Президент Администрациясида муҳим тайинловлар амалга оширилди

Комил Алламжонов Президент Администрациясининг янги раҳбари Саида Мирзиёевага жамоатчилик асосида мустақил маслаҳатчи сифатида тайинланди.
Комил Алламжонов ушбу лавозимда инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, сўз эркинлигини таъминлаш ва мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш соҳаларида экспертлик ёрдамини кўрсатади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари билан:
– Бекзот Мардонович Мавлонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди;
– Азиз Юлдашевич Магрупов Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси лавозимидан озод этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Саида Шавкатовна Мирзиёева Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланганди.
Комил Алламжонов 2024 йилда Администрациянинг Ахборот сиёсати департаменти раҳбари лавозимидан озод этилганди ва фаолиятини хусусий секторда давом эттиришини маълум қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter