Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқандда телеграм гуруҳи орқали ўқувчиларга этикага мос келмайдиган сўзлар ёзган ўқитувчига чора кўрилди

Самарқандда телеграм гуруҳи орқали ўқувчиларга этикага мос келмайдиган сўзлар ёзган ўқитувчига чора кўрилди

Жорий йилнинг 15 апрел куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги ўқитувчилардан бири телеграм гуруҳи орқали ўқувчиларга одобга мос келмайдиган сўзлар ёзгани ҳақида хабарлар тарқаган эди.

Маълум бўлишича, 35-умумтаълим мактабининг 9-«Б» синф ўқувчиси Нозима Анарметованинг отаси Дилшод Анарметов томонидан мактабнинг информатика фани ўқитувчиси М.Жаватовнинг 9-«Б» синф ўқувчилари иштирокидаги телеграм гуруҳида педагогик этикага мос келмайдиган сўзлардан фойдаланаётгани тўғрисида шикоят қилгани акс этган маълумот тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими масъул ходимлари ҳамда бўлим тасарруфидаги 35-умумтаълим мактаби директори Зумрад Салахова иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими хабар бериб ўтган.

Бугунги кунда мактабда жами 63 та синф бўлиб, уларнинг барчасида телеграмм ижтимоий тармоғида синф раҳбарлари ва ота-оналар иштирокида гуруҳлар тузилган. Шунингдек, мактабдаги баъзи ўқитувчилар ўзи дарс бераётган фанлардан синфлардаги ўқувчилар билимини баҳолаб боришда қулайлигини инобатга олиб, алоҳида гуруҳлар ташкил этган.

Жумладан, мактабда 2019 йилда иш фаолиятини бошлаган, айни пайтда ўқувчиларга информатика фанидан дарс бериб келаётган М.Жаватов ҳам ўз фанидан 9-синфлар учун худди шундай телеграмда ўқувчилар иштирокида гуруҳ ташкил этган.

Масофадан фаолияти давомида ўқитувчи М.Жаватов 9-«Б» синф учун ташкил этган телеграм гуруҳидаги ўқувчилар билан муносабатида одоб-аҳлоқ қоидалари ва педагогик этикага риоя қилмаган.

Ўрганиш ишлари давомида фаолиятида бундай хато ва камчиликларга йўл қўйган М.Жаватовга тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда унга меҳнат қонунчилигига мувофиқ, интизомий жазо чораси қўлланилди. Ўқитувчи М.Жаватовнинг хатти-ҳаракатидан норози бўлган Д.Анарметов билан телефон орқали боғланиб, ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган ишлар бўйича маълумот берилди. Мулоқот давомида Д.Анарметов ҳолат юзасидан бошқа эътирози йўқлигини билдирди.

Мактаб ўқитувчиларининг ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокидаги телеграмм гуруҳларда масофадан олиб борилаётган фаолиятида бундай камчиликларга йўл қўймаслиги бўйича огоҳлантирилди.

Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги 80 та умумтаълим мактабларида директор ҳамда ўқитувчиларнинг масофадан таълим-тарбия жараёнларини ташкил этишда бу каби камчиликларга йўл қўймаслиги, тизимда қатъий назорат олиб бориши бўйича топшириқлар берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг