Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил Эрон бўйича жиддий хавотирларини эълон қилди

Исроил Эрон бўйича жиддий хавотирларини эълон қилди

Исроил ташқи ишлар вазири Яир Лапиднинг сўзларига кўра, агар Эронда ядро қуроли пайдо бўлса, бутун Яқин Шарқ минтақасида хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашади ва ядро қуролига эгалик бўйича ўзига хос мусобақа бошланиб кетади.

«Бундан нафақат Исроил, балки Эроннинг яқин қўшнилари бўлган Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ҳам жиддий хавотирда. Одамлар тушуниши керак, мабодо Эрон унга эга бўлса, Саудия Арабистон, Миср, Туркия ядро қуролини ишлаб чиқара бошлайди», - дейди вазир. 

Яқинда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) ҳам ўз чораклик ҳисоботида, сўнгги пайтларда Эрон юқори даражада бойитилган уран захираларини тўрт баробарга кўпайтиргани қайд этилган.

Ҳозирда мамлакатда 60 фоизгача бойитилган 10 килограмм уран мавжуд. Шу билан бирга, 20 фоизга бойитилган уран миқдори 84,3 килограммга орган. Бу халқаро ҳамжамиятни жиддий ташвишга солмоқда.

Мамлакат янги президенти Иброҳим Раисий Теҳрон ядро келишувлари бўйича музокаларга тайёрлигини, аммо бу жараён Ғарбнинг босими остида бўлмаслигини таъкидлади. Ҳозирда ядро дастурлари бўйича мулоқот боши берк кўчага кириб қолган.

АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетиши билан Ўрта ва Яқин Шарқ минтақасида юзага келаётган бўшлиқ ўрнини Эрон тезда эгаллаши мумкинлиги башорат қилинмоқда. У Россия ва Хитой билан яқин шерикликда АҚШнинг бу кенг ҳудуддаги таъсирини кескин заифлаштиришга қодир куч.

Эрон ШҲТга қўшилишни истайди

Эрон шу кунларда Душанбеда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига узил-кесил қўшилиш ниятида эканини айтмоқчи. У 2005 йилдан буён кузатувчи давлат мақомида бўлиб, бир қанча мурожаатларига қарамай тўлақонли аъзо бўлиш истаги рўёбга чиқмай келмоқда.

Шу билан бирга, у Ташкилотнинг икки асосий давлати билан алоқаси намунали тарздадир. Масалан, Хитой билан 25 йилга мўлжалланган стратегик келишув имзоланган. Пекин Эрон нефтининг асосий сотиб олувчиси саналади. Пекин бу мамлакат иқтисодиётига 400 миллиард доллар сармоялар киритмоқчи.

Россия билан ҳам шундай кенг кўламли ҳужжат тайёрланмоқда.

Аввалги Президент Хасан Руҳонийнинг Ғарб билан келишувга эришишга интилгани, бироқ бу натижасиз якунлангани олий раҳбар – оятулло Али Ҳомений томонидан кескин танқид қилинди.

Чунки Руҳоний бошқаруви даврида, 2015 йил июлда олтита қудратли давлатлар раҳбарлари ва Эрон Қўшма кенг кўламли ҳаракатлар режасини қабул қилишган эди. АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп бу муҳим келишувдан 2018 йил майда бир томонлама чиқиб кетган ва Теҳронга қарши санкцияларни қайта тиклаган эди. Бунга жавоб тариқасида Эрон келишув шартларини бажаришни бутунлай тўхтатганди.

Ҳозирда Байден ҳам Эрон бўйича аниқ позицияга эга эмас ва санциялар юмшатилиши бўйича бирор бир ишора берганича йўқ. Аммо Вашингтон ядро келишувлари қайта тикланишига қизиқиш билдирмоқда.

Яқинда Венада АҚШ ва Эрон ўртасида билвосита музокаралар олиб борилди. Марказий Разведка бошқармаси бошлиғининг Исроилга ташрифи билан Яқин Шарқда навбатдаги беқарорлик янада авж олди.

Олий етакчининг халқаро ишлар бўйича маслаҳатчиси Али Акбар Вилоятийнинг тасдиқлашича, Раисий ташқи сиёсатда Шарққа мўлжал олиши керак. Хитой, Ҳиндистон ва Россия билан стратегик ҳамкорлик муносабатлари иқтисодиётни кўтаради, албатта.

Шу билан бирга, Теҳрон биринчи галда асосий эътиборни форс кўрфази араб давлатлари билан алоқаларни тиклашга қаратади. Шу боис янги ташқи ишлар вазирлиги Осиё йўналишидан ташқари, қўшнилар билан муносабатларни кенгайтиришга жиддий аҳамият қаратмоқда.

«Команда» аъзоларининг айримлари санкцияда

Иброҳим Раисий узоқ йиллардан буён йиғилиб қолган муаммоларни ҳар томонлама ҳал қилиш учун инқилобий жамоани шакллантиришга интилмоқда. Аммо вазирларнинг ярмига яқини аввалги маъмуриятларда меҳнат қилган.

Уларнинг айримлари АҚШ санкцияларига тушган бўлса, биттаси Интерпол томонидан қидирувда. Бирорта ҳам аёл вазир йўқ.

Ички ишлар вазири лавозимига собиқ мудофаа вазири, «Ал-Кудс» махсус кучлари раҳбари Аҳмад Воҳидийнинг тайинланиши Исроил ва Аргентинанинг айниқса, ғазабини қўзғатди. У 1994 йилда Буэнос-Айресда Яҳудийлар маданият марказида 85 киши қурбон бўлишига олиб келган террорчилик ҳаракатини амалга оширишда айбланган ва АҚШда қора рўйхатда туради. 

Энг ёмони, Раисийнинг ўзи ҳам Вашингтон санкциялари остида. Бу эса келгусида мамлакатга сармоялар жалб этиш ва ислоҳотлар ўтказишга тўсиқлик қилиши муқаррар.

АҚШ Президенти Байден маъмурияти чеклов чораларини енгиллаштириш ҳисобига Ҳаракат режасига қайтишини истайди, бунинг эвазига ён беришга ҳам тайёр. Гуманитар ёрдам етказиб бериш аллақачон санкциялардан озод қилинган, АҚШ Форс кўрфази давлатларида ҳарбийлар иштирокини камайтирди.

АҚШ санкциялари Эроннинг нефть экспортидан келадиган даромадларини кескин қисқартириб юборди, ўз валюта захираларига эгалик имкониятларини чеклаб қўйди. Мамлакат иқтисодиёти юқори инфляциядан қаттиқ доимий азият чекмоқда, кўплаб маҳсулотлар нархлари ошиб бораяпти.

Аввал катта молиявий имкониятларга эга диний жамғармани бошқарган, суд тизимига раҳбарлик қилган амалдаги президент Раисийни Олий диний раҳбарга эҳтимолий ворис, деб ҳам қарашмоқда. У коррупцияга қарши кураш, қатъий тартиб ва интизом ўрнатиш бўйича жуда катта тажрибага эга.

Бундан ташқари, Раисий Эрон экспертлар кенгаши раиси ўринбосари бўлиб, бу орган ҳуқуқшунослар ва диний уламолардан тузилган ва халқ томонидан сайланади. У Олий диний етакчини танлайди, унинг фаолияти устидан назоратни олиб боради ва уни лавозимидан алмаштириш ҳуқуқига эга. Эрон сиёсий тизимида бу жуда муҳим ўринга эга орган ҳисобланади. 

30 миллион одам эмланди

Эрон янги етакчиси аҳоли турмушини яхшилаш, коррупция ва инфляцияга қарши курашиш баробарида пандемиянинг ҳам олдини олишга интилмоқда. Эронда 9 февралдан Россиянинг «Спутник V» вакцинасидан фойдаланган ҳолда, бепул асосда аҳолини эмлаш бошланган эди.

Ҳозиргача Эронда 30 миллион киши эмланди. Уларнинг 20 миллионни биринчи дозани олган. Ҳозирча ушбу ой охирига қадар Эронга COVID-19га қарши курашиш мақсадида 20 миллион дона вакцина келтирилади.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги махсус вакили Саид Хатибзоданинг фикрича, яна бир неча миллион доза, октябрь ойида келтирилади. Бу ўринда гап Хитой, COVAX тизими орқали келтирилаётган Британия-Швейия «AstraZeneca» ва бошқа давлатлар вакциналари ҳақида кетмоқда.

Шунга қарамай, ҳозирда кунлик касалланиш ҳолати 30 мингни, ўлимлар сони эса 500 нафардан ортиқни ташкил қилмоқда.

Яман, Ироқ, Ливан, Афғонистон...

Ҳозирча расмий Теҳроннинг ташқи сиёсат йўналиши ҳақида бирор аниқ фикр айтиш қийин.

Энг қизиғи, билан ҳеч ким ишламаяпти. Раисий Яман халқини сўнгги етти йилда босқинчиларга қарши курашини олқишлаган ва бу курашда улар билан бирга эканлигини билдирган.

Бу фикрни Эрон Президенти сайланган чоғида ўзига табрик мактуби йўллаган Яман олий сиёсий кенгаши президенти Маҳди ал-Машатга йўллаган жавоб хатида билдирган.

Бу ўринда гап Теҳроннинг минтақадаги асосий рақобатчиси бўлган Саудия Арабистони ва бошқа қўшни давлатлар билан  муносабатлари совуқлашиши ҳақида кетмоқда. Чунки 2015 йил мартда ушбу давлат ўз иттифоқчилари билан биргаликда, АҚШнинг моддий-техник таъминоти ёрдамида Яманга қарши ҳарбий ҳужум уюштирган эди.

Янги президент Ироқ ташқи ишлар вазири Фуад Хусайн билан Теҳрондаги учрашуви чоғида бу мамлакатдаги вазиятдан ҳам ҳавотирдалигини яширмади ва муаммолар тезроқ ҳал бўлишига умид билдирди. «Минтақадаги давлатлар ўртасидаги мулоқот муҳимдир. Ироқ Курдистонидаги курдлар қуролларни тўлиқ ташлаши долзарб», деди Эрон раҳбарияти.

Теҳрон Исроилга қарши бўшган ва Ливандан қўним топган «Ҳизбуллоҳ» партиясини ҳам доимий қўллаб-қувватлаб келади. Эрон қўшниси Афғонистонидаги ҳар қандай ҳукумат билан ҳамкорликка тайёрлигини ҳам очиқ айтган.

Янги Президент минтақа ишларига ташқи кучларнинг аралашувини таҳдид сифатида қарамоқда.

Шу билан бирга расмий Теҳрон Трапм даврида Эроннинг Япония ҳукумати томонидан музлатиб қўйилган 3 миллиард долларга яқин молиявий активларини ечишини талаб қилмоқда.

Дилдора Шомуродова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг