Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Болалар саратонини даволаш йўлида нималар қилинмоқда?

27 феврал куни Тошкент давлат тиббиёт университетида болалар саратонига қарши кураш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Авлиё Жуд болалар тадқиқот шифохонаси вакиллари иштирок этди.

Сўнгги йилларда болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида маълумот берилди. Давлат раҳбари ташаббуси билан болалар гематологияси ва онкологияси катталар йўналишидан ажратилиб, алоҳида тизим сифатида шакллантирилди. Натижада ягона болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси хизмати ташкил этилиб, тиббий ёрдам сифати янги босқичга кўтарилди.

2024 йил 21 майдаги Президент қарори асосида болаларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизими тубдан такомиллаштирилди. Референс лаборатория ишга туширилди, юқори дозали кимётерапия ҳамда замонавий диагностика усуллари амалиётга жорий этилди. Европа клиник протоколлари асосида даволаш йўлга қўйилиб, эрта ташхис, реабилитация ва паллиатив ёрдам дастурлари ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда ҳудудий болалар шифохоналарида 180 ўринли ихтисослаштирилган хизмат фаолият юритмоқда. Марказ қуввати 200 ўринга етказилиб, Онкожарроҳлик бўлими ташкил этилди ва юқори технологик операциялар йўлга қўйилди. Узоқ муддат даволанувчи беморлар учун 112 ўринли меҳмон уйи ҳамда янгиланган кундузги стационар иш бошлади.

Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Болалар саратонига қарши курашиш бўйича Глобал ташаббуси доирасида танланган ўнта давлатдан бири ҳисобланади. Ушбу ташаббус болалар яшовчанлигини 60 фоизга етказишни кўзда тутади. 2024 йилда мамлакатимиз болалар саратонига қарши дори воситаларини етказиб бериш бўйича Глобал платформага қўшилди. Мазкур платформа Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Авлиё Жуд болалар тадқиқот шифохонаси ҳамкорлигида амалга оширилиб, болаларни хавфсиз ва сифатли дори воситалари билан узлуксиз таъминлашга қаратилган.

Айни пайтда платформа доирасида 14 та ҳудуддаги тиббиёт муассасалари ҳамда марказда даволанаётган 2000 нафар болалар учун замонавий кимёпрепаратлар етказиб берилмоқда. Ушбу дори воситалари билан 2028 йилгача узлуксиз таъминлаш режалаштирилган.

Ҳудудларда филиаллар очилиб, 14 та даволаш бўлими бирламчи ташхис ва ҳамроҳлик терапиясига ихтисослаштирилди. Суяк, жигар ҳамда кўкрак қафаси ўсмаларини олиб ташлаш каби мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳудудларда ҳам бажарилмоқда.

Кадрлар малакасини ошириш мақсадида халқаро ҳамкорлик кенгайтирилган. Жумладан, Вена тиббиёт университети ҳамда Германиядаги Авлиё Анна клиникаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шунингдек, “Меҳрли мактаб” лойиҳаси доирасида узоқ муддат даволанаётган болаларнинг таълим олиши таъминланмоқда. “Таскин” болалар онкологик хосписи фаолияти йўлга қўйилиб, паллиатив ёрдам тизими изчил ривожлантирилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва авлиё Жуд болалар тадқиқот шифохонаси ўртасида имзоланган меморандум эса болалар онкологияси ва гематологияси йўналишида узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг