Ўзбекистонликларнинг чорак қисми қарз олиб тўй қиляпти – сўровнома

«Юксалиш» ҳаракати томонидан аҳоли ўртасида юқори тўй харажатларига сабаб бўлаётган омилларни белгилаш, мавжуд анъаналарга бўлган жамоатчилик кайфиятини баҳолаш мақсадида сўровнома ўтказди.
Сўровномада жами 1 247 киши иштирок этиб, у пойтахт, вилоят марказлари ва туманларни ўз ичига олган ҳолда мамлакатнинг турли ҳудудларидан бўлган респондентларни қамраб олган.
Респондентларнинг катта қисми – 81,24 фоиз (айниқса, вилоятларда яшовчилар) – ўз оиласининг ўртача ойлик даромадини 5 миллион сўмдан 12 миллион сўмгача деб кўрсатган. Бироқ, тўй харажатлари ҳақидаги саволга режалаштирилган ёки амалда сарфланган маблағлар кўпинча 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача ёки ундан ҳам кўпроқни ташкил қилишини айтишган (65,2 фоиз).
Бу кўрсаткич кўплаб оилалар учун бир йиллик даромадга тенг ёки ундан ҳам юқори бўлиши мумкин.
Шунга мос равишда, аксарият респондентлар тўй харажатларини шахсий жамғармалари ҳисобидан эмас, бошқа манбалар орқали қоплаганликларини билдирган.
Асосий молиявий манбалар қуйидагилар бўлган:
- ўзи ва яқинлари (қариндошлари) ёрдамида – 55,17 фоиз;
Бу натижа тўй харажатларининг жамоавий молиялаштирилаётганини кўрсатади – яъни, оғирлик фақат келин-куёв эмас, балки уларнинг ота-оналари ва қариндошларига ҳам тушади.
- қарз олган / олади –25,1 фоиз;
Бу эса аҳоли ўртасида тўй туфайли юзага келган қарздорлик даражасининг юқорилигини англатади.
- даромади етарли – 14,11 фоиз;
- жавоб бермаганлар – 5,62 фоиз.
Бу рақамлар шуни кўрсатадики, тўй – кўплаб оилалар учун улкан молиявий юк, уларнинг мавжуд даромадларига мутлақо мос келмайди ва қарзга ботиради, бу эса янги турмуш бошлаётган оилалар ёки уларнинг ота-оналари учун молиявий барқарорликка жиддий хавф туғдиради.
Респондентларнинг 46,11 фоизи тўйга катта харажат қилишга жамият босими ва «элга тўй беришим керак» деган мажбурият сабаб бўлишини билдирган. Яъни, «Уят»дан қўрқиш ва «юзимиз ерга қарамасин» деган истак оилаларни ўз имкониятларидан ортиқча харажатларга мажбур қилмоқда.
Сўровнома иштирокчиларининг энг катта гуруҳи тўй харажатларини шахсий танлов деб ҳисобласа-да, респондентларнинг қарийб ярми тўғридан-тўғри ёки билвосита жамият босимини тан олган.
Сўровнома натижалари, шунингдек, жамиятда ички қарама-қаршилик мавжудлигини очиб беради.
Яъни, респондентлардан «Тўй қандай бўлиши керак?» деб сўралганида уларнинг 39,62 фоизи «Камтарона» ёки «Ўртача, яқинлар даврасида» каби вариантларни танлаган.
«Дабдабали, ҳашаматли» вариантини эса атиги 6,66 фоиз респондент афзал кўрган.
Бу жамиятда дабдабали тўйларнинг самарасизлиги ҳақида аниқ тушунча мавжудлигини ва кўпроқ камтарона тўйлар ўтказишга бўлган кучли истак борлигини англатади.
Афзал кўрилган муқобил вариантлар: агар танлов имкони бўлса, респондентлар маблағни қуйидаги йўналишларга сарфлашни афзал кўришган:
- таълим олишга,
- уй-жой сотиб олишга,
- саёҳатларга,
- соғлиғини тиклашга,
- бизнесга сармоя киритишга.
«Сўров натижалари шуни кўрсатадики, Ўзбекистон аҳолиси дабдабали тўйлар ўрнига маблағни келажакка йўналтиришга тайёр — бу таълим, уй-жой хариди, соғлиқни тиклаш ёки бизнесни ривожлантириш каби йўналишларни ўз ичига олади. Бу эса аҳолининг молиявий саводхонликка интилиши ва узоқ муддатли режалаштиришга бўлган эҳтиёжи борлигини англатади», – дея хулоса қилади «Юксалиш» УМҲ.
Шунингдек, Ўзбекистонда тўй анъаналарини ислоҳ қилиш ва соддалаштириш бўйича кучли ижтимоий буюртма мавжудлиги, аҳоли энг қиммат ва чарчатадиган маросимлардан воз кечишга тайёрлигини билдиради.
Манба: yuksalish.org
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter