Германия Украинага 1,9 млрд евролик ёрдам ажратади

Германия мудофаа вазири Борис Писториус Украина раҳбари Владимир Зеленский билан Киевда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Германия Украинага ҳарбий ёрдамнинг навбатдаги транши ажратмоқчи эканини айтди. Бу 1,9 миллиард еврони ташкил қилади.
Шу билан бирга, Германия Украина ҳукуматига ўзининг учиш масофаси 500 км дан ошадиган “Таурус” ракеталарини етказиб беришдан бош тортмоқда.
Жаноб Писториуснинг таъкидлашича, янги ёрдам пакети "ҳали тугалланмаган", аммо маблағлар "яқин ҳафталар ва ойларда" мавжуд бўлиши мумкин (AFP иқтибоси). Бу миқдор билан Германиянинг бу йил Украинага берган ёрдами тахминан 9 миллиард еврога етади.
Шу билан бирга, вазир журналистнинг Германия Украинага "Таурус" ракеталарини берадими, деган саволига салбий жавоб берди. "Менинг жавобим йўқ", деди Писториус. Немис расмийсига кўра, Германиянинг молиялаши Украинанинг ўзининг узоқ масофага учувчи қуролларини яратишга қаратилган.
Собиқ канцлер Олаф Шолц бошчилигидаги Германиянинг аввалги ҳукумати ҳам Киевга “Таурус” ракеталарини етказиб беришдан бош тортган эди. Шолц Украинани Россиянинг ички ҳудудига ҳужум қилиш учун қурол билан таъминлашни "нотўғри" ҳаракат деб атади.
Германиянинг янги канцлери Фридрих Мерц аввалроқ Украинани узоқ масофали ракеталар билан таъминлашга тайёрлигини маълум қилган эди, бироқ лавозимга келганидан бери ҳукумат позициясини ўзгартира олмади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter