Қашқадарёда Президент раислигида йиғилиш бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилиш бошланди.
«Вилоятдаги ўзгаришларни кўриб, одамлар билан гаплашиб, ислоҳотларимиз уларнинг ҳаётига шиддат билан кириб бораётганига яна бир бор амин бўлдим. Олдинлари битта вилоятдаги ўзгаришлар билан танишишга бир кун етарди. Шу кунларга етиб келдик, ҳозир битта туманга бир ҳафта ҳам кам», — деди давлатимиз раҳбари.
Саккиз йил аввал вилоят саноатининг ярмидан кўпи нефт-газ ва кимё тармоғи корхоналарига тўғри келгани, ўтган даврда электротехника, қурилиш материаллари, тўқимачилик, мебелчилик соҳаларида катта сакраш бўлиб, ҳозирда бу тармоқларнинг саноатдаги улуши 54 фоизни ташкил этаётгани таъкидланди.
Лекин қилинган ишлар билан чекланмасдан, янада юқори суръат билан ишлаш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Президентимиз жорий ҳафта бошида ҳокимларга юқоридан топшириқ кутмасдан, ўзи ташаббус қилиб, проактив ишлашга ўтиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берганини эслатди. Қашқадарёда ҳали ишга солинмаган камида 15 миллиард долларлик салоҳият бор. Бу имкониятларнинг камида учдан бири лойиҳага айлантирилса, вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулотини келгуси беш йилда бемалол 10 миллиард доллардан ошириш мумкинлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан Қашқадарёда вилоят «Ислоҳотлар штаби» тузилиши белгиланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter