Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Етти ойга қамалди ва бир умр машина ҳайдамайди — Норвегияда Олимпия ўйинларининг икки карра ғолибини нега жазолашгани ҳақида

Етти ойга қамалди ва бир умр машина ҳайдамайди — Норвегияда Олимпия ўйинларининг икки карра ғолибини нега жазолашгани ҳақида

Петтер Нортуг.

Фото: «Playmaker24»

Осло (Норвегия) суди Олимпия ўйинларининг икки карра ғолиби, норвегиялик спортчи Петтер Нортугни етти ойга озодликдан маҳрум этди. Нортуг учун яна бир аламли томони, ҳайдовчилик гувоҳномасидан абадий маҳрум қилинди. Бу ҳақда NKR хабар берди.

Савол туғилади? Инсон тараққиёти индекси, яшаш учун энг яхши, жон бошига даромадлар ва ҳоказо-ҳоказо рейтинглар тепасида турувчи Норвегиядек мамлакатнинг «дунёдаги энг адолатли суди» нега олимпиячига бундай жазони раво кўрди? Нортугнинг айби нимада?

Судда қайд этилишича, 34 ёшли Нортуг тезликни чеклаш қоидаларини тўрт марта  бузган экан (бир мартасида энг юқори тезлик 80 км/с. белгиланган ҳудуддан 221 км/с. тезликда ўтиб кетган). Қаҳрамонлигини (бошқа машиналарни қандай қувиб ўтаётганини) мобил телефонда видеога олиб, бир неча дўстига юбориб мақтанган...

Собиқ спортчининг уйини тинтишганида 6 граммдан зиёдроқ кокаин ва бошқа тақиқланган моддалар чиққан.

Етти ойлик қамоқ — тушунарли,  аммо тўрт марта тезроқ юриб қўйган ҳаваскор «пойгачи»ни машина бошқариш ҳуқуқидан бир умрга маҳрум қилишлари эса, масалан, бизнинг ўқувчиларга бироз ғалатироқ туюлиши ҳам мумкин. Бироқ норвеглар учун эмас. Нега эканини тушунтиришга уриниб кўрамиз (бу хабарни ўтган йили берган эканмиз):

«Норвегия пойтахти Ослода 2019 йил давомида атиги бир инсон йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган! Автоҳалокат қурбони — эркак киши, машинаси билан деворга тўқнашган. Айбдор ҳам, жабрланувчи ҳам ўзи...

Факт: 2018 йили Ослода беш киши йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида оламдан кўз юмган.

Ослода сўнгги маротаба энг кўп одамнинг ЙТҲ оқибатида ўлиши 1975 йилда кузатилган экан — 41 нафар. Ўшандан бери «йўл қурбонлари» сони тинмай камаймоқда. Тўғрироғи, камайтиришмоқда: 1970-йилларнинг охирларидан йўлларда хавфсизлик бўйича қўшимча чоралар ишлаб чиқилганидан сўнг, ҳукумат ҳам, фуқаролар ҳам қонунга бўйсунишни амалда кўрсата бошлагач, одамлар қўрқмасдан кўчага чиқишни бошлашди».

Петтер Нортуг — икки карра Олимпиада чемпиони, Қишки олимпия ўйинларининг кумуш ва бронза медаллари соҳиби, 13 карра (!) жаҳон чемпиони, худди шу йўналишда уч карра кумуш медални қўлга киритган профессионал спортчи — чанғичи-пойгачи. Аммо асло авторалличи эмас. Норвегия кўчаларида ҳаваскор пойгачиларга йўл йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг