Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Украина урушида хавфли қурол қўлланяпти – Германия давлат вазири

Украина урушида хавфли қурол қўлланяпти – Германия давлат вазири

Украина урушида ҳарбий аслаҳалардан ҳам кўра хатарлироқ қурол – дезинформация, сохта маълумотлар тарқатиш ва пропаганда усулидан кенг фойдаланилмоқда. Бу ҳақда Германиянинг маданият ва ОАВ масалалари бўйича давлат вазири Клаудиа Рот Бонн шаҳрида 20-21 июнь кунлари бўлиб ўтган халқаро форумда (Global Media Forum) маълум қилди. 

DW томонидан, Германия ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилган илмий-амалий анжуманда 100 дан зиёд мамлакатдан келган экспертлар, журналистлар ҳамда сиёсий-иқтисодий доира вакиллари қатнашди.

Украина босқини оммавий ахборот воситалари учун ҳам жиддий синовга айланди. Уруш кетаётган ҳудудларда, ҳаёт учун хатарли шароитда фаолият юритаётган журналистлардан ёлғондан ростни, оқдан қорани ажратиш ҳам талаб этилмоқда. «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти ҳисоботида ҳам кейинги вақтларда дезинформация ва пропаганда икки карра кучайиб кетгани қайд этилган.

Еврокомиссия вице-президенти В.Юрова, Германия давлат вазири К.Рот ҳамда журналистлар. Фото: «Xabar.uz»

Пропаганда ва дезинформацияни энг хатарли қурол деб атаган Германия давлат вазири Клаудиа Рот мустақил ва профессионал журналистикагина ҳақиқатни юзага чиқара олишини таъкидлади.

Европа комиссияси президентининг Европа қадриятларини муҳофаза этиш ва ошкоралик сиёсати бўйича ўринбосари Вера Юрова ижтимоий тармоқларда урчиган ёлғон кампаниясини танқид қилди.

«Йирик ижтимоий тармоқлар учун сохта ахборот тарқатиш мўмай пул топиш усулига айланиб қолди. Бу ҳолга чек қўйиш керак», – деди В.Юрова.

ЕИ расмийсига кўра, ижтимоий тармоқ маъмуриятлари фойдаланаётган алгоритмлар фойдаланувчиларни турли ахборот манбаларига мурожаат қилиш имконидан маҳрум қилмоқда, бу эса омманинг эркин фикрлаш, танқидий мушоҳада салоҳиятига тўсқинлик қилмоқда. Еврокомиссия президентининг ўринбосари рақамли платформалар эгалари фактларни текшириш тизими учун кўпроқ маблағ ажратиши лозимлигини  уқтирди.

Россиялик журналист ва адиб Михаил Зигарь мустақил ОАВнинг йўқ қилинишини Украина урушининг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар қаторида санади. Унинг айтишича, Россияда кам сонли бўлса-да, мустақил ОАВ фаолият юритган кезларда жамоатчиликка ҳаққоний ва холис ахборот тарқатиш имкони мавжуд эди. Аммо мустақил матбуотнинг таъқиб этилиши ва давлат пропаганда машинасининг шиддатли ҳаракати сабаб омма онги манипуляция қилинди. М.Зигарь вазият қанчалик мураккаб бўлмасин, Россиядаги асл вазиятни кўрсатиш йўлида фаолият юритаётган журналистлар (нотиқ уларни партизанларга ўхшатди) меҳнати мева беришига умид билдирди.

Украинанинг «UA:PBC» телеканали янгиликлар таҳририяти бош муҳаррири Ангелина Карякинага кўра, бугун уруш майдонларида фаолият юритаётган журналистлар олдида нафақат ҳодисаларни холис ёритиш, айни чоқда, жонини сақлашдек залворли вазифа ҳам турибди. Бугун Украина журналистлари ўртасида эксклюзив материал учун рақобат деярли йўқолган. Ёруғ ва озода таҳририятларда эмас, балки ертўлаларда фаолият юритаётган ОАВ вакиллари худди сув, егуликни бир-бири билан баҳам кўргани каби факт, материал ва видеолавҳаларни ҳам ўзаро бўлишмоқда.

«Bild» бош муҳаррири ўринбосари П.Ронцҳаймер уруш майдонидаги журналистларни ҳимоя қилишга чақирди. Фото: «Xabar.uz»

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотларига қараганда, 21 июнга қадар Украина муҳораба майдонларида 12 нафар журналист ҳалок бўлди. Дом-дараксиз йўқолган, ўғирлаб кетилган журналистлар ҳам бор. Германиянинг «Bild» нашри бош муҳаррири ўринбосари Пол Ронцҳаймер Россия ҳарбийлари ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган ҳамкасбларини ёдга олар экан, халқаро ҳамжамиятни ОАВ ходимларини фаол ҳимоя қилишга даъват қилди. Эътиборга молик жиҳати, «Bild» бош муҳаррири ўринбосари анжуман аҳлига Украинадаги ҳарбий майдонлардан туриб мурожаат йўллади.

Йель университети профессори, халқаро мукофотлар соҳиби Тимоти Снайдер Россиянинг Қора денгиз орқали Украина буғдойи экспортига тўсқинлик қилаётганини Сталин давридаги қизил террорга муқояса қилди. Дунё матбуоти бу мавзуга у қадар жиддий эътибор қаратмаётганини танқид қилган атоқли олим буғдой қамали очарчиликка олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Анжуманда 100 дан ошиқ мамлакат вакиллари қатнашди. Фото: «Xabar.uz»

Анжуманда бот-бот таъкидланганидек, Украина уруши журналистлар зиммасига ҳам улкан масъулият юкламоқда. Тўғри, ОАВ ходимлари урушни тўхтатишга қодир эмас, аммо улар дунё жамоатчилигига қирғинбаротнинг даҳшатларини кўрсатиш орқали сиёсатчиларни жиддий қарорлар қабул қилишга мажбурлай оладилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг