Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзмиллийбанк халқаро капитал бозорида облигацияларни муваффақиятли жойлаштирди

Ўзмиллийбанк халқаро капитал бозорида облигацияларни муваффақиятли жойлаштирди

2025 йил 8 июль куни «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» акциядорлик жамияти (Ўзмиллийбанк) халқаро капитал бозорида АҚШ доллари ҳамда миллий валютада икки траншдан иборат халқаро облигацияларни муваффақиятли жойлаштирди. Жумладан:

1)  300 млн. АҚШ долларилик облигациялар 5 йил муддатга 7,2% купон ставкасида;
2)  1,5 трлн. сўмлик облигациялар 3 йил муддатга 17,95% купон ставкасида жойлаштирди.
Халқаро облигацияларни жойлаштириш ва унга тайёргарлик кўриш жараёнига етакчи халқаро молия институтлари ва юридик компаниялар жалб қилинди:

Андеррайтерлар: J.P. Morgan, Citi, Societe Generale, Natixis, Standard Chartered, Mashreqbank, Abu Dhabi Commercial Bank, Oman Investment Bank, Commerzbank.
Юридик маслаҳатчи: Dentons.
Аудитор: Deloitte & Touche.

Ушбу облигациялар чиқарилиши 140дан зиёд халқаро институционал инвесторлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди – аризаларнинг умумий ҳажми 1,3 млрд. доллардан ошган бўлиб, шу жумладан АҚШ долларида – 1,04 млрд., сўмда эса –3,1 трлн. ташкил этди.

Қулай бозор шароитлари ҳамда облигацияларга ошиб бораётган талаб туфайли Ўзмиллийбанк ўтган йилги эмиссияга нисбатан купон ставкаларини пасайтиришга эришди:

-АҚШ долларидаги эмиссия учун 130 базис пунктига (8,50% дан 7,20% гача),
- сўмдаги эмиссия учун 192,5 базис пунктига (19,875% дан 17,95% гача).

Ўтказилган «Road-Show» доирасида халқаро инвесторлар билан бўлиб ўтган учрашувлар натижасида облигацияларни жойлаштириш (яъни бозорга чиқариш) шартлари анча яхшиланди: Ўзбекистон Республикасининг суверен облигацияларига нисбатан фоиз ставкасининг устамаси (спреди) илк маротаба АҚШ долларида 50 базис пунктга ва ўзбек сўмида 105 базис пунктга камайтирилди.

Ўзмиллийбанк облигацияларининг купон ставкасининг пасайиши халқаро инвестиция жамоатчилиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигига бўлган ишончининг ортиб бораётганини акс эттиради.

Шубҳасиз, ушбу жараённинг ижобий кутилмаларининг қўшимча тасдиғи ҳамда глобал инвесторларнинг юқори даражадаги талабларини рағбатлантирган муҳим омиллардан бири – нуфузли халқаро рейтинг агентликлари томонидан Ўзмиллийбанкка берилган юқори баҳолари ҳисобланади:

S&P ва Moody’s агентликлари – банкнинг кредит рейтинги прогнозини «барқарор»дан «ижобий»га ўзгартирди;
Fitch Ratings агентлиги – банкнинг узоқ муддатли рейтингини «BB-»дан «BB»га оширди ва «барқарор» прогнозини тасдиқлади.

Рейтинг кўрсаткичларининг оширилишига таъсир қилган асосий ички омиллардан қуйидагилари бўлди:

⦁ банкнинг трансформациясида эришилган изчил натижалар,
⦁ активлар сифатининг яхшиланиши,
⦁ соф фойданинг барқарор ошиб бориши,
⦁ капиталлашув даражаси юқорилиги,
⦁ мижозлар базасининг кенглиги.

2025 йилнинг биринчи ярим йиллик натижаларига кўра, Ўзмиллийбанк қуйидаги молиявий кўрсаткичларга эришди:

⦁ Жами активлар –141 827,06 млрд сўм (11,2 млрд. доллар атрофида);
⦁ Кредит портфели –109 302,63 млрд сўм (8,6 млрд. доллар атрофида);
⦁ Капитали – 19 324,69 млрд сўм (1,6 млрд. доллар атрофида);
⦁ Соф фойдаси– 1 005,29 млрд сўм атрофида (80 млн. доллар атрофида).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ, 2025 йилда Ўзмиллийбанк олдига халқаро молия институтларидан жами 1,2 млрд. АҚШ доллари миқдорида кредит линияларини жалб этиш вазифаси қўйилган.

Жалб қилинган маблағлар туризм, транспорт, уй-жой қурилиши, энергетика, соғлиқни сақлаш, аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш каби устувор инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йил 16 декабрдаги топшириқларига мувофиқ, маҳаллаларни барқарор ривожлантиришни кўзда тутувчи лойиҳаларга, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзмиллийбанк 2025 йилда халқаро бозорда миллий валютада (сўмда) облигацияларни «оммавий» жойлаштиришга муваффақ бўлган Ўзбекистоннинг биринчи тижорат банки бўлди. Сўмда жалб қилинган маблағлар ҳудудларда устувор лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, уй-жой қурилиши, хизматлар соҳаси, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлашга йўналтирилади.

Геосиёсий беқарорлик давом этаётган даврда Ўзмиллийбанк халқаро облигацияларнинг муваффақиятли жойлаштирилиши – халқаро инвесторларнинг кучли ишончини яққол тасдиқлади хамда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга берилаётган юқори баҳонинг яна бир далили бўлди.

Ушбу битим Ўзбекистоннинг суверен рейтинги яхшилангандан кейин амалга оширилган биринчи транзакция бўлиб, мамлакатдаги бошқа тижорат банкларининг халқаро капитал бозорларига чиқиши учун муҳим қиёсий мезон (benchmark) вазифасини бажаради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг