Икки йил олдин омадсизликка учраган «Бухоро» яна Суперлигага қайтди (фото)

Ўтган икки йилдаги омадсизлик туфайли Суперлигани тарк этган «Бухоро» футбол жамоаси яна суперлигада ўйнайдиган бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи Ўткир Нажмиддинов.
Таъкидланишича, ўзининг ашаддий мухлислари билан танилган «Бухоро» футбол жамоаси бундан икки йил илгари футбол ўйинларида омадсизликка учраган ва кетма-кет ютқизишлар жамоанинг суперлигани тарк этишига сабаб бўлган.
«Икки йиллик танаффус туфайли «Бухоро» жамоамиз Про лигада ўйнашга мажбур бўлди. Яширишга ҳожат йўқ, про лигадаги жорий мавсум жамоа учун жуда оғир кечди. Лекин, шу ўринда айтиш жоизки, «Бухоро» мамлакатимиздаги футбол клублари орасида ўз ўрнига эга жамоалардан бири ҳисобланади. Жамоа ўзининг жонкуяр футболчилари билан танилган. Футболчиларнинг бир тану бир жон бўлиб, бири-бирларини тушунган ҳолда қилган саъй-ҳаракатлари уларни ғалабалар майдонига чорлади. Айни пайтда тунда «Бухоро» жамоасининг катта тантаналар билан «Бухоро спорт» майдонига қарши олиниши ана шу ғалабалар мевасидир»,— деди жамоа бош мураббийи Ҳаким Фузайлов.
Маълум бўлишича, 21 ноябр куни Про лига 28-тури доирасидаги 2 та баҳс Урганч марказий стадионида кечган. Сўнгги турда «Бухоро» сафарда «Хоразм» меҳмони бўлган. Ўйин натижаларига кўра, 2:2 ҳисобида дуранг қайд этилган. «Бухоро» жамоаси очколар сонини 50 тага етказиб, 2-ўрин билан Суперлигигага тўғридан-тўғри йўлланма олган.
Вилоят Спорт бошқармаси бошлиғининг сўзига кўра, 21 ноябрдан 22 ноябрга ўтар кечаси сафардан қайтган «Бухоро» жамоаси ўйинчилари «Бухоро спорт» мажмуасида тантанали қарши олинган.
«Авваламбор барча футболчиларга катта раҳмат, бутун турнир давомида ўзларини профессионал томонлама кўрсатганлари учун, майдонда борларини бериб ҳаракат қилганлари учун. Суперлига-2023 иштиркочисига айланган «Бухоро” жамоасининг ашаддий мухлисларини ҳам, клуб раҳбариятини ҳам ушбу муваффақият билан муборакбод этамиз. Ишонамизки, «Бухоро» Суперлигада ҳам мухлисларбоп ва ғалабали ўйинлари билан барчамизни хушнуд эта олади»,—деди вилоят ҳокими Ботир Зарипов ўз сўзида.
Маълумотга кўра, ушбу футбол жамоага Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи бош ҳомийлик қилиб келмоқда. Жамоада 10 га яқин хорижлик футболчилар шартнома асосида ўйнашмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter