Ғазода яна бир нохуш ҳодиса кузатилди

Ғазо секторидаги инсонпарварлик жамғармасининг америкалик ходимлари ёрдам сўраб келган тинч аҳоли вакилларини ўққа тутди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Агентлик ихтиёридаги видеолавҳада инсонпарварлик кўмаги учун йиғилган юзлаб фаластинликларга қарата жанговар ўқ отилгани, уларни қўрқитиш учун шовқин чиқарувчи гранаталар қўлланганини кўриш мумкин.
Гуманитар жамғарма вакили тинч аҳоли вакиллари ўққа тутилгани рад этган. Аммо ушбу жамғарма фаолияти борасида халқаро ташкилотлар бундан аввал ҳам хавотир билдирган эди.
Маълумки, Ғазо секторидаги 2,3 млн аҳоли айни пайтда очлик ва ташналик домида қолмоқда. 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода уруш олиб бораётган Исроил ҳудудга ҳатто озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва бирламчи буюмлари олиб кирилишини ҳам ман этган. Тель-Авив маъмурияти БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг анъанавий кўмак тарқатиш тизимини ҳам издан чиқарган.
Жорий йил май ойида Ғазода Исроил назоратида, АҚШ иштирокида инсонпарварлик жамғармаси фаолияти йўлга қўйилган. Аммо кўмак учун келган фаластинликларни ҳарбийлар ўққа тутиши хавотирларга сабаб бўлмоқда.
Хабарларга кўра, инсонпарварлик кўмаги тарқатиш шохобчалари “оммавий қатлгоҳ”ларга айланмоқда.
БМТ таҳлилларига қараганда, ҳозирга қадар инсонпарварлик кўмаги тарқатиш шохобчаларида 550 дан зиёд фаластинлик ўлдирилган.
Бир неча кун аввал Исроилнинг “Haaretz” газетаси ҳам яҳудий аскарининг иқрорини чоп этганди. Унинг айтишича, Исроил армияси аскарлар ва офицерларга Ғазо аҳолисига қарата ўқ отишни буюрган.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Defence for Children International ва Doctors Against Genocide ташкилотлари Исроилни Ғазо сектори аҳолиси, хусусан, болаларни атайин оч қолдириш, яъни очликдан қурол сифатида фойдаланишда айблаган эди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари халқаро ҳамжамиятни бўлгадаги гуманитар ҳалокатга эътибор қаратишга чақирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter