Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бизларга ҳам ишонинг. Орзу-мақсадлар аравачаларда қолиб кетмасин». Бухоролик АйТичи йигит билан суҳбат (видео)

Шундай инсонлар борки, уларнинг ҳаётга қараши, муносабати ўз ҳаётимизни қайта кўриб чиқишга, ҳар бир вазиятга одилона баҳо беришга ундайди. Чунки ундайларнинг қийин вазиятларда ҳам кўнгилни чўктирмай, ён-атрофидагиларни ҳам ҳаракатга, интилишга ундаши кишини илҳомлантиради.

29 ёшли Шаҳбоз Ашрапов, имконияти чекланган бўлишига қарамай, ҳаракатдан тўхтамади. Нафақат унинг ўзи замонавий жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўла олди, балки бошқаларга ҳам ўз касбини топишга, тўсиқларни енгишга ва таслим бўлмасликка ёрдам бермоқда. Компютер тузатиш, таъмирлаш ва дастурлаш ишлари билан шуғулланиб келаётган Шаҳбоз энди ўзини IT соҳасида синаб кўрмоқчи эканини билдирди. «Xabar.uz» мухбири у билан суҳбатлашди.

Шаҳбоз Ашрапов, 1993 йилда Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги «Чўрикалон» маҳалласида жойлашган Вағозияк қишлоғида туғилган.

Бир нафар қиз фарзанди бор. Жорий йилда «Ёшлар дафтари»га киритилган.

IT-соҳасидаги изланишлари учун ёшлар ташкилоти томонидан унга замонавий компютер жамланмаси берилган.

Болалигидан иккала оёғининг тиззасидан пастки қисми ҳаракати ва сезимлилигидан айро Шаҳбоз фаол ҳаёт кечиришдан тўхтаб қолмаган. Ўзи қизиққан касбдан ташқари, киракашлик билан ҳам шуғулланиб келаётган Шаҳбознинг автомашинани механик усулда ўзгартириб, мослаштиргани эътиборга молик. 

«Ота-онам менинг нормал ва тўлақонли ҳаёт кечиришим учун ҳамма шароитни яратишга ҳаракат қилишди. Мен эса фақатгина уларнинг кўмагига таяниб, ҳаётда боқиманда бўлиб қолиш йўлини танламадим. 14 ёшимдан буён компютер технологиялари соҳасига қизиқаман. Болалигимда шу соҳада ўқитувчи бўлишни орзулаганман. Кейинчалик бу IT соҳаси сифатида қўлланила бошлади. Ҳар куни соат саккиздан саккизгача ишлайман, яъни 16 соат. Ишимни яхши кўраман, чунки одамларга ёрдамим тегади», — деди Шаҳбоз.

У узоқ йиллардан буён компютер таъмирлаш ва дастурлаш ишлари билан шуғулланиб келади. Ўзининг айтишича, унинг устахонаси яшаш манзилидан ўн километрча олисда жойлашган.

«Имкониятимиз чекланган. Биз учун доимо бир киши керак. Аммо шундай вазиятлар бўладики, ҳар ким ўз иши билан банд бўлиб қолади. Шундай вақтда ўқитувчи ота-онамга юкинмаслик учун уларга машина олиш истагим борлигини ва бунинг учун анча-мунча маблағ йиққанимни ҳам билдирдим. Улар хурсанд бўлишди. Балки ўшанда ич-ичларидан менга нисбатан «машина ҳайдай олармикин?» деган оғриқли кечинма ҳам ўтгандир, бу албатта, менга қоронғу. Лекин мақсадларимга елка тутишди. Аввалига «Тико» автомашинасини харид қилдик. «Тико»га механик қурилма ўрнатиш орқали ундан ўзим фойдаланиш мақсадини олдимга қўйдим. Қурилма ва уни ўрнатиш схемасини чиздим, тайёрладим. Токар оғайним кўмаги билан қурилмани автомашинага ўрнатдик. Энди тасаввур қилинг, оёғида тикка туролмайдиган боласининг машина ҳайдаб келганини кўрган ота-она қандай ҳолатга тушишини... меҳрибонларим йиғлаб юборишди. Мен эса ота-онамга ҳали бундан ҳам ортиқ «сюрприз»лар қилишимни билдирдим», — деди Шаҳбоз Ашрапов.

Суҳбатдошнинг сўзига кўра, у орадан бир неча йил ўтгач, ўз меҳнати ва оиласининг кўмаги билан «Тико»ни «Матиз»га, «Матиз»ни «Нексия-3»га янгилашга эришган.

«Ҳаммасини ўзим фойдаланишимга мослаб, механик қурилма билан бойитдим. Ишонсангиз, бу амал учун одатда миллионлаб пул сарфланади. Мен эса уни бор-йўғи, 50-100 минг атрофидаги қўшимча магнит симлар ва бошқа ускуналар билан яратишга эришганман. Уни тахлаш менда ҳеч қанақа қийинчилик туғдирмади. Чунки одам бир нарсага қизиқса, у бир кунда ўхшамас, икки кунда ёхуд бир ойда ҳам ўхшамас. Лекин сиз мақсад сари интилсангиз, орадан қанча вақт ўтгани сезилмайди. Мен эса буни яратишда 20 кунча вақтимни сарфладим», — деди Шаҳбоз.

Шаҳбоз бўш вақтларида киракашлик билан ҳам шуғулланади. Бундан ташқари, спортнинг бир неча тури билан машғул бўлади. Тўғри, у югуриш ва узунликка сакрашдан йироқ, аммо у спортда қўл кучи, елка ва қомат ҳаракатига тоб беради.

Жисмоний имконияти чекланган суҳбатдошнинг изланишлари кўпчилик ёшлар учун ибратга айланди. Суҳбатдош «Устозингиз ким?» деган саволга «Биринчи устозим — телевизор, иккинчи устозим — ич-ичимдаги кучим. Ўтирган жойимда соғлом, тўрт мучаси соғ тенгдошларим билан бир сафда бўлиш учун ҳаракат қилганман», — дея жавоб берди.

«Компютер технологияси борасида тажрибам ортгани сари мақсадларим ҳам катталашиб борди. Мен 15-16 ёшимда аллақачон бу технология сирларини ўрганиб улгурган эдим. 2010 йилда Тошкентдаги коллежлардан бирида ўқиб чиқиб, қишлоғимга, ота-онам бағрига қайтдим. Ва 4 йил ҳеч қаерда ишламадим. Қаерга борсам, олдимда тўсиқ, муаммолар қалашиб ётарди. Ўзим билан ўзим бўлдим. Рўзғор тебратиш, тирикчилик ва бундан ташқари, бир ерда қотиб қолмаслик учун изланишдан, ҳаракатдан тўхтамадим. Боқиманда бўлиб қолмаслик учун ўз тадбиркорлигимни йўлга қўйиш мақсадида кредит маблағлари сўраб, масъул идоралар эшикларига бордим. Очиқдан-очиқ рад этишди», — деди Шаҳбоз.

Шаҳбоз Ашрапов 2019 йилда туман мутасаддиларига кредит масаласида ёрдам сўраб, қайта-қайта мурожаат қилган. Кимга бориб учрашса ҳам: «Сенга кредит бермаймиз, сен танлаган соҳага маблағ ажратилмаган», деган жавобни олган.

«Шундай кунларнинг бирида ёшлар етакчиларидан бири мени излаб топиб, «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви ўтказилаётгани, мен эса ўз муаммоимни кўтариб чиқишим мумкинлиги билдирди. Айнан шу учрашувда қатнашдим ва вилоят прокурори билан юзма-юз мулоқотда мен ўзим танлаган соҳамга пул маблағи йўналтирилиши билан боғлиқ саволни ўртага ташладим. Прокурор бу масала муаммосиз ҳал бўлишини билдирди. Эртасигаёқ туман мутасаддилари менинг ёнимга келишди ва кредит маблағи олишим мумкин эканини билдириб, туман марказий бозори ичида устахона очиб беришди. Ўз маблағларим эвазига устахонани жиҳозлаш ва уни технологик ускуналар билан бойитиш чораларини кўрдим. Ўзим ҳамкорлик қилишим керак бўлган тадбиркорлардан маҳсулотлар ҳам харид қилдим. Бироқ яна банк ходимларининг эътиборсизлигига учрадим, улар менга кредит ажратишни пайсалга солишарди. Ўшанда юрагимдан жисмонан имкониятим чекланганини муҳокама қилишган ва бу бола кредит маблағларини қайтара олмаса керак, дейишган бўлса керак, деган оғриқли кечинма ўтганини яширмайман», — дейди суҳбатдош.

Банкдаги сансалорликлар билан курашган Шаҳбоз вилоят раҳбариятига мурожаат қилиб, инсоннинг тақдири унинг жисмоний имконияти билан ўлчанадиган бўлса, кредит маблағлари олмаслигини, фақат туман марказий бозоридан ажратилган дўкон учун ўз ҳисобидан сарфлаган харажатларини қоплаб берилиши талаби билан чиққан.

Шаҳбознинг бу мурожаатидан сўнг орадан 5-6 соат ўтгач, 2020 йилнинг феврал ойида унга 30 миллион сўм кредит маблағи кўчириб берилган. Шундан сўнггина у IT соҳасида ўз ишини бошлаган. Афсуски, унинг ҳам фаолиятига пандемия даври ўз таъсирини ўтказган.

Кўп ўтмай, бозор маъмурияти у ижарада турган устахонанинг сотилишини ва уни бўшатиб қўйишини сўрашган. Ҳар ойлик ижара тўлови 200 доллар эвазига туман марказидаги автошоҳбекатдан янги устахона очишга мажбур бўлган. Устахонанинг Шаҳбоз яшаб турган қишлоқдан жуда узоқда жойлашгани, устига-устак узоқ қатновни соғлиғи кўтармагани боис, мақсадларини яна ортга суришига тўғри келган.

«Айни пайтда ўз хонадонимнинг бир бурчагида очган дўконимда йўналишим бўйича тирикчилик қилаяпман. Оғриқлиси, менинг тоифамдаги ёшлардан хабар оладиганлар жуда кам. Менинг-ку шароитим бор, озгина бўлса ҳам имкониятга эгаман. Аммо ўз ҳуқуқларидан фойдалана олмайдиган, аравада мунғайиб, мақсадларини елларга сочаётган тоифадошларим қанча... Биласизми, аравада умргузаронлик қилаётганларга кўп ҳолатларда қўли калта сифатида, ишончсизлик билан қаралаётганини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Ҳар гал касалхоналарда ётиб даволанаётган кезларимда, тоифадошларимни узоқдан кузатаман. Қўлдан келгунча ҳаракат қилгану, аммо мутасаддиларнинг эътиборсизлиги соясида қолиб кетиб, ўз аравасига баттар чўкиниб кетаётганлар кўп улар орасида. Уларни кузата туриб, бизларга ҳам ишонинг, дея ҳайқиргим келади. Биргина эътибор билан имконияти чекланганларнинг ҳам ҳаётга, жамиятга қараши ўзгаради, илгарилашдан тўхтамайди, йиқилса ҳам ўрнидан туришга ҳаракат қилади. Йўқса, орзу-мақсадлари шу аравачаларда қолиб кетаверади. Буни тўрт мучаси соғ одам ўз қалбининг туб-тубигача тушуниши қийин, жуда қийин», — деди у.

«Ҳар бир шахс жамиятда ўрнини топиши учун истайдими-йўқми, тўсиқларга, қаршиликларга дуч келади. Буни рад этиб бўлмайди. Шундай қийинчиликларни босиб ўтишингизда энг яқин дўстингиз ким бўлган?» — сўраймиз суҳбатдошдан.

«Ягона дўстим — Аллоҳ. Муаммоларимни ота-онам ёки яқинларим билан деярли бўлишмайман, уларни безовта қилмасликка ҳаракат қиламан, қўлимдан келмайдиган бўлсагина, уларга таянаман, аммо ўз ташвишларимни бошқаларга юкинишни ёқтирмайман. Яна бир дўстим — ўзимдаги Қатъият ва Ишонч. Шу иккаласи бир одамда ёндош бўлса, ҳамма қийинчиликни босиб ўтиш мумкин», — деди Шаҳбоз Ашрапов.

Лайло Ҳайитова суҳбатлашди,

Оператор — Файзулло Раҳматов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг