Давлат хизматлари юридик шахсларга ҳам, жисмоний шахсларга ҳам кўрсатилади

Ҳаётда ҳар бир фуқаронинг турли давлат органларига иши тушиши табиий. Бу жараёнда узундан-узун навбатлар туфайли асаббузарликлар, сарсонгарчиликлар юзага келгани ҳам сир эмас.
Адлия вазирлигида ОАВ ходимлари учун ташкил этилган анжуманда Давлат хизматлари агентлигининг фаолияти билан яқиндан танишиш имконияти яратилди.
Жумладан, президент томонидан халқнинг оғирини енгил қилиш, уларга «давлат-фуқаро» муносабатларида қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида давлат хизматлари кўрсатишнинг янги концепцияси илгари сурилганлиги таъкидланди.
Бунда асосий эътибор навбатда туришларни кескин камайтириш, сансалорликнинг олдини олиш, халқни давлат идораларидан рози қилишга қаратилди. Ҳаётда ҳар биримиз рўпара келадиган фарзанднинг дунёга келиши, болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш билан боғлиқ ҳужжатлар эндиликда давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштирилади. Бу нафақат сарф-харажатларни, балки инсон учун қимматли бўлган вақтни ҳам тежашга имкон беради.
Давлат хизматлари марказлари – аҳолига барча хизматлар бир жойда кўрсатиладиган ноёб, ўзига хос маскан бўлиши кутилаяпти.
Марказ томон қадам қўйсангиз кифоя. Давлат хизматлари тезкор, қулай, шаффоф ва сифатли тамойиллар асосида кўрсатилади.
Ҳозир республика бўйича давлат хизматлари марказларида аҳолига инновацион технологиялар ва замон талабларига мос равишда 37 турдаги хизмат кўрсатиб келинмоқда. Жорий йилнинг биринчи апрелидан уларнинг сонини 50 тага етказиш назарда тутилган.
Яна бир янгилик — давлат хизматлари юридик шахслар билан бир қаторда, жисмоний шахсларга ҳам кўрсатилади.
Ўтган қисқа вақт ичида туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига жами 46380 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Дори-дармонларнинг чакана савдоси билан шуғулланиш учун рухсатнома бериш, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш, ипотека тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш, тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини лицензиялаш, электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсат бериш шулар жумласидандир.
Статистикага мурожаат қилсак, ҳозир 65 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди, шундан уларнинг қарийб 7000 га яқини сайёр тартибда амалга оширилди.
Аҳолини марказлар фаолияти, кўрсатиладиган давлат хизматлари билан яқиндан таништириш, одамларнинг марказларга ишончи ва қизиқишини ошириш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан республикамизнинг энг олис, чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар ва ишбилармонлар билан жами 14719 та учрашув ташкил қилинди.
Шунингдек, маҳаллалар биносида давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар, ҳудудларга бириктирилган ходимлар ва улар ўтказадиган сайёр қабуллар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган «Адлия бурчаклари» стендлари жойлаштирилди.
Олис ҳудудларда яшовчи аҳолига давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш мақсадида ҳокимликлар ташаббуси билан давлат хизматлари марказлари автомобиллар билан таъминланди.
Анжуманда журналистларга агентлик фаолиятига доир барча маълумотлар тақдим этилди. Уларни қизиқтирган саволларга мутахассислар асослантирилган жавоблар бердилар. Агентликнинг режалари хусусида ҳам ахборот берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter