Юқори сифатли автобензин, пандемия давридаги синов — «Бухоро» нефтни қайта ишлаш заводига пресс-тур уюштирилди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ ОАВ вакиллари ва блогерлар учун «Бухоро» нефтни қайта ишлаш заводига пресс-тур уюштирди. Унда журналистлар нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши жараёни билан танишишди.
Нефтдан дизель ёнилғиси ҳамда бензин олиниши жараёнлари кўпчилик учун қизиқарли бўлиши табиий, жумладан, журналистлар учун ҳам.
Тадбир давомида нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ҳамда сифати ОАВ вакилларига батафсил кўрсатилди.
Қайд этилишича, бу ерда мамлакат тарихида илк бор 30 март куни «Евро-4» ва «Евро-5» экологик тоза ва сифатли дизель ёқилғисини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ташкилотчилар бу муҳим воқеликни «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва «Бухоро» нефтни қайта ишлаш заводи директори Акбар Фозилов бошчилигида ташкил этилган «Ишчи гуруҳ» аъзоларининг 2020 йилдаги меҳнат натижаси сифатида баҳолашди.
Пресс-тур давомида журналист ва блогерларга дастлаб ушбу лойиҳа доирасида «Бухоро» нефтни қайта ишлаш заводидаги энг замонавий катализатор ўрнатилган газойлни гидротозалаш қурилмасининг ишлаш фаолияти кўрсатилди.
Шу пайтга қадар заводда ишлаб чиқариладиган нефть маҳсулотлари (бензин ва дизель ёқилғиси)нинг сифати «Евро-2» стандарти талабларига жавоб берар эди. Ушбу катализаторнинг янги русумдагисига алмаштириш натижасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифатини жаҳон стандартларига мослаштирилган.
Айтилишича, коронавирус пандемияси даврида бу лойиҳаларни амалга ошириш осон бўлмаган. Карантин туфайли Франциянинг «Axens» компанияси мутахассислари газойлни тозалаш қурилмаси катализаторини алмаштиришда иштирок эта олишмаган. Завод ва компания мутахассислари 13Р01 технологик позициядаги реакторида янги каталитик тизимни «Axens» схемаси бўйича завод мутахассисларининг саъй-ҳаракатлари билан онлайн тарзда ўрнатишган.
Навбатдаги танишув «QuWatt» бренди остида янги ишлаб чиқарилаётган автобензин ва дизель ёнилғиси ҳақида бўлди.
Бизга маълум бўлишича, «Бухоро» нефтни қайта ишлаш заводида Германиянинг «BASF SЕ» компанияси билан ҳамкорликда 2021 йилнинг биринчи ўн кунлигининг ўзидаёқ, 480 тонна «QuWatt» бренди остида АИ-95 русумидаги автобензин ишлаб чиқарилди.
Мутахассислар томонидан «QuWatt» АИ-95 русумидаги автобензиннинг двигателларда тозаликни сақлашнинг мукаммал таъсирига эришиш, клапанлардаги ҳосил бўладиган қатлам миқдорини 4 мг/клапан қийматидан ошмаслиги, двигатель клапанларини қатламлардан юқори даражада, яъни 80% гача тозалаш, автомобиль двигатели қувватини ошириш ҳамда ёқилғини 3% гача тежалишига эришилиши, қиш мавсумида двигателнинг узлуксиз ишлашини таъминлаши, двигатель ёнилғиси тизимида, шунингдек, бензинни ташиш ва сақлаш жараёнларида коррозияга йўл қўймаслиги бўйича маълумотлар берилди.
Журналист ва блогерлар махсус лабораторияга таклиф этилиб, бу ерда маҳсулотларнинг сифати қандай аниқланиши, улардан олинган намуналар 40 кун муддатда сақланиши бўйича тўлиқ кўрсатилди.
«Бухоро» нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати бўйича иштирокчиларда ҳеч қандай савол қолмади. Ташкилотчилар эса бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳар доим шаффоф бўлиши учун яна пресс-тур ҳамда учрашувлар ташкил этилишини маълум қилдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter