Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фиръавнларнинг олтин паради: Қадимги Миср мумиёлари янги музейга кўчирилди (видео)

Фиръавнларнинг олтин паради: Қадимги Миср мумиёлари янги музейга кўчирилди (видео)

Фото: «The-sun.com»

Мисрда мумиёларни кўчиришнинг дабдабали маросими бўлиб ўтди. 22 саркофаг Қоҳирадаги янги музейга кўчирилди.

Парадда гўёки мумиёлар эмас, балки тирик Миср фиръавнлари иштирок этаётгандек тасаввур уйғотди. Қадимги Миср ҳукмдорлари жасадлари солинган саркофаглар шоҳона иззат-икром билан кўчирилди.

Ушбу маросим — вақт машинасининг ўзгинаси. Мумиёлар кетаётган олтин автомобиллар қадимий қайиқларга ўхшайди. Уларнинг ҳар бирига фиръавн ёки маликанинг исми битилган.

Саркофагларни от-аравалар кузатиб боришди. Мумиёлар солинган машиналарни руҳонийлар кутиб олишди. Уларнинг ортидан қадимий тилларда куйлаётган хонандалар, кўплаб кино юлдузлари ва таниқли шахслар — қадимги Миср ҳарбийлари саф тортишди. Ҳаммаси ҳозирги замон билан уйғунлашиб кетди. Фиръавнлар шарафига замбараклардан ўт очилди.

Парад иштирокчилари — Миср сулолаларининг энг муваффақиятли фиръавнлари ва маликалари. 22 та мумиё. Ёши уч минг йилдан ортиқ. Рамзес II, Сети I, Тутмос III.

Сети Мисрнинг қирол Эхнатон томонидан бой берилган Осиё мулкларини биринчи бўлиб қайтариб олди. У қўшнилар билан жанг қилди, олис ўлкаларга ҳам юриш қилди. Унинг ўғли Рамзес II Мисрда янги қиролликнинг энг машҳур фиръавнларидан биридир. У 67 йил ҳукмронлик қилган. Шунингдек, тарихда биринчи бўлиб тинчлик шартномасини имзолагани билан танилган. Қиролича Хатшепсут гарчи ўша пайтдаги урф-одатларга кўра аёллар фиръавн бўлишмаган бўлса-да, Қадимги Миср ҳукмдорига айланган.

Қадимги ҳукмдорларнинг мумланган жасадлари Тахрирдаги дунёга машҳур Миср музейидан олиб кетилди. Энди улар Миср цивилизацияси миллий музейида сақланади. Йўл қисқа — беш километр. Aммо у Нил дарёси бўйлаб ўтади.

«Янги музейдаги шароит анча яхши. Чинакамига шоҳона. Тасаввур қилинг, ҳозир фиръавнларни Мисрнинг замонавий кўчалари бўйлаб олиб кетишмоқда. Қачонлардир уларнинг ўзлари бу тупроқда юришган. Бу, чиндан ҳам, ҳаяжонли лаҳзалар», — дейди мисршунос Салима Икром.

Мумиёлар махсус футлярлар — кислородсиз азотли капсулаларда ташилди. Улар жасадларни намлик, бактерия ва ҳашаротлардан ҳимоя қилади. Маршрут бўйлаб бутун асфальт йўл текислаб чиқилди: чунки силкинишга йўл қўйиб бўлмасди. Aммо капсулалар ҳар эҳтимолга қарши матоларга ўраб қўйилди.

Қадимги Миср ҳукмдорларини амалдаги президент Aбдулфаттоҳ ас-Сиси кутиб олди. Ушбу парадга шахсан қизиқиш билдирганди. Мамлакат раҳбари мумиёларнинг олтин кортежи Мисрга бўлган қизиқишни оширишга ва сайёҳларни жалб қилишга ёрдам беришига ишончи комил.

«Ушбу воқеа мисрликларда ифтихор туйғусини уйғотади. Биз буюк ўтмишимиз билан боғлиқмиз. Одамлар ушбу фиръавнлар тарихий, шу билан бирга, иқтисодий нуқтаи назардан ниҳоятда муҳим эканлигини тушунишлари керак — мумиёларни кўриш учун бутун дунёдан сайёҳлар келишади», — деди мисршунос Захи Хавасс.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг