Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ишонинг, саёҳат сизни бошқа одамга айлантиради

Ишонинг, саёҳат сизни бошқа одамга айлантиради

фото: sotni.ru/kartinki

Ўн йиллар аввал мен ҳам бошқалар каби эдим, токи бир кун севимли фильмим «Форрест Гамп» бош қаҳрамони сингари йўлга чиқиб, уйга қайтишни бошқа истамай қолганим каби...

Ҳаммаси сўнгра бошланди!

Мен таниган барча, ишонаманки, юртимда яшовчи кўпчилик инсонлар, деярли бир хил орзу «этагидан тутган»: «тўй қилсам, юртга ош берсам», «чала қолган иморатни ростласам», «автомобиль олсам ёки эскисини янгига алиштирсам», «айфон телефондан биттагина олиб ишлатсам ё телефонни янгиласам» ва. ҳ.з. Ҳолбуки, биз ўзимиз ва бола-чақамизга едирмай-ичирмай йиллаб пул тўплаб, сўнгра таниган-танимаганни чақириб, тўй қиламиз – 150 кг ош берамиз, бир кунда сарфлаб юборамиз йиққан-тўплаганларимизни. Сўнгра яна етишмовчилик. Чала турган иморат эса юҳо аждар каби миллионларни «кўрмадим» дея «ютаверади» – ҳеч битмайди. Автомобилнинг узоқни яқин қилиши рост, аммо у ҳам ҳашам белгисига айланди – Кобальт, Малибу, Жип, Оникс (бу машиналар номини 8 ёшли қизчадан сўраб олдим, у яна электрон машиналар ҳам бор, – деди). Ҳолбуки уларнинг барчасида тўрттадан ғилдирак, бир рул ва ўриндиқлар бор, негадир номлар ўзгаргани сари, нархлар янада қиммат ва ниҳоят ҳашам ўлгур ҳам кўзимизни борган сари кўр қилаверади, телефон ҳам шундай, 1000, 2000 долларлик телефонлар ҳушимизни олади.

Биз яшаймиз, аммо фақатгина ҳашам учун, бошқаларнинг олдида бойлигимиз, заримиз ё зўримиз билан мақтанмоқ учун ҳаракат қилаётгандекмиз. Аммо ички дунёмизни тўлдириш, гўзал таассуротлар, бошқалар суҳбати, кўрмаганингиз манзилларга бир бошқа нигоҳ билан боқиш учун бошқа йўлдан юришимиз ҳам мумкин.

Сизга бир сирни айтайин: бир марта уйингиздан ташқарига чиқсангиз, қайтиб эскиси каби бўлмайсиз – ўзгарасиз! Нафақат ташқи кўринишингиз, асосийси, ички дунёингиз кескин бошқа бир қиёфага кўчади. Аслида ҳам инсонни ўзгартирадиган унинг ички қуёшидир. Мутлақо хориж сафарига боринг демайман (зеро, тўғри тақсимланган бюджет билан буни ҳам қила оласиз), аввал ҳеч бўлмаса, қўшни қишлоққа, қўшни шаҳарга сафар қилинг. Қариндошни кўргани ё тўйга боришни назарда тутмаяпман. Сиз саёҳат хаёли билан чиқинг ташқарига. Еттинчи кўзингизни (мўъжиза кўзи) очиқ тутинг ва атрофдаги жамики қиёфаларга илкисдан боқинг – илк кўриб турган каби (зеро, бу йўлдан аввал ҳам ўтган бўлишингиз мумкин, фақат турмуш ташвиши билан бўлиб, у гўзалликларни пайқамагансиз)...

Инсонни ҳар доимгидан кўра бошқа инсонга айлантирадиган ҳодиса саёҳатдир. Саёҳат бизнинг оғриқларимиз, қўрқувларимизга дармон, умидларимизга эса қанот бўлади. Ташвиш-дарддан бир озгина узоқлашиб, теран нигоҳ билан унинг ечимига боқмоғимиз керак узоқдан туриб. Ечим – ўша ерда. Қайтганингизда қалбингизда ғубор қолмагани, дилингиз – уни оғритганларга нисбатан юмшагани, туну кун бошингизни ғовлатган муаммолар аслида бу қадар хафа бўлишингизга арзимаслигини тушуниб етасиз. Сиз ортиқ эскиси каби бўлмайсиз!

Биз уйимизни севадиган халқмиз. Ҳаттоки «ўз уйим – ўлан тўшагим», деган бир мақол ҳам бор. Аммо таассуфки, бу «ўлан тўшагимиз»ни ўзимиз билан у дунёга олиб кетолмаймиз. «Уйимда оёғимни узатиб ётаман, саёҳатда не маъно?» деймиз, аммо йўлга чиқиб, саёҳат баҳона юрмас экансиз, 50 ёшданоқ оёқларингиз оғриғидан қадам босолмай қоласиз.

Саёҳатга чиқинг! Елкангизга сув ва нонингиз солинган хуржунингизни ортиб, йўлга чиқинг. Ишонинг, борки ғам-ғуссангиз йўлларда тўкилиб адо бўлади. Уйингиздан чиқаркансиз, саёҳатга кетаётганингизни ўзингизга уқтиринг ва кетаркансиз – ёнингизда сизга ҳамроҳ биргина дунё бўлсин! Зеро, энг яхши суҳбатдош удир!

                                                                                            Сабоҳат Раҳмон, саёҳатчи журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг