Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Биз фақат аҳолига яхши бўлиши учун ҳаракат қилдик. Индекс эса…» – Ханнес Асток

«Биз фақат аҳолига яхши бўлиши учун ҳаракат қилдик. Индекс эса…» – Ханнес Асток

«Ўзбекистонда рақамли трансформация ва электрон ҳукумат рейтинги» бўйича семинарнинг иккинчи кунги маърузалари ҳам ўзгача руҳда ўтди.

Куннинг биринчи ярмида хорижлик мутахассислар томонидан давлат органларининг электрон ҳукуматни ривожлантиришга масъул ходимлари учун қимматли маълумотлар берилди.

Хусусан, ҳукуматни рақамлаштириш ва электрон ҳукумат тизимини ривожлантиришда дуч келинадиган муаммолар очиқланиб, уларга ечим изланди. Шунингдек, электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси, унинг мақсадлари, методологияси ва таркибий қисмлари, жумладан, телекоммуникация инфратузилмаси, онлайн хизматлар ҳамда инсон капитали индекслари билан батафсил таништирилди.

Маъруза вақтида Эстония вакили Ханнес Асток тан олиб айтган қуйидаги самимий фикрлардан сўнг семинар янада жонланди:

«Очиғини тан олиб айтишимиз керак, биз индексимизни кўтариш учун ҳеч нима қилмадик, ҳа рост. Буни ҳатто, кутмаган ҳам эдик. Биз фақат аҳолига яхши бўлиши учун ҳаракат қилдик. Индекс эса ўз-ўзидан баландлаб бораверди…»

Ўқув машғулоти давомида тингловчилар фуқароларнинг электрон иштирокка жалб этилиши, хусусан, электрон ахборот, электрон маслаҳат, электрон қарор қабул қилиш каби хизматлардан фойдаланишини таъминлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Дарҳақиқат, Эстония тажрибаси давлат даражасида ўрганишга муносиб. Икки йил ичида БМТ рейтингида 3-ўринга чиқиб олиш бу жуда катта кўрсаткичдир. 

Zoom орқали семинарни давом эттирган Электрон демократия бўйича катта эксперт Лийа Хянни эса электрон ҳукуматни ривожлантиришда энг муҳим омилларга тўхталди.

Мутахассис сўзларига кўра, мамлакатда электрон ҳукуматнинг жорий этилиши давлат органлари ва аҳоли ўртасидаги муносабатларни яхшилайди, ҳукуматдан норозиликни камайтиради. Одамларда ўзаро ҳамкорликка асосланган давлат бошқарувига янгича қараш шаклланади.

Шундай экан, электрон ҳукуматни ривожлантиришда аҳолининг фикри ва жараёнларда иштироки жуда аҳамиятлидир. Ўшандагина давлат улар учун қайғураётганини тушунишади ва қайсидир маънода унга ён босишади.

Демак, ўрни келганда давлат муаммоларига ҳам аҳоли билан бирга ечим излаш зарур. Баъзан одамлардан шундай ғоялар чиқадики, бу раҳбарларнинг хаёлига ҳам келмаган бўлади. Ўша вазиятда одамларнинг ўзи кўрсатади қайси томонга юришни...

Семинар мана шундай қизиқарли маълумотлар ва қизғин савол-жавоблар билан давом этди…

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг