Буюк Хитой деворига ўнглаб бўлмас шикаст етказилди

Буюк Хитой деворига жиддий зарар етказиш ҳолати қайд этилди. Ҳодиса мамлакатнинг Шаньси вилоятида рўй берган.
Қурилиш билан шуғулланаётган икки ишчи экскаватор бемалол ҳаракатланиши учун қадимий деворнинг бир қисмини бузиб, қўлбола йўл ҳосил қилган.
Шаньси полициясига кўра, ишчилар ва техника қурилиш майдонига Буюк Хитой деворини айланиб ўтишга мажбур бўлган. «Уддабурон»лар эса йўлни яқин қилиш учун кўҳна девор бўлагини ер билан битта қилиб қўя қолган.
Полиция Мин сулоласидан мерос қадимий обидага ўнглаб бўлмас шикаст етказган 38 ёшли эркак ва 55 ёшли аёлни қўлга олган.
Буюк Хитой девори милоддан аввалги 220 йилдан милодий 1640-йилларга қадар барпо этилган. Ўз даврида қарийб 22 минг километрга чўзилган ушбу мудофаа иншооти Чин ўлкаси тарихи, маданияти ва тафаккурида муҳим ўрин тутади. Давлат мадҳиясида ҳам Буюк Хитой девори зикр қилинган.
Тарихий объект 1987 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Буюк Хитой девори табиий омиллар оқибатида емирилиш ва инсон қўли билан бузиш таҳдиди остида қолмоқда.
1950–60-йилларда обиданинг кўп миқдордаги ғиштлари қурилиш мақсадида ўзбошимчалик билан бузиб, ташиб кетилган.
1980-йилларда Хитой етакчиси Дэн Сяопин тарихий обида сифатида Буюк деворни сақлаб қолиш талаби билан чиққан ва унга шикаст етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилган. Аммо ҳозирга қадар ҳам кўп асрлик тарихга эга обидага шикаст ва зарар етказиш ҳолатлари учрамоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter