Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Усмон Раҳимжонов: «Бизнесда хўжакўрсинчилик кетмайди»

Усмон Раҳимжонов: «Бизнесда хўжакўрсинчилик кетмайди»

Фото: «Xabar.uz»


Усмон РАҲИМЖОНОВ ҳақида

  • БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ҳамкорлигидаги «Ўзбекистон ҳудудларида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш» лойиҳаси компоненти менежери.
  • БМТ Тараққиёт дастурининг турли лойиҳаларида 2004 йилдан бери ривожланишнинг турли соҳалари бўйича миллий мутахассис сифатида ишлаб келади.
  • Наманган муҳандислик-технология институтини иқтисодиёт ва менежмент йўналишида битирган.
  • Рединг университети (Буюк Британия)нинг магистрлик даражасига эга.

— Усмон ака, кўплаб ёшлар сизни стартаплар бўйича устоз, том маънода мутахассис деб билишади. Келинг, суҳбатимизни стартаплар ҳақида бошласак. Умуман, стартаплар нима ва уларнинг бугунги ҳаётимиздаги ўрни қандай?

— Стартап деганда биз одатда янги тадбиркорлик фаолиятини бошлашни тушунамиз. Бунга ҳар қандай кичик бизнес ва даромад келтирадиган тадбиркорлик фаолиятини бошлаш кириши мумкин.

Лекин стартапга аниқроқ таъриф берадиган бўлсак, унда стартап бу — юқори технологияларга асосланган ёки илмий тадқиқотлар натижасида яратилган ишланмалар, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда яратилган, оммалашиш истиқболи бор, такрорланадиган ва даромад келтирадиган бизнес-модел.

Стартаплар бирор бир ўзак технология атрофида (масалан, интернет, мобил алоқа воситалари, Wi-Fi ёки GPS каби) шакллантирилиб, кундалик ҳаётда ва иқтисодиётда том маънодаги истеъмолчилар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мавжуд эҳтиёжини, муаммосини ёки бирор-бир бизнес жараённи ўзгача, янги усул билан ечишга, самарадорлигини оширишга қаратилган ечимлардир.

— Бугун стартап-лойиҳаларнинг жаҳон миқёсидаги ўрни қандай?

— Ҳозир, АКТнинг ҳисоблаш қуввати ва нархи тобора арзонлашиб бораётган бир пайтда, улардан фойдаланган стартап муаллифлари ва ижодкор муҳандислар улкан ахборотларни қайта ишлаш, машиналар ўзи ўрганиши, тасвирларни ўзлаштириш, турли ўлчагичлардан ахборотларни ўзлаштириб қарор қилиш, электр қувватини сақлаш ва қайта қувватлантириш эвазига муқобил тарзда ишлай оладиган кўплаб технологик ечимларни таклиф қилишяпти.

Натижада нафақат веб-сайт ва мобил иловалар, сунъий идрок, тўлдирилган реаллик, ўзи ўрганувчан машиналар, робот ва овозли ёрдамчилар каби технологиялар кундалик ҳаётимиз ва саноатнинг турли жабҳаларига жадаллик билан кириб келмоқда.

Албатта, ушбу йўналишда кўпроқ АКТ соҳасида ишлайдиган йирик компаниялар етакчилик қиляпти, бунинг учун уларда улкан инсон салоҳияти, технологик ускуна ва лабораториялар ҳамда тўғри йўлга қўйилган, авваламбор инсон манфаатларини тўғри бошқара оладиган тузилма ва улкан технологик база ёки бошқача қилиб айтганда, мерос бор.

Бундан ташқари, ривожланган давлатларда қулай тадбиркорлик муҳити, технология соҳасида чуқур таҳлилий билим, мутахассислар ва маблағлар мавжуд. Натижада кўплаб иқтидорли ёшлар ва муҳандислар тинмай изланишда, янгилик яратиш ва таваккал килиш билан банд, инвесторлар эса истиқболли стартапларга сармоя киритиб, кундан-кунга бир-биридан қизиқарли ишланма ва ечимларни дунё бозорига олиб чиқмоқда.

Бунда, албатта, ривожланган давлатларда интернетдан фойдаланувчилар кўплиги, аҳолисининг рақамли технологиялар борасида саводхонлик даражаси ва янгиликларни қабул қилиш хайрхоҳлиги юқорилиги, тажриба ва малакали мутахассислар, йирик технология марказлари мавжудлиги ва энг асосийси, бозорда рақобатнинг кучлилиги муҳим рол ўйнайди.

Оддий, унча катта бўлмаган маҳаллий «бутик» ечимлардан тортиб, улкан саноат ва ижтимоий соҳаларга ўз таъсирини ўтказаётган ечимларгача бунга мисол бўла олади. Масалан, катта шаҳарларда оддий одам бир жойдан иккинчи жойга бориш учун ўз мобил телефонидаги мобил иловани ишга солиб, турган ерини GPS орқали аниқлаб, борадиган жойининг номини ёзса, мобил илова барча транспорт турларини таклиф этган ҳолда қанча вақтда ва қанча пулга кўзланган манзилга етиб олиш таклифларини бериб, ҳар бир қадамни кўрсатмалари билан таклиф қилади.

Мана, ҳаммамизда «Telegram» бор: бу ўзаро ва қолаверса, бизнесдаги мулоқотимизга қандай қулайликлар яратганини кундалик ҳаётимизда ҳис қиламиз ва фойдаланамиз. Шунга ўхшаш ечимлардан фойдаланиб, биз узоқ юртлардаги бизнес ҳамкорларимиз ва ёр-биродарларимиз билан нафақат овозли, балки юзма-юз мулоқот қиламиз. Муҳими, бу жуда арзон.

Яна бир мисол келтираман. «IBM Wаtsоn» ечимлари тиббиёт соҳасида инсондан кўра аниқроқ ташхис қўйиши, ҳуқуқшунослик соҳасида эса инсон омилидан юқорироқ кўрсаткичга эришиши, яъни кўпроқ ишларни ютиб чиқиши кутиляпти. Ёки бўлмаса фазога космик кемаларни учириб, ракеталарнинг биринчи босқичини ортга қайтариб қўндиришдан тортиб, батамом электр энергиясида юрадиган машина ва енгил транспорт воситаларини олайлик. Хитойнинг Шанхай шаҳридаги бирорта ҳам ички ёнув юритгичли скутерлар қолмагани ва ҳаммаси электрда ҳаракатланадиган скутерларни айтмайсизми, текстил ёки қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ақл бовар қилмас технологик ечимлар-чи, албатта, буларнинг ҳаммаси ҳайратлантирмай қўймайди.

— Юртимизда-чи? Ютуқ ва камчиликларимиз?

— Бизда ҳам илғор технологиялардан фойдаланиб, стартап сифатида ўз ишини бошлаб катта натижаларга эришган лойиҳалар талайгина. Масалан, «Torg.uz» (ҳозир «OLX»), «Paynet», «MyTaxi», «Сliсk», «Payme», «Tashbus» каби ишланмалар. Бизнес ва мижозлар ўртасидаги мулоқот муносабатларни автоматлаштириш (мулоқот-ботлари), молиявий хизматлар соҳасидаги ечимлар, ҳаво ва темир йўл транспортларига чипталар харид қилиш, кундалик истеъмол молларини масофадан харид қилиш, турли таом ва ширинликлар, қаҳва ва ичимликлар ва ҳатто гулдасталаргача буюртма бериш, телефон орқали тўловни амалга ошириш имкониятларини ютуқ сифатида келтиришим мумкин.

Бозоримизда «тракшн», яъни турли жараёнлар кам, иштирокчилар етишмайди.

Камчиликларимиз — стартап бозоримиз ва технологияларимиз саёз, яъни бозор ва стартап экотизими ривожланиши ҳали бошланғич босқичда. Экотизимнинг ҳар бир қатнашчиси, хоҳ ҳуқуқий муҳит, хоҳ таълим ва тадқиқот, хоҳ давлат кўмаги ва молиявий ресурслар бўлсин, истиқболли технологиялар соҳасида экспертиза ва мутахассислар етишмайди, ички бозор билан чуқур ишланмайди, хусусий сектор фаол эмас. Умуман олганда, бозоримизда «тракшн», яъни турли жараёнлар кам, иштирокчилар етишмайди.

— Таълим ва инновация — булар бир-бири билан қай даражада боғлиқ?

— Таълим соҳаси ёшларимизга турли жабҳаларда билим берадиган маскан. Инновация эса давомий янгиланиш ва изланиш, илмий тадқиқотлар, тажриба, янги технология ва техникаларни жорий қилишдир. Лекин инновацияларда таълим ва тадқиқотлардан ташқари, хусусий сектор ҳам жадал иштирок этади. Шундай экан бу уч иштирокчи ўртасида узвий боғлиқлик мавжуд. Чунки инновациялар учун изланиш, салоҳият ва тадқиқотлар керак, бунинг учун эса билим ва иқтидор соҳиблари зарур. Бу муносабатларда ҳам ютуқ ва камчиликларимиз бор. Буни ривожланган давлатлар тизимлари ва соҳалари ўртасидаги муносабатларни ўрганиб ҳам билиб олсангиз бўлади. Уларда таълим соҳаси ва хусусий сектор муносабатлари биздагига нисбатан анча жадал ва юқори. Натижа ва кўрсаткичлари ҳам шунга яраша.

— Сизнингча, ҳозир ёшларимизнинг билим ва савияси қай даражада? Кўп хориж мамлакатларига бориб келган мутахассис сифатидаги фикрингиз.

— Ёшларимизнинг билим ва савиясини мен баҳолай олмайман, баҳо беришим ҳам ноўрин. Ҳар жабҳада ўз иқтидори ва истеъдодини кўрсатиб юқори даражаларга эришган ва эришаётган ёшларимиз бор, албатта.

Агар биз ҳар жабҳада рақобатли муҳитни шакллантирмас ва кучайтирмас эканмиз, илм, фан, иқтидор ва истеъдод соҳиблари, бизнес вакиллари ва мутахассислар ўз манфаатлари кўпроқ инобатга олинган ўзга давлат ва муҳитларга кетишда давом этаверадилар.

Ҳатто айрим йўналишларда бизникилар тенгсиз. Лекин, умуман олганда, биз муҳитни, яъни билим олиш, изланиш, тадқиқотлар ўтказиш, ишланмаларни жорий қилиш, иқтидор соҳиблари савияси ва даражасини янада ўстириш учун рақобат муҳитини янада шакллантиришимиз зарур. Агар биз ҳар жабҳада рақобатли муҳитни шакллантирмас ва кучайтирмас эканмиз, илм, фан, иқтидор ва истеъдод соҳиблари, бизнес вакиллари ва мутахассислар ўз манфаатлари кўпроқ инобатга олинган ўзга давлат ва муҳитларга кетишда давом этаверадилар.

— Яхши стартап бошлаш учун ёшлардан нима кўпроқ талаб этилади? Пулми, билимми ёки нималар?

— Стартап, бу шахсий фикрим, тиришқоқлик, изланувчанлик, фидойилик ва оғир меҳнатни талаб этади. Чунки ҳар қандай ютуқ, марраларга, шубҳасиз, оғир меҳнат асосида эришилади. Баҳона эмас, ҳаракат ва тиришқоқлик, ишонч ва меҳнат — муваффақиятлар калити. Сиз, албатта, пул, билим, экотизим, муҳит ва қатнашчиларни мисол келтиришингиз мумкин. Буларнинг барчаси етарли бўлганда ҳам, агар фидойилик, ишонч ва ҳалол меҳнат бўлмаса, қўпол қилиб айтганда, ўз соғлиғи, оиласига ажратадиган вақти ва ҳаловатини қурбон қилиб, ўз соҳасида чуқур изланмас экан нафақат стартап, балки оддий вазифалар ҳам уддаланмай қолиб кетаверади.

— Бизнес учун-чи?

— Бизнесда ҳам шу. Ҳар бир соҳа вакили ўз ишини қойиллатиши лозим, кўзбўямачилик, хўжакўрсинчилик кетмайди. Чин кўнгилдан, соф ният ва эзгу мақсадларни олдга қўйиб, тинмай меҳнат қилинсагина натижага эришиш мумкин. Вақт деган жудаям одил ҳакам бор, вақти келиб у ҳаммасини ўз ўрни ва жойига қўяди.

— «Стартап ташаббуслари»га ҳам тўхталиб ўтсангиз.

«Стартап ташаббуслари» айнан ёшларимизни изланишга, илмий тадқиқотга ва ташаббускорликка жалб қилишга, замонавий технологиялар яратаётган имкониятлардан уддабуронлик билан фойдаланиб, ўзлари учун янги бизнес ва фаолият турларини яратишлари, пировардида юқори қиймат қўшилган маҳсулот ва хизмат турлари, мутахассис ва касб соҳиблари бўлишларига кўмаклашиш учун яратилган. Дастур ёшларимизни бундай фаолиятга рағбатлантириш, қизиқтириш, ўз устида ишлашлари, ишонишлари, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқаришга қаратилган.

— «Demo Day» ҳақида ҳам бир оғиз...

«Demo Day» — юқоридаги дастур доирасида стартап муаллифлари ва жамоа аъзолари амалга оширган ишлар натижасини кўрсатиш учун имкониятдир. Улар дастурда қатнашиш учун ариза юборишлари, саралашдан муваффақиятли ўтишлари, ўз ғоя ва лойиҳаларини дастурнинг тежамкор стартап услубидан фойдаланиб уддалаганларини кўрсатишлари ва лойиҳаларини истиқболдаги сармоячи ва бозор иштирокчиларига эълон қилишлари ва бозорга кириб бориш учун илк қадамларини қўйишлари мумкин.

— Ёш стартапчиларга энг яхши китоблар «ТОП-5»лигини таклиф эта оласизми?

— Ҳаракат қиламан. Бештадан кўпроқ бўлсаям бўладими (кулади)? Китоблар рус тилида бўлгани учун уларнинг номини русчада келтираман:

  • Роб Фитцпатрик — «Спроси маму»
  • Эрик Рис — «Бизнес с нуля»
  • Стив Бланк, Боб Дорф — «Стартап: настольная книга основателя»
  • Алекс Остервальдер — «Канва бизнес модели»
  • Эш Маурья — «Бережливый стартап»
  • Дэйв МакКлюр — «Метрики для пиратов».

— Ёшларга таклиф ва тавсияларингиз?

— Ёшларимизга замонавий технологияларга кўпроқ қизиқишлари ва улар яратаётган имкониятлардан самарали фойдаланишни таклиф қилган бўлардим. Ўзлари устида ишлашлари, юксак марраларга эришишда ўзларига ишонишлари, вақтни беҳуда ўтказмасликлари, қатъиятли бўлишлари ва албатта, инглиз тилини ўрганишларини тавсия қиламан!

Ғуломжон Назаров суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг