Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Lufthansa самолёти ҳавода 10 дақиқа бошқарувчисиз қолди

Lufthansa самолёти ҳавода 10 дақиқа бошқарувчисиз қолди

Фото: Bild

Lufthansa компаниясининг Airbus A321 самолёти Франкфуртдан Севиляга парвоз пайти ўн дақиқага яқин бошқарувчисиз қолди, деб ёзди Bild.

Испания авиация ҳодисаларини текшириш комиссияси ҳисоботида айтилишича, ҳодиса 2024 йил 17 феврал куни 10 700 метр баландликда содир бўлган.

Капитан ҳожатхонага бориш учун кабинани тарк этган пайтда ёлғиз қолган иккинчи учувчи тўсатдан ҳушидан кетган. Самолёт бошқаруви автопилотга ўтган, аммо беҳуш учувчининг тана ҳолати туфайли самолёт бироз йўналишдан четга чиққан.

Капитан кабинага қайтиб киришга қийналган: эшик қулфланиб қолган, иккинчи учувчи киришни тасдиқламагани учун кириш коди ишламаган.

Саккиз дақиқадан сўнг иккинчи учувчи ўзига келиб, эшикни қўлда очган. Капитан дарҳол бошқарувни ўз қўлига олиб, Мадридда фавқулодда қўнишни амалга оширган.

Ҳисоботда айтилишича, иккинчи учувчи ҳушидан кетишига аввал ташхис қўйилмаган неврологик касаллик сабаб бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг