Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инсон саломатлиги — ислоҳотлар мезони: Бирламчи ёрдамдан юқори технологияларгача бўлган трансформация

Инсон саломатлиги — ислоҳотлар мезони: Бирламчи ёрдамдан юқори технологияларгача бўлган трансформация

Умид масканидан замонавий тиббиётгача...

Тошкентдан икки хонали квартира сотиб олганимда, мўъжаз гўшам вилоятдан келадиган меҳмонжонлар учун бир умид маскани бўлиб қолишини очиғи ўйламагандим. Уларнинг аксарияти азим пойтахтга саёҳатга, цирк ёки театрга кириш, Телеминора ёки метрони ўз кўзи билан кўриб ҳайратланиш учун эмас, бундан вақтичоғликлар кўнгилларига-да сиғмас эди, асосан қайсидир шифохонага даволаниш учун келишарди. Бемор меҳмонларимиз сабаб ТошМИнинг турли бўлимлари, СамПИ, юрак-қон томир хирургияси, онкология, травматология, нейрохирургия, турли диагностика марказлари каби шифо масканлари коридорлариаро югурганларим, керак бўлса, қўли енгил, инсофлироқ дўхтир қидирганларим, йиллар давомида қайсидир врачнинг самарасиз муолажалари учун борини сарфлаган ҳамқишлоғимнинг одмигина кийимига беписанд қараган айрим оқ халатли совуқ нигоҳлар билан тортишганларим, ишгача ёки ишдан сўнг хабар олишга чопганларим... ортда қолгандек бугун.

Тан олинган муаммо осон ҳал бўлади

Қайсидир муаммони ҳал қилишни истаган одам аввал ўша муаммони тан олиши керак. Хаспўшлаш, жимжимадор ҳисоботлар билан бўяб кўрсатиш вазиятни баттар чигаллаштиради, муаммонинг яширин илдиз отишига олиб келади. Бу ҳолатни биз тиббиёт соҳасида ҳам кўрдик. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев барча соҳалар сингари тиббиёт тизимида ҳам очиқликни танлади — мавжуд барча муаммолар иккиланишларсиз тан олинди, камчиликлар юзига тортилган пардалар олиб ташланди. Президент фаолиятининг дастлабки ойларидаёқ биринчилардан бўлиб тиббиётчиларимиз билан мулоқот қилгани ҳам бежиз эмас. Хусусан, 2017 йил 5 январдаги соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувида аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилаш чора-тадбирларига қаратилган амалдаги қарор ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар танқидий кўриб чиқилган эди. “Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир, — деган эди ўша йиғилишда Шавкат Мирзиёев. — Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, даволашнинг замонавий технология ва усулларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда... Аммо бугун замон ўзгармоқда, одамларнинг талаби ошиб бормоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги (архив)

Халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб, энг сўнгги усул ва русумларда тиббий хизмат кўрсатилишини истайди. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган тушунча энди ўз умрини ўтаб бўлди. Бу барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасига ҳам бевосита дахлдор. Шу боис соҳа ходимлари тиббиётнинг энг илғор, замонавий ютуқларини, даволаш усулларини ўзлаштирмоғи зарур. Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш тараққиёт йўлидаги энг катта ғовдир”.

Бирламчи тўғри ташхис — даво учун муҳим йўл

Қишлоқдан даволаниш учун келган меҳмонлар билан суҳбатларим, шифокорлар қабулида навбат кутиш жараёнларида узоқ-яқин вилоятлардан келган бошқа беморлар ҳикояларидан деярли бир хил хулосага келганман: бирламчи нотўғри ташхис! Ҳа, бемор касаллигининг авж олиб кетишига, яна ёндош хасталиклар бўй кўрсатишига, энг оғири – ногиронликка олиб боришига айнан бирламчи ташхиснинг тўғри қўйилмагани сабаб бўлади. Аҳоли саломатлигини сақлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда тиббиётнинг бирламчи бўғини муҳим ўрин тутиши бежиз эмас. Тўғрида, бирор жойимиз безовта қилса, даставвал тез ёрдам чақирамиз ёки ўзимизга энг яқин поликлиникадаги участка шифокоримизга мурожаат қиламиз-ку. Аммо тан олиш керак, мамлакатимизда яқин-яқингача тиббиётнинг мазкур бўғинида беморларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг пастлиги соҳадаги энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб келган.

Хусусан, ўтган йиллар давомида юртимиздаги ўлим ҳолатларининг 60 фоизи ана шу бўғиндаги камчиликлар, масалан,  юрак-қон томир касалликларига ўз вақтида тўғри ташхис қўя олмаслик ҳолатлари туфайли содир бўлгани, онкология йўналишидаги беморларнинг ярмида хасталик иккинчи ва учинчи босқичга ўтиб бўлганидан кейин аниқлангани мазкур тизимнинг ўз вазифасини тўла-тўкис амалга ошира олмаганидан далолат беради. Бунинг ўзига яраша сабаблари ҳам бўлган: қуйи бўғинларда шифокорларнинг етишмаслиги, уларга ортиқча вазифалар юклаб ташлангани, қоғозбозлик, диагностик аппаратларнинг камлиги ёки умуман йўқлиги ўз-ўзидан тизимда тиббий хизмат сифатига салбий таъсир этган.

Шулардан келиб чиқиб, Президент 2017 йил 5 январдаги соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувида асосий диққатни қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятига оид масалаларга қаратган эди. “Сентябр ойи сўнгида очилган бош вазир виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг 7000 дан зиёдроғи айнан тиббиёт соҳасига тааллуқли, — дея таассуф билдирганди Шавкат Мирзиёев. — Бугунги кунда ҚВПлар бирламчи тиббий кўрикни ўтказиш учун лаборатория таҳлили воситалари, қатор диагностика аппаратлари билан жиҳозлангани аҳоли учун қулайлик яратмоқда. Лекин тиббий ускуналарни ишлатадиган малакали мутахассислар етарли даражада эмас. Баъзи чекка ҳудудларда оддий қон топшириш учун туман марказига ёки шаҳарга боришга тўғри келмоқда. Айрим жойларда тиббий кўриклар номигагина ўтказилмоқда. Чекка ҳудудларда малакали мутахассислар етишмаётгани кадрлар масаласида қилинадиган ишлар кўплигини англатади. Тизимни мутлақо ўзгартириш — давр талаби”.

Шундан сўнг мамлакатимизда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш мақсадида Президентнинг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Уларга кўра, умумий амалиёт шифокори мутахассиси оилавий шифокор, қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб қайта номланди ва фаолияти янги босқичга кўтарилди. Ушбу мутахассисларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилди. Мазкур бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида “тиббий харита”лар шакллантириб, манзилли иш олиб бориши белгиланди, “Қишлоқ шифокори” дастури жорий қилинди.

Шошилинч тиббий ёрдамдан жарроҳлик амалиётигача...

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик ва ўта кучли ижтимоий аҳамиятга эга тузилма бу Шошилинч тиббий ёрдам тизимидир. Кейинги йилларда вилоят ва туманлардаги ихтисослашган марказлар филиаллари ва бўлимлардан иборат мазкур йўналишда аҳоли саломатлигини асраш, уларга сифатли шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш борасида сезиларли ишлар қилинди. Марказ ва унинг ҳудудлардаги филиалларида турли мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш жараёнига бир қатор инновацион усуллар ва ташкилий ечимлар татбиқ қилинди. Натижада Марказий Осиёда биринчи бўлиб, бош миянинг қон-томир нуқсонларини (аневризма, мальформациялар, Моя-Моя касаллиги) диагностика қилиш ва хирургик даволашнинг энг замонавий юқори технологик усуллари ҳамда юқори технологик кўп томирли аорто-коронар шунтлаш операцияси йўлга қўйилиб, уларнинг 88,6 фоизи ишлаб турган юракда бажарилди. Шу билан бирга, марказнинг барча ҳудудлардаги филиалларида умуртқаларнинг ностабил синишларини хирургик даволашнинг замонавий транспедикуляр металлоконструкция билан мустаҳкамлаш усуллари бажарилди.

“103” хизматида нималар ўзгарди?!

Шошилинч тез ёрдам тизимига “103” — тез тиббий ёрдам, санитар авиацияси ва фавқулодда вазиятларда аҳолини тиббий таъминлаш хизмати бириктирилгани эса халқ тилида “скорий” дейиладиган тез ёрдамни умуман янги босқичга олиб чиқди. Чунки нафақат вилоятлар, туман ва қишлоқларда вазият оғир, ҳатто пойтахт Тошкентда бу хизмат ёлчитиб ишламас ва бунинг ўзига яраша жиддий сабаблари бор эди... Президентимизнинг 2018 йил 16 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу хизмат фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишга асос бўлди.


Авваллари тез тиббий ёрдам хизматида давлат томонидан ҳар бир чақириқ учун жуда кам маблағ ажратилар, зарур дори воситалари етишмас, бу эса ўз-ўзидан оғир аҳволдаги беморларга тез тиббий хизмат кўрсатиш сифатига салбий таъсир этар эди. Масалан, 2016 йил “Тез ёрдам” тизимида ҳар бир чақириққа сарфланган маблағ ўртача 745 сўмни ташкил этганини шахсан Президентимиз кескин танқид қилганди. Ислоҳотлар натижасида тизимдаги мавжуд кўпгина муаммолар деярли барҳам топди. Хусусан, охирги йилларда “Тез ёрдам”да битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ 15 баробардан зиёдга ошиб, бугунги кунда 12 мингга яқинлашиб қолди. Шу билан бирга, мамлакатимизда 2016 йилда 800 та “тез ёрдам” шохобчалари ва 1 648 та тез тиббий ёрдам бригадалари фаолият юритган бўлса, айни пайтда уларнинг сони мос равишда 1 680 та ва 2 865 тага етказилди.

Тез тиббий ёрдамнинг ягона интеграциялашган модели яратилишини соҳадаги катта ютуқлардан бири сифатида қайд этиш мумкин. Эндиликда Электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими туфайли бригадаларнинг чақириқ манзилларига етиб бориш вақти 25-30 дақиқадан 10-15 дақиқагача қисқарди. Манзилларга кечикиб бориш ҳолатлари кескин камайиб, 1,1 фоиздан 0,3 фоизга тушди. Сифатни назорат қилувчи “Call-back” тизими туфайли аҳолидан келиб тушаётган шикоятлар 36 фоизга камайди.

Рақамли соғлиқни сақлаш платформаси

2023 йил охирида, Президентнинг “IT-Park”ка ташрифидан сўнг, Uzinfocom (Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратори) компаниясига соғлиқни сақлашни рақамлаштириш вазифаси топширилди.


Давлат раҳбарининг 2023 йил 28 декабрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳамда илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида беморнинг электрон тиббий картасини юритишга мўлжалланган DMED ягона тиббий ахборот тизимини ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Бугунги кунда тизимда Тошкент шаҳридаги 150 дан ортиқ поликлиника фаолият юритмоқда. Беморни аниқлаш Face ID ва ЖШШИР орқали амалга оширилади, улар ёрдамида маълумотлар базадан автоматик равишда олинади.

Электрон соғлиқни сақлаш ядроси

Соғлиқни сақлашни рақамлаштириш ислоҳотининг асосий йўналишларидан бири — электрон соғлиқни сақлаш ядросини яратишдир. У ишончли ва ҳимояланган маълумотлар омбори бўлиб, унда беморлар, шифокорлар, рецептлар, лаборатория натижалари ва тиббий хизматлар базалари жойлаштирилади. Жами 20 га яқин шундай хизмат режалаштирилган. Улардан дастлабки бештаси аллақачон ишга тушириш босқичида. Ядро соғлиқни сақлаш тизимининг барча иштирокчилари — давлат ва хусусий клиникалар, лабораториялар, суғурта жамғармалари, тиббий тизимларни ишлаб чиқувчилар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасидаги боғловчи бўғинга айланади.

Мутахассисларнинг тушунтиришича, агар бемор хавфсизлик сертификатидан ўтган мустақил тиббий дастур ишлатиладиган хусусий клиникага мурожаат қилса, тизим барибир беморни “танийди”. Шифокор касаллик тарихи, рецептлар ва таҳлил натижаларини, улар қайси муассасада расмийлаштирилганидан қатъи назар, кўра олади.

FAIR стандартларига мувофиқ амалга оширилаётган бу лойиҳада Германия, Эстония, Австрия ва Сингапурдан соғлиқни сақлаш соҳасида миллий рақамли платформаларни яратиш тажрибасига эга мутахассислар иштирок этмоқда. Ядрони 2026 йил охиригача ишга тушириш режалаштирилган. Шундан сўнг барча тиббиёт муассасалари ягона тармоққа уланиб, маълумотлар марказлашган ҳолда сақланади ва реал вақт тартибида янгилаб турилади. Бу мамлакат аҳолиси саломатлигининг тўлиқ манзарасини акс эттирувчи шаффоф тизимни шакллантириш имконини беради.

Тиббий суғурта: бемор учун янги таянч

Деярли бутун дунёда одамлар тиббий суғуртадан кенг фойдаланади. Ушбу янгиликни аҳолимиз сал қўрқув билан қарши олаётгани ҳам рост. “Нима, энди фақат бойлар, пули борлар даволанадими?..” Аслида ваҳимага ўрин йўқ. Бу борадаги жаҳон тажрибаси ўрганилган ҳолда янги модел ишлаб чиқилган. Хуллас, Ўзбекистонда тиббий суғуртани 2026 йил охиригача тўлиқ жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу Президентнинг “Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлардан бири бўлган давлат тиббий суғуртаси борасидаги муайян ишлар икки йил олдин бошланган ва тайёргарлик кўрилган. Президентимиз 2024 йилнинг 4 сентябрь куни соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда тиббий суғурта механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишган эди. Ўша йилнинг 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2025 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикасида Давлат тиббий суғуртаси тизими жорий этилган. Бунинг учун 2024 йил якунига қадар “Электрон поликлиника” ва “Электрон шифохона” ахборот тизимлари жорий қилинди. Тиббиёт ходимлари улардан фойдаланиш бўйича ўқитилди. Муассасалар зарур техника ва тармоқ қурилмалари билан жиҳозланди.

Энди мураккаб операциялар учун Ҳиндистонга бориш шарт эмас

Бир пайтлар, фалончи буйрак ёки жигар трансплантацияси учун чет элга кетибди, деган гапларни кўп эшитардик. Асосан, Ҳиндистон тилга олинарди. Чунки илгари юртимизда буйрак ва жигар трансплантацияси амалиётлари ўтказилмас, бу ҳолат кўпгина ватандошларимизнинг эрта вафот этиши ёки касалликни хорижий мамлакатларда катта маблағ эвазига даволашига сабаб бўларди. Шундай пайтларда, қолаверса, Тошкентга операцияга келган бирор яқинимга ҳамроҳлик қилишим жараёнларида, коридорларда, турли шифохоналар ҳовлиларида ҳорғин ўтирган, ўй сурган вилоятлик беморлар ва улар яқинларини кўрганимда битта нарсани орзу қилаверардим: одам борки, касал бўлади. Дўхтирга, операцияга эҳтиёж сезади. Қанийди, вилоятлардаги клиникаларда ҳам пойтахтдагидек шароитлар бўлса, минтақалараро янги шифохоналар қурилса. Улар дунёнинг энг сўнгги тиббий жиҳозлари билан таъминланса, дўхтирларимиз тиббиёти ривожланган давлатларга малака оширишга юборилса... Беморларимиз ўзига яқинроқ жойда сифатли тиббий хизматдан баҳраманд бўларди, валютамиз чет элга чиқиб кетмасди, муҳими, Ўзбекистон Марказий Осиёда тиббий ҳабга айланарди. Шифокорларимиз буни уддалашади, ахир замонавий медицинага асос солган — тиб илмининг султони Ибн Сино авлодларимиз-ку. Ниҳоят, орзуим амалга ошди!

Бугун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг филиалларидаги трансплантология бўлимларида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти жуда самарали олиб борилмоқда. Умуман олганда, кардиология, жарроҳлик, кўз микрохирургияси, урология, терапия ва тиббий реабилитация, эндокринология, пулмонология ва фтизиатрия, акушерлик ва гинекология, дерматология ва венерология, педиатрия ва бошқа йўналишлардаги махсус илмий-амалий тиббиёт марказларида ҳар йили юз минглаб юқори технологияли мураккаб операциялар бажариляпти.

Ўзбекистон тиббиётидаги қисқа давр ичидаги бу ўсишлар қўшни давлатлардаги беморлар учун ҳам маъқул бўлмоқда. Масалан, 2024 йилнинг январ-август ойларида жами 74,7 минг нафар чет эл фуқаролари даволаниш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган бўлса, жорий йилнинг дастлабки олти ойида 35 мингдан ортиқ хорижлик қўли енгил шифокорларимиздан даво топишган. Тиббий туристларнинг асосий қисмини қўшни давлатлар фуқаролари ташкил этган бўлс-да, Афғонистон, Россия, Туркиядан келган беморларнинг ҳам борлиги юртимиз тиббиётининг довруғи ошаётганидан даракдир.

***

Кеча андижонлик бир дўстим қўнғироқ қилиб қолди. Салом-аликдан сўнг юрагидан операция бўлганини, шифохонадан чиқибоқ менга телефон қилганини айтиб қолди. Ҳайрон бўлдим рости. Ахир охирги бор гаплашганимизга ўн кун ҳам бўлмаганди-ку. Боз устига ҳеч қачон юрагидан шикоят қилмаганди. “Ўзим ҳам билмайман, бирданига аҳволим ёмонлашди. Тез ёрдам чақирдик. Улар туман марказий шифохонасига олиб кетишди. У ерда эса вазият жиддийлигини айтишиб, зудлик билан Андижон вилоят шифохонасига олиб боришди. Вақт ўтмасин дейишди, операцияни ҳам тезлатишди, стенд қўйишди. Дўхтирларга раҳмат, қўллари енгил экан, омон бўлишсин. Беш кунда уйга қайтдим, аҳволим жуда яхши...”

Дўстим билан хайрлашар эканман, Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида рўй бераётган изчил ислоҳотлар самарасини яна бир бор ҳис қилдим.

Усмонжон Йўлдошев,
журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг