Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инвесторлар исталган давлат тиббиёт муассасасига инвестиция киритиши мумкин

Инвесторлар исталган давлат тиббиёт муассасасига инвестиция киритиши мумкин

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тиббиёт соҳасида янги даврни бошлаб берди. Ушбу ҳужжат давлат ҳамда хусусий секторларнинг биргаликда ишлаши, инвесторларнинг юртимиз ҳудудида, давлат секторида фаол иш юритиши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Эндиликда инвесторлар ўзларига қулай бўлган муҳитда, ўзлари истаган давлат тиббиёт муассасаларига инвестиция киритиш имкониятига эга. Хусусий шерикни танлаб олиш тендер асосида ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали амалга оширилади.

— Бунинг учун инвестор Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат-хусусий шерикликни ва тиббий туризмни ривожлантириш бош бошқармаси (мурожаат учун телефон: 71-241-86-13,71/241-99-42 ) ва унинг ҳудудий бўлимларига Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини амалга ошириш бўйича ўз таклифлари билан мурожаат қилиши мумкин, — дейди бош бошқарма бошлиғи Камолхўжа Эшназаров. — Таклиф жараёнида тадбиркор қуйидаги маълумотларни, жумладан, лойиҳанинг номи, уни амалга ошириш шакли (жамоат инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, ташкил этиш, жиҳозлаш, модернизациялаш, молиялаштириш, фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ишларни амалга ошириш, хизматлар кўрсатиш ва товарлар билан таъминлаш), лойиҳанинг якуний натижалари, амалга ошириладиган манзили, лойиҳа қамраб оладиган тиббий муассасалар, шунингдек, ер участкалари, бино ва иншоотлар ёки уларнинг қисмлари, давлат тиббиёт муассасалари бинолари (хоналари) тўғрисидаги маълумотлар, лойиҳани амалга оширишнинг тахминий режа-жадвали ва муддатлари, жамоат инфратузилмасининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари, режалаштирилаётган инвестициялар ҳажми, даромад манбалари ҳамда уни амалга оширишнинг асосий хавфларини аниқ кўрсатиши керак.

Битимнинг амал қилиш муддати давлат ва хусусий шерик томонидан белгиланиб, бунда у уч йилдан кам бўлмаслиги ва 49 йилдан ошмаслиги лозим. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда хусусий шерикка ажратилган ер участкалари, сотиб олинган тиббий ва бошқа ускуналар, шунингдек, улар томонидан қурилган объектлар битимнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг давлат шеригига топширилади.

Яна бир муҳим жиҳати, ушбу ҳужжат бевосита соғлиқни сақлаш тизимидаги бўш турган участка ва бинолардан самарали фойдаланиш, тиббий хизматлар кўрсатилишини таъминлашга ёрдам беради. Масалан, лаборатория, стерилизация, тиббиётда юзага келадиган чиқиндиларни утилизация қилиш ва онкология каби йўналишларидаги хизматларни кўрсатиши мумкин бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг