Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳудудларда биттадан агрохизмат зоналари ташкил этилади

Ҳудудларда биттадан агрохизмат зоналари ташкил этилади

Давлат раҳбарига қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий банк хизматларини йўлга қўйиш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектга асосланган ечимларни жорий қилиш борасидаги ишлар ҳам тақдимот қилинди.

2025 йилда «Агробанк» АТБ томонидан қишлоқ хўжалиги техникаси учун 1,6 триллион сўмлик кредитлар ажратилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 3,9 триллион сўмга етказиш кўзда тутилган. Кредитлаш жараёнларини автоматлаштириш натижасида кредит ажратиш муддати 3 кундан 3 соатгача қисқариши кутилмоқда.

Бундан ташқари, мижозларга комплекс қишлоқ хўжалиги хизматлари кўрсатилади. Бунда ҳар бир ҳудудда биттадан агрохизмат зоналари ташкил этилади ва уларда қишлоқ хўжалиги агенти фаолият юритади. Ушбу зоналарда фермерлар бир жойнинг ўзида банк, консалтинг, мониторинг, тупроқ таҳлили, кўчат етказиб бериш хизматлари, агроном маслаҳатидан фойдаланишлари, ўқув курслари ҳақида маълумот олишлари мумкин бўлади.

Банкнинг чорвачилик ва мевачиликда, сувни сарфини «ақлли» бошқаришда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича пилот лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалигида стартапларни молиялаштириш мақсадида устав капитали 100 миллиард сўмлик янги венчур компаниясини таъсис этиш борасидаги режалари ҳам кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари таклифларни маъқуллаб, қишлоқ хўжалигида механизация даражасини янада ошириш, маҳаллий ишлаб чиқариш ва сервисни ривожлантириш, рақамли платформалар орқали мониторинг ва молиявий хизматларни яхшилаш юзасидан мутасаддиларга бир қатор кўрсатмалар берди.

Манба: president.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг