Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам Россиядаги эҳтимолий ўлат ҳолати ортидан чегара назоратини кучайтирди
Қозоғистон ва Қирғизистон Россиянинг Иркутск вилоятида ўта хавфли инфекция гумони билан боғлиқ ҳолат ортидан давлат чегараларида санитария-карантин назоратини кучайтирди.
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иркутск вилоятидаги вазиятни кузатаётганини маълум қилди. Вазирликка кўра, мамлакатга инфекция кириб келиш хавфи дастлабки баҳолаш бўйича паст. Чегара ўтказиш пунктларида санитария-карантин назорати амалга оширилмоқда, ҳозирча юқори ҳарорат ёки ўта хавфли инфекция аломатлари бўлган йўловчилар аниқланмаган.
Қирғизистонда ҳам барча санитария-карантин пунктлари кучайтирилган иш режимига ўтказилди. Мутахассислар чегарадан ўтаётган одамлар, транспорт воситалари ва юкларни назорат қилмоқда. Бу чоралар инфекциянинг мамлакатга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин Ўзбекистон томони ҳам тегишли чоралар кўрилаётганини маълум қилган эди.
Юқоридаги тадбирларга РФ Иркутск вилоятининг Шелехов шаҳрида ўлатга қарши кураш институти ходимининг вафоти сабаб бўлмоқда. Марҳума билан мулоқотда бўлган 197 киши тиббий кузатувга олинган. Мавжуд маълумотларга кўра, уларда касаллик белгилари аниқланмаган ва лаборатория текширувлари манфий чиққан.
Шу билан бирга, Россия Роспотребнадзори 4 октябр куни Иркутск вилоятида ўлат ҳолатлари аниқланмаганини билдирган. Вафот этган аёлнинг ўлими сабаби ҳозирча «этиологияси аниқланмаган пневмония» сифатида кўрсатилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter