АКТ вазирлиги давлат хизматлари марказлари учун ягона ахборот платформасини яратади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида 4 апрель куни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш борасидаги ишларни таҳлил қилиш ва энг муҳим вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида маълум қилган эдик.
Йиғилишда мазкур йўналишга масъул раҳбарларнинг ҳисоботи тингланиб, давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Жорий йилда давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Давлат хизматлари марказлари ҳамкорлиги учун ягона ҳимояланган ахборот платформаси яратилади, деб хабар берди вазирлик ахборот хизмати.
Мазкур платформа ўзида давлат хизматлари марказларида фойдаланилаётган 8 та ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаларини жамлайди. Жумладан, «электрон навбат», хизмат кўрсатишни мониторинг қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш ва бошқалар.
Шунингдек, вазирлик «электрон ҳукумат» тизимига давлат органларининг 20 дан зиёд ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини ҳам марказлаштиради. Натижада, ташкил этилган давлат хизматлари марказларида 26 та давлат хизматларига оид маълумотларни идоралараро автоматлаштирилган тизим орқали алмашишлари мумкин бўлади.
Шу билан бирга, «электрон ҳукумат» тизими орқали кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари учун тўланадиган давлат божлари ва тўловларини амалга ошириш имконини берувчи ягона автоматлаштирилган электрон хисоб-китоб тизими ҳам ишлаб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, вазирлик томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборот-коммуникация технологиялари ва давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган лойиҳалар ҳам ташкил қилиб келинмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter