Замонавий клиника, илғор технология ва бошқа хизматлар – «Ўзмиллийбанк» АЖ Андижондаги ишларни намойиш қилди (видео)

Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнларда банклар, хусусан, «Ўзмиллийбанк» АЖ, унинг вилоят бош бошқармаси ҳамда ҳудудлардаги Банк хизматлари марказлари ва офисларида фаол иштирок этиб, эришилаётган ижобий натижаларга муносиб ҳисса қўшмоқда.
«Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Андижон вилоятига ташкил этилган пресс-тур доирасида ана шу йўналишдаги ишлар билан бевосита танишилди. Пресс-тур жараёнида журналистлар «Ўзмиллийбанк» АЖ Андижон вилояти бош бошқармасида бўлиб, Андижон Амалиёт банк хизматлари маркази фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Бугунги кунда «Ўзмиллийбанк» АЖ Андижон вилояти бош бошқармаси тасарруфида 3 та банк хизматлари маркази ва 5 та банк хизматлар офиси фаолият кўрсатади.
Андижон Амалиёт банк хизматлари марказида 19 минг 854 нафар мижозга хизмат кўрсатилади. Мижозларга пластик карточкалардан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида жойларда 10 та банкомат, 1 та АДМ қурилмаси, 412 та савдо терминали ўрнатилган. Бундан ташқари, аҳолига пластик карталар амалиётини янада соддалаштириш учун 24/7 режимда хизмат кўрсатувчи 6 та шохобча хизмати ташкил этилган.
Банк хизматлари марказида инновацион хизматлар кўрсатиш ҳажми тобора ортиб бориши ҳисобига айни пайтда мижозларнинг 90 фоизи масофадан бошқариладиган хизматлардан фойдаланиш имконига эга.
«Ўзмиллийбанк» АЖ сервис тармоғини ривожлантиришга масъул этиб белгилангандан сўнг, вилоятда ўтган 4 йил давомида мазкур молия муассасаси ташаббуси билан тижорат банклари билан биргаликда хизматлар соҳасига 4,9 триллион сўм кредит ажратилди. Бу 2021 йилда — 0,9 триллион сўм, 2022 йилда — 1,4 триллион сўм, 2023 йилда — 1,1 миллиард сўм ва 2024 йилда — 1,5 миллиард сўмни ташкил этди.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари Андижон шаҳридаги «MAHMUD EVRO DENT» масъулияти чекланган жамияти қарашли стомотология марказида бўлишди.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий, хусусан, стомотологик хизматлар сифатини ошириш, замонавий ва илғор хизмат турларини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган мазкур стомотология марказини замонавий жиҳоз ва ускуналар билан таъминлаш учун «Ўзмиллийбанк» томонидан 1 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилган.
Банк кўмагида амалга оширилган мазкур лойиҳа доирасида фаолият олиб бораётган мазкур марказда айни кунда 12 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
Андижон шаҳрида янги иш бошлаган оилавий мактабгача таълим муассасаси бугун ҳудуддаги ота-оналар ва болалар учун энг керакли маскан сифатида танилиб улгурди. Ҳозирда нодавлат таълим муассасада 10 дан ортиқ иш ўрни яратилган.
Вилоятнинг Избоскан туманидаги мана бу жойлар қачонлардир ташландиқ ва хароба ҳолда эди. Энди эса туманнинг энг гавжум ва аҳоли фарзандлари билан дам оладиган севимли масканга айланди. «Zero Fresh» масъулияти чекланган жамиятига қарашли мазкур ресторанда мижозларга Европа ва миллий таомларни тақдим этади. Умумий қиймати 2 миллиард 300 миллион сўм бўлган мазкур ресторан хизмати учун банкдан 2 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағи ажратилган.
Кейинги йилларда Андижон вилоятининг енгил саноат, хусусан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш салоҳияти ортиб бормоқда. Жалақудуқ тумани Туялас маҳалласида фаолият олиб бораётган «BIZNES ERKIN TEX» масъулияти чекланган жамияти ҳам «Ўзмиллийбанк»нинг молиявий кўмагида ўз фаолиятини янада кенгайтирди.
Банк томонидан ажратилган 4 миллион доллар миқдоридаги кредит ҳисобига корхонага Япония давлатидан энг замонавий тикув машиналари, турли дастгоҳ ва жиҳозлар келтирилиб, ўрнатилди.
Пресс-тур иштирокчиларининг сўнгги локацияси Марҳамат туманидаги «Hayot shifo maskani» клиникаси бўлди. Жорий йилнинг аввалида иш бошлаган тиббий марказ бугун беморларга амбулатор ва стационар хизматларни йўлга қўйган. Марказ поликлиника ва сиҳатгоҳдан иборат бўлиб, Банк томонидан ажратилган кредит маблағи клиниканинг жиҳозланиши учун сарф этилган.
Бир сўз билан айтганда, «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан тадбиркор ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ташаббус ва лойиҳаларини, шу билан бирга, корхоналарни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter