«Aср фирибгари» оламдан ўтди

Aмерикалик фирибгар Бернард Мэдофф 150 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган қамоқхонада вафот этди, дея хабар бермоқда Ассошиэйтед Пресс ўз манбасига асосланиб.
Aгентлик суҳбатдошининг маълум қилишича, Мэдофф Батнер (Шимолий Каролина) шаҳрида табиий сабабларга кўра ҳаётдан кўз юмган. У 82 ёшда эди.
Мэдоффни бежизга аср фирибгари дейишмайди. У АҚШ тарихидаги энг йирик молиявий пирамиданинг ташкилотчиси ҳисобланади. Фирибгарликнинг қурбонлари — нафақат оддий фуқаролар, балки кўплаб таниқли америкаликлар — мусиқачилар ва кино юлдузлари, шунингдек, дунёдаги энг йирик банклар — BNP Paribas, HSBC, Credit Agricole, Societe Generale, Natixis, Nomura, Royal Bank of Scotland, UniCredit.
Фирибгарлиги 2008 йилда фош бўлди. 2009 йил июнь ойида суд Мэдоффни 150 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ўша пайтда у 71 ёшда эди. Судда у 20 йил давомида инвесторлар ва назорат органларини алдаб келганини тан олди: у ҳеч қандай операцияларни амалга оширмаган. Шунчаки пулни бир банк ҳисоб рақамидан иккинчисига ўтказган, мижозларнинг илтимосига биноан уларни «фойда» шаклида берган.
Суд қарорига биноан, у жабрланганларга деярли 171 миллиард долларни қайтариб беришга мажбур бўлган. Аммо федерал ҳукумат тўрт миллиарддан сал кўпроқ маблағни топишга муваффақ бўлган. Фирибгарликдан кўрилган умумий зарар қарийб 65 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter