Исроилнинг кейинги нишони қайси давлат бўлиши айтилди

Эронга ҳужумдан кейин халқаро жамоатчилик Исроилнинг кейинги ҳарбий нишони қайси давлат бўлишини муҳокама қилмоқда.
Америкалик собиқ дипломат Чарльз Фриманнинг фикрича, эндиликда Тель-Авив минтақадаги энг кучли давлат – Туркияни синдиришга ҳаракат қилади.
Исроил минтақада мутлақ етакчи бўлишга қаратилган стратегияни босқичма-босқич амалга оширмоқда. Фриманга кўра, яҳудий давлати сўнгги беш йил давомида Яқин Шарқдаги етти давлатни тиз чўктиришга интилди ва Эронга қарши уруш билан бу сценарий якунланди.
“Айни пайтда Исроил доираларида Эронга ҳужум шунчаки репетиция бўлгани, асл нишон эса Туркия экани ҳақидаги фикр қизғин муҳокама қилинмоқда. Улар Туркияни маҳв этиш керак деб ҳисоблашади”, – дейди америкалик собиқ элчи.
Дипломат Исроил ҳозирда дунёдаги халқаро ҳуқуқни намойишкорона бузаётган давлат бўлиб қолаётгани, минтақа давлатлари уйғонмагунча уни тўхтатиб бўлмаслигини таъкидлаган.
Исроил 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида амалга ошираётган қонли урушни Туркия раҳбарияти кескин танқид қилиб келмоқда. Эронга уюштирилган ҳужумни ҳам Туркия қаттиқ қоралади.
Ғазода тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ошиб бориши фонида Анқара ва Тель-Авив дипломатик зиддияти кучаймоқда.
Исроилнинг кейинги ҳарбий нишони Туркия бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикр фақат Чарльз Фриманга тегишли эмас.
Яқинда исроиллик журналист Эяль Беркович эфирда ЦАХАЛ Эрон ва ҲАМАСдан кейин Туркияга ҳужум қилишига шама қилди.
“Бугун шундай латифа эшитиб қолдим: чорак финалда ҲАМАС билан дуранг ўйнадик ва пенальтилар сериясига кўра улар устидан ғалаба қозондик. Ярим финалда Эронни доғда қолдирдик. Финалда эса Туркия билан ўйнаймиз”, – дея Исроил олиб бораётган ҳарбий ҳаракатларни футбол ўйинига ўхшатган журналист Э.Беркович.
“Билса ҳазил, билмаса чин” қабилида айтилган ушбу гап Туркия жамоатчилигини дарғазаб қилди.
Исроил телерадиоэшиттириш корпорацияси собиқ раиси Йони Бен-Менахем ҳам “Бизнинг кейинги душманимиз – Туркия. Туркия кучли армия ва қудратли давлатга эга. Турк халқи билан алоқаларни тиклаш осон бўлмайди ва биз қатъий ҳаракат қилишимиз керак”, – дея фикр билдирган.
Яҳудий давлати Туркияга ҳамла қилиши мумкинлиги ҳақида муҳокамаларга бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг баёноти ҳам маълум маънода оловга мой сепгандек таъсир кўрсатди.
Эронга қарши ҳужум арафасида Бинямин Нетаняҳу Аргентина президенти Хавьер Милей билан учрашиб, расмий Анқарага ўзига хос мужда йўллади.
“Империя (Усмонийлар давлати назарда тутилмоқда – таҳр.) яқин муддатда тикланишига ишонмайман, аммо бу фикримга қарши чиқадиганлар ҳам бор”, – деган Нетаняҳу.
Тагдор баёнот Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга қаратилганини сезиш қийин эмас.
Эронлик журналист Хаёл Муаззин ҳам Тель-Авив Теҳрондан кейин Анқарага ҳужум уюштириши ҳақидаги фаразни илгари сурган.
“Туркия ҳам эҳтиёт бўлмоғи лозим”, – дея огоҳлантирган у.
Дарвоқе, президент Эрдўғоннинг ўзи ҳам ўтган йил октябрь ойида Исроил Фаластин ва Ливандан кейин Туркия ерлари, Онадўлига кўз тикиши мумкинлигидан гап очганди.
“Исроил агрессияси Туркияга ҳам қаратилади. Биз ватанимиз учун, мустақиллигимиз учун келгусида ҳам барча воситаларни ишга солган ҳолда ушбу босқинчиликка қарши курашамиз. Бадали ҳар қанча оғир бўлмасин, Туркия Исроилга қарши чиқади ва дунё аҳлини ҳам ана шу шарафли мақомда бўлишга ундайди”, – деган эди Эрдўғон.
Таҳлилчиларга кўра, сўнгги вақтларда Туркиянинг Яқин Шарқдаги нуфузи ошиб бораётгани Исроилга ёқмаётир. Жорий йил апрель ойида Нетаняҳу АҚШ президенти Доналд Трампга Сурияда Туркиянинг таъсири ошиб бораётганидан шикоят қилгани ва Анқарага босим ўтказишни сўрагани маълум. Аммо ўша гал Трамп Нетаняҳунинг раъйини қайтарган.
Экспертлар фикрича, Исроил Туркияга ҳужум қилган тақдирда ҳам мудофаа ва ҳарбий жабҳада улкан қудратга эга бу давлат устидан осонликча ғалаба қозона олмайди. Қолаверса, Туркиянинг НАТО аъзоси экани ва мамлакат ҳудудида АҚШ ҳарбий базаси мавжудлиги масалани янада мураккаблаштиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter