Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гўшт ва сут ишлаб чиқариш масаласи халқаро семинарда муҳокама этилди

Гўшт ва сут ишлаб чиқариш масаласи халқаро семинарда муҳокама этилди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 30 апрель куни «Халқ банки» акциядорлик тижорат банкининг мажлислар залида «Ўзбекистонда гўшт ва сут ишлаб чиқариш истиқболлари: эришилган ютуқ ва мавжуд муаммолар» мавзусида халқаро илмий-амалий ўқув семинари ўтказилди.

Республика «Насл-хизмат» уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган семинарда банк вакиллари, Германия, Ҳолландия ҳамда Украинадан келган чорвачилик соҳасидаги етакчи компанияларнинг мутахассислари, фермер ва чорвадорлар, журналистлар иштирок этди.

Айтиш керакки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра юртимизда чорвачиликни илмий асосда ташкил этиш, чорвачилик хўжаликларида наслчилик ишларини тўғри йўлга қўйиш, чорва маҳсулдорлигини ошириш, чорвачилик ривожланган давлатлардан олим ва мутахассисларни олиб келиб, ҳудудларда илмий-амалий семинарлар ташкил этиб бориш вазифаси Халқ банкига юклатилган.

— Ўзбекистон бизнинг узоқ йиллик ҳамкоримиз, — деди Германиянинг «ZVE-Zuсhtvieh Export» компанияси тижорат директори Виктор Берч. — Бу сафар ёлғиз эмас, ҳамкасбларим ва бошқа мутахассислар билан келдим. Мақсадимиз — Ўзбекистонда наслдор молларни кўпайтириш, бозорларни сифатли гўшт ва сут билан таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшиш. Чунки хориждан келтирилаётган молларни Ўзбекистон шароитида қандай парвариш қилишни билиш жуда муҳим. Бу борада тўпланган тажриба ҳамда билимларни фермер ва чорвадорлар билан ўртоқлашсак, кўзланган мақсадга эришиш мумкин  бўлади.

Семинарда Ҳолландиянинг «Trouw Nutrition» компаниясининг мутахассислари Игорь Детко ва Артур Свирид, шунингдек мустақил ветеринар Ярослав Коган маъруза қилди. Унда «Чет давлатлардан наслли молларни келтиришда тўғри танлаш ва баҳолаш», «Сутчилик фермаларида озуқа тайёрлаш, қайта ишлаш ва қорамолларни озиқлантириш  технологияси тўғрисида», «Бузоқларни тўғри сақлаш ва уларга сут ичириш ва ундан кейинги даврда тўғри озиқлантириш технологияси», «Сигирларни туғишдан кейинги даврда парваришлаш ва уларнинг репродуктив органларида учрайдиган касалликлар ва уларнинг олдини олиш чоралари» мавзуларида ўқув машғулотлари ўтказилди.

— Хориждан наслдор молларни олиб келиш мақсадида Халқ банкидан 2 миллион доллар кридет олдим, — дейди сирдарёлик фермер Нуриддин Хўжабеков. — Шу йилнинг ўзида 400 та қорамол олиб келамиз. Бу орқали 100 га яқин иш ўрни яратилади. Бугунги семинарда халқаро экспертлардан наслдор молларни қандай парвариш қилиш ҳақида қимматли маълумотлар олдим, чорвадорлар билан тажриба алмашдим.

Тадбирда Халқ банки томонидан чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш, ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

— Қишлоқ хўжалигининг муҳим бўғини саналган мазкур тармоқни ривожлантириш мақсадида юртимизга Россия, Украина, Европа давлатларидан ўтган 2 йил давомида 20254 бош зотдор қорамол ҳамда 3632 бош жун ва сут йўналишидаги эчки олиб келинди, — деди Халқ банки кредит депертаменти бошқарма бошлиғи Бекзод Сарманов. — Уларни олиб келиш учун 241,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Пировардида 4500 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Биргина ўтган йилнинг ўзида чорвачилик йўналишидаги 1600 та лойиҳага 202,5 млрд. сўм кредит ажратилди. Шундан хорижий мамлакатлардан 80,1 млрд. сўмлик 5075 бош зотдор қорамол олиб келиниб, наслчилик хўжаликларига тарқатилди.

Масалан, Халқ банки кўмагида Қизилтепа туманидаги «Янги аср» фермер хўжалигида 396 бош, Косон туманидаги «Истиқлол» ишлаб чиқариш савдо ташкилотида 311 бош зотдор қорамол парваришланмоқда. Сурхондарё вилоятида чорвачиликни ривожлантириш бўйича 37 та лойиҳага 9,9 млрд. сўм кредит ажратилиб, 200 га яқин иш ўрни яратилди. Қизириқ туманидаги «Тожинор Шўрчи» фермер хўжалигига 2000 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплексини ташкил этиш учун 11,5 млрд. сўм кредит йўналтирилди.

Халқ банки жамоаси мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантиришга кўмаклашиш билан бирга, зотдор молларни кўпайтиришга қаратилган кўплаб лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, мазкур банкнинг молиявий кўмагида «Ўзнаслчилик» корхонасига 2017 йилда Германиядан 62 бош голштин, англер, симментал ва швиц зотли буқалар олиб келиниб, корхонадаги зотдор буқалар сони 132 тага етказилди. Шунингдек, «Қайқубоднаслчорва» МЧЖ негизида ташкил қилинган Фарғона филиалига Германиядан 26 бош зотдор буқа ҳамда Украинадан сунъий уруғлантириш лабораторияси учун зарур дастгоҳлар олиб келинди. Банк бу ишларга 4,5 млрд. сўм кредит ажратди.

Бундан ташқари бу борадаги ишлар сифатини юқори босқичга кўтариш мақсадида ўтган икки йил давомида банкнинг молиявий ёрдамида хориждан зотдор буқаларнинг музлатилган уруғларини узоқ муддатга сақлашга мўлжалланган 1700 дона дьюар идишлари олиб келинди. Бу идишлар вилоятлардаги наслчилик хўжаликларига тарқатилди.

Халқаро семинарда хорижлик мутахассислар бу йўналишда эришилган ютуқларга юқори баҳо бериб, дьюар идишларидан самарали фойдаланиш, наслчиликни ривожлантириш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Йиғилишда  чорвачиликни ривожлантириш истиқболлари, сунъий уруғлантиришнинг замонавий усуллари хусусида ҳам маълумотлар берилди.

Халқаро ўқув семинарлари 1 май куни Самарқанд шаҳрида, 3 май куни Урганч туманида, 5 май куни эса Андижон туманида ҳам бўлиб ўтади. Уларда республикамизнинг барча ҳудудларидан фермер ва тадбиркорлар иштирок этиши ва малака ошириши кўзда тутилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг