Депутатлар фақат чапак чалмаслиги лозим — Кенгаш ҳисоботи

Кеча Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус туманида Халқ депутатлари кенгаши бўлиб ўтди. Кенгаш давомида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари муҳокама қилинди. Аввалига туман ҳокими Омирбай Уснатдинов тумандаги вазият ҳақида ҳисобот бериб ўтди. Шундан сўнг депутатлар ўз саволлари билан ҳокимга мурожаат қилишди.
Кўтарилган масалалар ичида мурожаатлар билан ишлаш, тадбиркорларга кредит ажратиш, ўрта таълим мактабларига малакали ўқитувчиларни ишга олиш, Ер кодексига кўра фермерларга ер бериш шартлари, табиий газ таъминоти ва йўл таъмири кўриб чиқилди. Барча саволларга туман ҳокими батафсил жавоб берди. Гарчи Омирбай Уснатдинов туманга беш ой муқаддам ҳоким этиб тайинланган бўлса-да 2019 йилги кўрсаткичларга ҳам жавобгар эканини бир неча бор таъкидлаб ўтди.
— Тан олиш лозим, туманда баъзи муаммолар бор ва уларни ҳал қилиш учун астойдил ҳаракат қиляпмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев энг аввало халқни рози қилишни талаб этмоқда. Мана шу талаб асосида ишлашга интиляпмиз. Агар қаердадир етарлича ҳаракат қилмаган ёки эътиборсизликка йўл қўйган бўлсак, айбимизни тан оламиз. Туман учун мен ва менинг жамоам жавобгар. Буни ёддан чиқариб қўйганим йўқ. Ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш учун ҳаракат қилмоқдамиз. Насиб қилса, шу йилнинг охирига қадар қизил ҳудуддан сариқ ҳудудга, келаси йилда эса яшил ҳудудга ўтишга ваъда бераман, — дея айтиб ўтди ҳоким.
Эслатма: Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Унга кўра, ҳар йили ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланганлик бўйича рейтинглари эълон қилиниши кўзда тутилган. Рейтинг тузишда янги иш ўринларини яратиш, ишсизликни камайтириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш кабиларга алоҳида эътибор қаратилади.
Рейтинг асносида кўрсаткичлари ўта паст бўлган туманлар «қизил», ўртача натижа қайд этганлари «сариқ» ва яхши иш олиб борилган туманлар «яшил» ҳудуд сифатида белгилаб олинади.
Омирбай Уснатдиновнинг таъкидлашича, тумандаги йўлларни таъмирлаш учун аллақачон 20 миллиард сўм маблағ ажратилган, аммо карантин туфайли иш тўхтаб қолган эди. Яқинда таъмирлаш ишлари қайта тикланди ва тез орада йўллар созланади.
Нукус туманини ривожлантиришда асосий драйверлардан бири қишлоқ хўжалиги ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Қорақалпоғистонга қилган ташрифи чоғида ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ўнта устивор йўналиши белгиланганди. Шунга монанд Нукус туманида етарлича самара келтирмаётган ерларни пахтадан озод қилиниб, мева-сабзавот етиштиришга йўналтирилиш кўзда тутилган. Айни вақтда туманда бешта кластер ташкил этилган бўлиб, деҳқончилик билан бир қаторда чорвачилик ва сут маҳсулотларини етиштириш ҳам йўлга қўйилмоқда. Яна бир истиқболли соҳа эса иссиқхона бўлиб турибди.
— Мен туман бошқарувига келганда бор-йўғи икки ярим гектар иссиқхона бор эди, —дейди туман ҳокими. — Айни вақтда кўламни 200 гектарга етказиш мақсад қилинган. Дастлабки ишлар бажарилган, тадбиркор ўз ҳисобидан ерни текислаб, иссиқхона қуришга тайёр қилиб берилган. Бу ёғи энди банклардан кредит ажратишга бориб тақаляпти.
Кенгаш давомида маълум бўлишича, тумандаги Халқ банки ва Микрокредит банк филиаллари томонидан тадбиркорга ўз вақтида кредит ажратилмаган. Депутатлар ушбу масалани назоратга олишга қарор қилишди.
Эътиборли томони, Нукус туманига табиатдан ажойиб совға берилган. Бу ерларда қизилмия ўсимлиги жуда кўп ўсади. Унинг илдизи эса фармацевтика ва парфюмерия учун асосий хом-ашёлардан бири ҳисобланади. Туманда мана шу хом-ашёни тайёрлаб берадиган иккита корхона бор. «Нукус Экоплант экстрат» МЧЖ ана ўша корхоналардан бири ҳисобланади.
— Биз қизилмия томирини аҳолидан 1000-1200 сўм атрофида сотиб оламиз ва уни қайта ишлаймиз. Қайта ишлаш жараёнида бир тонна илдиздан 75 килограмм атрофида кукун олинади. Мана шу кукуннинг бир килосини 5 АҚШ доллари эвазига Хитойга сотамиз. Бу йилги режамиз 150 тоннадан иборат эди, аммо насиб бўлса 200 тонна маҳсулот етказиб беришни мақсад қилганмиз, — дейди корхона иш бошқарувчиси Қурбонбой Холбеков.

«Нукус Экоплант экстрат» корхонасида 68 киши икки сменада фаолият олиб боради. Бундан ташқари, томир териш мавсумида яна 200 киши қўшимча даромадга эга бўлиши мумкин. Xabar.uz мухбири корхона мутахассислари билан биргаликда ҳисоблаб чиқди — 200 тонна маҳсулот олиш учун корхонага бир йилда 2-2.5 минг тонна қизилмия илдизи керак бўларкан. Ушбу хом-ашёнинг бир килограмми аҳолидан 1000-1200 сўмдан сотиб олинади. Қизилмия илдизи декабр-январ ойларида териб олинади. Демак, 200 нафар мавсумий ишчининг ҳар бири икки ой давомида 25 миллион сўмдан ишлаб олиши мумкин бўлади.
Аммо бу ўринда бир муаммо юзага келиши мумкин — қизилмия илдизи кўплаб йиғиб олиниши натижасида экологияга зарар етмайдими? Ўсимлик йўқ бўлиб кетмайдими? Корхона раҳбарининг айтишича, ҳаммаси ўйлаб қўйилган — 150 гектар ер майдонида қизилмия плантацияси ташкил этилмоқда. Насиб этса, яқин йилларда асосий хом-ашё ўша ердан олинади. Боз устига фермерлар ҳам қизилмия етиштира бошлайди. Ердан мақсадли фойдаланмаганлар эса фермерликдан мосуво этилади.

— Қизилмияни қайта ишлаш бўйича тўлиқ тизим яратилган. Бу борада экология қўмитасининг ҳам хулосаси олинган ва фермерларга ўсимлик етиштириш бўйича режа берилган, — деди кенгаш давомида туман ҳокими Омирбай Уснатдинов. — Афсуски қизилмия етказиб берилиши лозим бўлган ҳамма фермерлар ҳам кўнгилдагидек ишлай олмаяпти. Айни вақтда уларнинг фаолиятини ўрганиш жараёни бошланган. Ердан ўринли фойдаланмаган ва қизилмия илдизи олинган ҳудудларда қайта экиш ишларини олиб бормаган фермерлардан ер ўрнатилган тартибда олиб қўйилади.
Туман Халқ депутатлари кенгаши давомида яна бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Эътиборли томони, бундай жонли мулоқот кенгаш тарихида биринчи марта кузатилмоқда. Буни маҳаллий журналистлар ҳам қайд этиб ўтишди.
— Депутат дегани ҳоким нима деса маъқуллаб, чапак чалиб кетавермаслиги лозим. Бунга қадар қабул қилинган қарорларни депутатлар фақат қўллаб-қувватлаган. Демак, қайд этилган камчиликларда уларнинг ҳам айби бор. Президентимиз талабига кўра, депутатлар ўз ташаббуси билан чиқиши лозим. Ҳозирча бунақа депутатларни кўп учратмаяпмиз. Демак, улар ҳам ўзини ислоҳ қилиши лозим, — журналистлар томонидан мана шундай танқидий муносабат билдирилди.
Нукус туман халқ депутатлари бундан сўнг ҳам кенгаш йиғилишига журналистларни таклиф этишга келишиб олишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter