Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фуқароларнинг ўз тасвирига бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамланади – лойиҳа

Фуқароларнинг ўз тасвирига бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамланади – лойиҳа

Охирги 3 йилда кишига маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш/шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузишга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик 2,5 баравар, бу борадаги жиноят ишлари салкам 40фоизга ошган.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Қиличев маълум қилди.

Хусусан, кишилар тўлиқ ёки қисман яланғоч бўладиган жойларда ҳам кузатув камералари ўрнатилмоқда ва айрим ҳолларда ундаги тасвирлар Интернетда тарқатилмоқда.

Масалан, дўконларнинг кийим алмаштириш хоналари, ҳаммомлар, ётоқхоналар, айрим тиббиёт хоналарида ўрнатилган видеокузатув камералари кўплаб эътирозларни келтириб чиқармоқда.

Бу сингари ҳолатларни олдини олиш учун Адлия вазирлиги томонидан амалдаги миллий қонунчилик ва 30 га яқин хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилиб, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси ва МЖТКга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

“Шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан қуйидаги тартибларни ўрнатиш таклиф этилмоқда:

  • умумий қоида тариқасида, ҳар қандай кишининг фото ёки видео тасвиридан фойдаланиш учун унинг розилиги талаб қилинади;
  • агар шахс 16 ёшдан кичик бўлса, унинг ота-онаси розилик беради.

Қуйидаги ҳолатларда эса тасвирдан фойдаланиш учун ҳеч қандай розилик талаб қилинмайди:

  • тасвирдаги кишига нисбатан қидирув эълон қилишда;
  • жамоат жойларида, оммавий тадбирларда кишини шахсни тасвирга олишда;
  • маъмурий ҳуқуқбузарлик, жиноят ҳақида хабар беришда;
  • тасвир унинг эгаси томонидан ҳамма фойдалана оладиган очиқ манбаларга, айтайлик, Интернетга жойлаштирилган бўлса;
  • жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув тизимлари орқали шахсларни тасвирга олишда.

Шу билан бирга, давлат хизматчиларини уларнинг розилигисиз тасвирга олиш мумкинлиги белгилаб кетилмоқда.

Яъни, ўз хизмат вазифасини бажараётган давлат хизматчиларини улардан сўрамаган ҳолда расм, видеога олиш ва уни тарқатиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, кишилар қисман ёки тўлиқ кийимсиз бўладиган жойларда видеокузатув камераларини ўрнатиш ва шахсларни тасвирга олиш тақиқланмоқда.

Жамоат жойларида видеокузатув тизимлари ўрнатилса, бу ҳақда аниқ ва барчага тушунарли огоҳлантирувчи белги ўрнатилиши шарт.

Қонунни қўллашда турли талқинга сабаб бўлмаслиги учун жамоат жойи тушунчасига таъриф берилмоқда.

Шунингдек, Меҳнат кодексига ходимни тасвирга олиш, ушбу тасвирлардан фойдаланиш учун ходимни олдиндан огоҳлантириш ва розилигини олиш тартиби белгиланмоқда.

Лойиҳа билан шахсий ва оилавий сирларни ташкил этувчи ахборотни тўплаш ёки тарқатиш мақсадида ахборотни яширинча олишга мўлжалланган техника воситаларидан фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

МЖТКга ушбу нормани киритиш зарурати шундаки, меҳмонхоналар, ётоқхоналарга яширин камералар ўрнатилиб, кишиларнинг ҳаддан ташқари шахсий сирларини уларнинг розилигисиз ва хабарисиз тўплаш ҳоллари кузатилмоқда.

Лойиҳа аҳолининг фикр ва мулоҳазаларини ўрганиш асосида такомилига етказилиб, юқори турувчи органларга киритилади.                  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг