбекистонлик билиши керак бўлган кўплаб маълумотларни ўз ичига олади.

Шунингдек, Ойбекнинг «Навоий» романини тавсия қилган бўлар эдим. Нима учун деган саволга, мени қойил қолдирган жиҳати, муаллифнинг сўз танлаш маҳорати жуда ҳам юқори даражада эканлиги. Ўша даврни беқиёс даражада гўзал тасвирлаб берган, худди ўзингиз ушбу муҳитга тушиб қолгандай бўласиз. Аммо бир нарсани айтиб ўтиш керак, бу менинг шахсий қарашим. Романни ўқиш жараёнида ўқувчи муаллиф ўша даврда баъзи воқеликларни, жумладан, диний уламолар ҳаёти ва халқ ўртасидаги муносабатларни ёритишда уламоларга нисбатан баъзи муболағаларга йўл қўйганини сезиш мумкин. Балким бунга ўша давр сиёсий жараёнлари таъсир қилган бўлиши эҳтимоли бор.

Келажакдаги режаларимга тўхталадиган бўлсам, илмий ишимни якунлаб Ўзбекистонга қайтмоқчиман. Мамлакатимизда таълим соҳасида меҳнат қилиш ниятим бор. Мақсадим ёшларга олган билимларимни улашиш, айниқса, ҳозирда бизда оқсаётган илмий йўналишни яхшилашга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг