Буюк Британия: «Россия ва Сурия КҚТТ миссиясининг Думага киришига рухсат бермади»

«Суриянинг Дума шаҳрида 7 апрель куни амалга оширилган кимёвий ҳужум тафсилотларини ўрганиш учун Сурияга борган Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти миссияси ҳамон воқеа содир бўлган жойга киритилмаяпти. Бу ҳақда 16 апрель куни КҚТТнинг Гаагадаги йиғилишида Буюк Британия элчиси маълум қилган», — дея хабар бермоқда Франциянинг «Европа 1» радиоси.
«Ташкилот миссияси шанба куни Сурияга борган. Бироқ Россия ва Сурия Думага киришга ҳамон рухсат бермаган», — дея баёнот берди элчи. Аввалроқ у КҚТТни Думадаги ҳодиса сабабчиларини жавобгарликка тортишга чақирган эди, акс ҳолда бундай ваҳшиёна кимёвий ҳужумлар нафақат Сурияда, балки бошқа жойларда ҳам такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Суриянинг Шарқий Гута вилоятида жойлашган Дума шаҳрида шу йилнинг 7 апрель куни кимёвий ҳужум уюштирилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. АҚШ бошчилигидаги ғарб давлатлари бу ҳодисада Сурия ҳукумати ва унинг энг яқин ҳамкори бўлган Россияни айбдор деб топди. Аммо Сурия ҳамда Россия бу айбловларнинг асоссиз эканлигини айтди ва КҚТТни ҳодиса содир бўлган ҳудудга келиб суриштирув ўтказишга таклиф қилди. Сурия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари ташкилотнинг холис ҳамда профессионал текширув олиб бориши учун барча шароитлар яратиб берилишини таъкидлаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter