Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Табиб — баданнинг шоҳи

Табиб — баданнинг шоҳи

Фото: «Dermatologia.ru»

2020 йил 8 ноябрь — Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари куни

2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида» қонунга мувофиқ юртимизда ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси шифокорларнинг касб байрами куни сифатида ҳар йили кенг нишонланади.

Табиб ўз фанининг моҳир билимдони бўлиши; беморларга раҳм-шафқат билан муомала қилиши; асли тиб илмига табиати келишмоғи, донишмандлар сўзига риоя қилиб, уларга эргашмоғи; мулойим сўз ва бемор кўнглини кўтарувчи, андишали, хушфеъл бўлмоғи керак.

Алишер Навоий

***

Тангри кимники хуш кўрса, уни ҳамма учун керакли қилиб қўяди.

Ҳадисдан

***

Шоир тилнинг амири бўлганидек, табиб баданнинг шоҳидир. Табибнинг вазифаси ҳастани даволаш, у ким бўлишидан, қандай масҳабга, динга мансублигидан қатъи назар, ёшми-қарими, эркакми-аёлми, ўғилми-қизми, уни оёққа турғазиши, дардига шифо бериши, ўзгаларга бегона ёки хирс кўзи билан қарамаслиги, хаста қиз бўлса, ўз қизини, ўғил бўлса, ўз ўғлини, аёл бўлса, ўз онасини, эркак бўлса, ўз отасини, инига акасини кўраётгандек бўлиши шарт. Хастага ширин сўз, хушҳулқ, хушмуомалалик билан ёндашмоғи, унинг дардини ўз дарди деб билмоғи, оғриса-оғриб, йиғласа-йиғлаб, инграса-инграб даволаши керак. Аммо сўкинса-сўкинмаслиги, додласа-додламаслиги, ёмон кўнгилга бормаслиги лозим.

Абу Али ибн Сино

***

Шундай беморлар борки,
Тўшакда михланиб ётар бенажот,
Уялиб кетасан тузалганингдан.
Шундай шифокорлар борки,
Туғишган акангдай қарайди сенга,
Тузалиб кетасан уялганингдан...

Муҳаммад Юсуф

***

Шифокорлик касби — жасорат. У фидокорликни, қалб тозалигини ва эзгу ниятлар улуғлигини талаб қилади. Ҳар ким ҳам бунга қодир эмас.

 Антон Чехов

***

Шифокорнинг эл суяр ва қадрли мутахассис сифатида шаклланишида унда 3 та хосият: тиббий билим, тиббий маҳорат, шифокор фикри бўлиши керак.

 Одилжон Салоҳиддинов, тиббиёт фанлари доктори

***

Шифокор аҳлоқан камолотга эришган, ҳамиша бурчига садоқатли, инсонга яхшилик қилишга интилувчи, одамлар дардига малҳам бўлувчи, юқори маданиятли, зиёли бўлмоғи лозим.

 Неъматжон Мамасолиев, тиббиёт фанлари доктори, профессор

***

Агар шифокор суҳбатидан кейин бемор ўзини енгил ҳис этмаса, у шифокор эмас.

 В.М.Бехтеров, руҳшунос олим

***

Шифокор одоблилигининг асоси чуқур билимдир. У бошқа ҳар қандай мутахассисликдан фарқли ўлароқ, ўз соҳасининг энг сўнгги ютуқларидан хабардор бўлиши зарур. Масалан, яқиндагина тиббий адабиётда баён этилган касалликнинг кечиш хусусиятлари, янги диагностик усуллари, янги дори-дармонлардан бехабар қолиш бемор соғлиғига жиддий таъсир этувчи салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

В.Х.Василенко, академик

***

Шифокор даволаш билан банд бўлиб қолмай, тиббиётга оид адабиётларни ҳам ўқиб бориши керак. Минглаб шифокорлар, эҳтимол минг йилдирки, тиббиётни такомиллаштириш устида меҳнат қилиб келганлар. Шу боис уларнинг асарларини ўқиб, мазмунига тушуниб етишга интилган киши минг йил давомида беморларни даволаб келгандан кўра ўзининг озгинагина умри давомида кўпроқ нарсани кашф этади.

 Абу Бакр Ар Розий

***

Бемор соғлиғини шахсий манфаатларимдан юқори қўйишга, камтар ва ҳалол бўлишга, ўз билимим ва маҳоратимни доимо ошириб боришга қасамёд қиламан.

Ўзбекистон Республикаси шифокорининг қасамиёдидан

***

Беморларга ўз ақл-заковатимга таянган ҳолда фақатгина уларга фойдали бўладиган тавсиялар бераман, турли виждонсизликлар ва уларга зарар келтиришдан ўзимни тияман.

Гиппократ қасамёдидан

***

Қаерда инсонлар севилса, ўша ерда тиббиёт санъати ардоқланади.

 Гиппократ

***

Агар инсонлар бир-бирлари билан курашишга сарфлаган маблағларини бирлаштириб, ундан саломатлик йўлида фойдаланишганида, оламда ҳеч бир касаллик қолмасди.

В.И.Циолковский, космонавт олим

Дурдона тўплади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг