Бухорода ректор ўзини ўзи Янги йил билан мукофотлади(ми)?

Кейинги пайтларда Бухоро муҳандислик-технология институтидаги ички тартиб ҳолатлари юзасидан турли ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар эътиборни тортмай қўймайди. «Ректор ўзини ўзи янги йил билан табриклади» сарлавҳаси остидаги хабар муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Институт ректори Садоқат Сиддиқова «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда кўплаб ижтимоий тармоқларда бир томонлама ёлғон, бўҳтонга асосланган хабарлар тарқалаётгани ва бундан норозилигини билдирган.
«Журналист, блогерлар томонидан ҳар сафар маълумотлар сўралади. Биз тўлиқ ва батафсил жавоб берамиз. Лекин ёндошув бир томонлама бўлади. Бир томонлама ёндошув бўладиган бўлса, безовта қилишмасин. Хабарингиз бор, кўплаб хабарлар тарқалади. Бари туҳмат, ноҳақ. Бу ҳақда юқори турувчи идора, ташкилотларга маълум қилганмиз. Жумладан, киберхавфсизлик, ички ишлар томонидан ҳам хатларимизга «булар Ўзбекистон ҳудудида эмас», деган жавоб келади. Ҳозир ҳам мен юз фоиз биламан, ўзимизни оқлолмаслигимиз мумкин. Аммо, ҳозирда фақат бир нафар проректор иш фаолиятида, битта проректоримиз хайфсан олган, икки проректор ўрни эса бўш, энди тайинланади. Проректор ҳам, мен ҳам Янги йилда рағбатлантириш олмаганмиз»,-дейди Садоқат Сиддиқова.
Садоқат Сиддиқованинг сўзига кўра, айни пайтда ўзи даволаниш таътилида бўлгани боис, проректор Собир Саидов вақтинча ректор вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
«2024 йил 26 декабрдаги У-918-сонли «Моддий рағбатлантириш ва ёрдам тўғрисида»ги тегишли буйруққа асосан, ректор ва проректорлар рағбатлантирилмаган. Институтда жами 1119 нафар ходим бўлиб, уларнинг 1095 нафари рағбатлантирилган. 24 нафари эса меҳнат қонунчилигига асосан, интизомий жазо чораси қўлланилгани боис, рағбатлантирилмаган»,-дейди институт матбуот хизмати раҳбари Малика Шукруллоева.
Изоҳ ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 18-моддасига асосан (Иш берувчининг якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлари), иш берувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда ўз ваколатлари доирасида муайян ходимга (ходимларга) ёки жамоага йўналтирилган ва бир марта қўлланилиш (ишга қабул қилиш, меҳнат шароитларини ўзгартириш, бошқа ишга ўтказиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш, ходимга меҳнат таътили бериш, ходимга нисбатан интизомий жазо қўллаш, ходимларни рағбатлантириш тўғрисидаги ва бошқа буйруқлар) учун мўлжалланган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар — буйруқлар, фармойишлар, қарорлар (бундан буён матнда буйруқлар деб юритилади) қабул қилиши мумкин.
«Худди шунингдек, Меҳнат кодексининг Меҳнат учун рағбатлантиришга асосланган 299-моддасида ишдаги ютуқлар учун ходимларга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин. Худди шу моддага яна эътибор қаратадиган бўлсак, унга кўра, интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида интизомий жавобгарликка тортилган ходимларга меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган мукофотларни тўлаш тўғрисидаги масала мукофотлаш ҳақидаги тегишли низомларда ҳал қилинади. Яъни интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмайди. Шу қонун талаблари асосида хайфсан олган ходимлар рағбатлантирилмайди. Биз қонунни бузмаганмиз. Ижтимоий тармоқларда тарқалгани сингари мен ўз-ўзимга рағбатлантириш мукофоти ёзмаганман ва бунга ҳақим ҳам йўқ»,-дейди вақтинча ректор вазифасини бажарувчи Собир Саидов.
Айни пайтда даволанишда бўлган ректор Садоқат Сиддиқова эса ўзи ва проректорлар фақатгина Олий таълим вазирлигининг тегишли буйруғи асосида рағбатлантирилиши мумкинлигини айтмоқда.
«Юқори турувчи ташкилот рухсатисиз биз ўз-ўзимизга буйруқ чиқариш орқали рағбатлантириш олишга ҳақлимасмиз. Яна бир масала: 2024 йил 26 декабрдаги У-918-сонли «Моддий рағбатлантириш ва ёрдам тўғрисида»ги тегишли буйруққа тизимда турибди, уни яшириб бўлмайди. Бундай буйруқлар доимий назоратда. Пластикларга пул тушган ёки тушмаган, нақд олинган ёки олинмаганини ҳуқуқ-тартибот идоралари орқали аниқлаш қийин эмас. Билсангиз, мен ректор бўлиб келгунимга қадар, барча ходимлар бир йилда 2-3 марта рағбатлантириш олишган. Мен эса бир йилда 10 та байрам бўлса, ўнтасига ҳам беряпман. Ҳаммасига. Бирортасини хато қилмасдан. Фақат, «хайфсан»и борларга бермадик. Бунга қонун йўл қўймайди»,-деди Садоқат Сиддиқова.
Институтнинг Коррупцияга қарши курашиш «Комплаенс-назорат» тизимини бошқариш бўлими бошлиғи Келдиёр Абдуллаев «хайфсан»и йўқлиги, раҳбарият рағбатлантириш пулини ҳар бир ходимнинг меҳнатига қараб белгилаши, ўзини ҳам бошқа бўлим бошлиқлари сингари иш берувчига бўйсунувчи экани, лекин қонунбузилиш ҳолати юзага келмагани ҳақида сўзлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter