Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

IT-Парк корхоналарида ёшлар юқори даромадли иш жойлари билан таъминланди

IT-Парк корхоналарида ёшлар юқори даромадли иш жойлари билан таъминланди

Фото: «Xabar.uz»

Шу йилнинг 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Astrum» IT-академиясида АКТ соҳаси мутахассислари, «айти»чилар билан учрашиб, «Бутун Ўзбекистон ёшларининг «айти» соҳасидаги интилишларига катта туртки бериш ва мотивация бериш учун келдим» дея улар билан самимий мулоқот ўтказганди.

Очиқ мулоқот давомида Президент соҳа олдига тўртта муҳим вазифа қўйган, ўз навбатида, «айти»чилар ҳам кўнгилларидаги бор гапларини айтиб, ўз таклифларни беришганди.

Эътиборлиси, учрашув давомида давлат раҳбари «айти»чиларнинг деярли барча таклифларини қўллаб-қувватлади. Шу ўринда холисона қайд этиш жоиз, сўнгги уч йил давомида Президент IT-Парк ва унинг ҳудудларидаги бўлимларига 5-6 марта ташриф буюрган, ҳар гал учрашувда бу йўналишни яна кучайтириш юзасидан ўз маслаҳатларини бериб, муҳим вазифаларни белгилаб берганди. «Astrum»даги жонли мулоқот эса Давлат раҳбарининг соҳага катта ишончини ифодалайди ҳамда бу АКТ орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, мамлакат иқтисодини кўтаришда рақамлаштириш жараёнларини янада тезлаштиришга катта эътибор қаратаётганидан далолатдир.

Кеча, 2 август куни АКТ вазирлигининг ушбу учрашувдан келиб чиқадиган вазифалар ва яна бир қанча муҳим масалаларга бағишланган кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда асосан сифатли хизмат кўрсатиш, ҳудудларда ҳам «айти» соҳасини ривожлантириш орқали иш ўринларини яратиш масалаларга алоҳида урғу берилди. Бу борадаги муаммоли масалалар таҳлил қилинди, камчиликлар танқид остига олинди ва уларнинг ечимлари белгилаб олинди.

АКТ вазири, Ҳайъат раиси Шерзод Шерматов йиғилганлар эътиборини жорий йилнинг I ярмида IT-Парк резидентлари томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми, иш билан таъминланганлар ва ўзини ўзи банд қилганлар тўғрисидаги маълумотларга қаратди.

Хусусан, республика бўйича IT-Парк резидентлари томонидан 1 900 млрд. сўмлик хизматлар кўрсатилган, ўтган йилнинг шу даврида бу миқдор 989 млрд. сўм эди. Улар томонидан ўтган йилнинг шу даврида амалга оширилган IT-хизматлар экспорти 17 млн. доллар бўлган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу рақам 50 млн. долларни ташкил қилди. Ўсиш қарийб уч баробарга етди.

Бу борада ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳридан ташқари, Хоразм, Наманган ва Жиззах вилоятларида салмоқли ўсишга эришилган. Йил бошида IT-Парк резидентлари томонидан иш билан таъминланганлар сони 9818 нафар бўлган бўлса, ўтган олти ой давомида яна 2682 нафар ёшлар ишли бўлишига эришилди. Бу рақам ҳозирда IT-Парк корхоналарида 12,5 минг нафар ёш юқори даромадли иш жойлари билан таъминланганини англатади.

АКТ соҳасида ўзини ўзи банд қилганлар сони йил бошида 18712 нафар бўлган бўлса, 1 июль санасида бу кўрсаткич 42 365 нафарни ташкил қилди. Яъни, йил бошига нисбатан ўзини ўзи банд қилганлар сони яна 23653 кишига кўпайган.

Ўтган даврда Ўзбекистон хорижий «айти» компания ва мутахассислар, яъни релокантларни жалб қилишда яхши натижаларга эришди.

Мажлисда мутасаддиларга релокантларни Ўзбекистон бозорига жалб қилиш, уларнинг фаолиятини республикамизда янада кенгайтириш бўйича ишларни тизимли ташкил этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди. Шунингдек, Ҳайъат йиғилишида рақамли индустрияни ривожлантириш доирасида ёшларнинг стартап лойиҳаларини янада қўллаб-қувватлаш умумий мукофот жамғармаси бир миллион АҚШ доллари бўлган Президент танловини ўтказиш, АКТ соҳасида масофавий таълим сифатини ошириш, ёшларнинг замонавий IT-курсларни ва касбларни ўрганишлари учун имконият яратиш ҳамда «Бир миллион дастурчи» лойиҳасининг мантиқий кейинги босқичини давом эттириш юзасидан вазифалар белгиланди. Шунингдек, мажлисда телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, BPO-марказларини кўпайтириш, ижро интизоми сингари масалалар ҳам алоҳида муҳокама қилинди.

Яқинда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги департамент бошлиғи Акмал Савурбаев Жиззах вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди. Шу муносабат билан мажлисда ҳамкасблар Акмал Савурбаевнинг янги ишида улкан муваффақиятлар тилашиб, эзгу ниятлар билдиришди.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг