Қозоғистонда референдумнинг дастлабки натижаси эълон қилинди

Овоз беришда қатнашган президент Қ.Тўқаев 5 июнни тарихий кун деб атаган.
Қозоғистонда 5 июнь куни ўтказилган конституцияга ўзгартириш киритишга доир референдумнинг дастлабки натижаси эълон қилинди. Марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдировга кўра, овоз беришда қатнашган фуқароларнинг 6 миллион 163 мингдан зиёди ёки 77,18 фоизи асосий қонунга ўзгартириш киритишни ёқлаган. 1,4 миллиондан зиёд киши (электоратнинг 18,66 фоизи) қарши овоз берган. Қолган бюллетенлар ҳақиқий эмас деб топилган.
Шу тариқа референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 68,06 фоизи (7 986 293 киши) қатнашди. МСК раиси Н.Абдировга кўра, кўп сонли аҳолининг қўллаб-қувватлови билан конституцияга ўзгартириш киритишга доир қонуний меъёр бажарилган.
Аввал хабар берганимиздек, референдум доирасида Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонасида ҳам 267-сонли сайлов участкаси ташкил этилди.
Референдум арафасида Қозоғистон халқига мурожаат йўллаган президент Қосим-Жўмарт Тўқаев конституциявий ўзгартишлар давлат раҳбарининг имтиёз ва ваколатларини оширишга эмас, балки ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини мустаҳкамлаш, барча фуқароларнинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилганини таъкидлаган.
Референдум доирасида мамлакатда сиёсий монополиядан босқичма-босқич воз кечилиши, суперпрезидентлик бошқарув шаклидан кучли парламентга асосланган президентлик республикаси тизимига ўтилиши, давлат раҳбарининг яқин қариндошлари сиёсий лавозимларни эгаллаши ман этилиши, оммавий ахборот воситаларининг айрим шахслар буюртмасига кўра ишлашига йўл қўйилмаслиги каби салмоқли ўзгаришлар ваъда қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter